Болтаев Сайдулла Махсудовичнинг
фан доктори (DSс) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ғўза мажмуидаги зироатлар ҳосилдорлиги ва тупроқ унумдорлигига ноанъанавий органо-минерал компостларни қўллаш самарадорлигини ошириш», 06.01.01–Умумий деҳқончилик. Пахтачилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.2.DSc/Qx50.
Илмий маслаҳатчи: Назаров Ренат Саидович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти, DSc.27.06.2017.Qx.42.01.
Расмий оппонентлар: Ўразматов Назир, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим; Орипов Раззоқ Орипович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Тошқўзиев Маъруф Мансурович, биология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат аграр университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: ноанъанавий органо-минерал компостларни қўшимча озиқа ва мелиорант сифатида қўллаш, тупроқ унумдорлиги унинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, ғўза мажмуидаги экинлар ҳосилдорлигини ошириш, минерал ва маҳаллий ўғитлар ҳамда шўр ювишга сарфланадиган сув меъёрларини тежаш технологияларини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бортақирсимон тупроқлар шароитида «Ҳовдак» бентонит лойқаси ва турли гўнглар асосида таёрланган органо-минерал компостининг тупроқ агрофизикавий, агрокимёвий, сув-физик хусусиятларига таъсири аниқланган;
органо-минерал компостларни ғўза ва ғўза мажмуидаги экинларнинг ўсиши, ривожланиши, ҳосилдорлиги ва унинг сифат кўрсаткичларига таъсири баҳоланган;
минерал ўғитлар билан бирга турли хил гўнглар ва ноанъанавий агрорудалар асосида тайёрланган компостларни ўртача шўрланган тупроқларда мелиорант сифатида қўллаш самарадорлиги аниқланган;
компостларни зарарли тузлар миқдорининг камайишига, шўр ювиш учун сарфланадиган сувни ҳамда мавсумий минерал ва маҳаллий ўғитлар сарфини тежаш имконияти аниқланган;
қорамол ва қўй гўнгги, парранда қийи ҳамда «Ҳовдак» бентонит лойқаси аралашмаларидан турли нисбатларда компостлар тайёрлаш технологияси яратилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ноанъанавий органо-минерал компостларни қўшимча озиқа ва мелиорант сифатида қўллаш бўйича олиб борилган тадқиқотлар натижалари асосида:
фермер хўжаликларига қўлланма сифатида «Ноанъанавий агрорудаларни қишлоқ хўжалиги экинларида қўллаш бўйича фермер хўжаликларига тавсиялар» тавсияномаси ишлаб чиқилган (Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 8 январдаги 07/23-21-сон маълумотномаси). Республиканинг жанубий минтақалари пахтачилик фермер хўжаликларида юқори ва сифатли пахта ҳосили олишда қўлланма сифатида хизмат қилмоқда;
Сурхондарё вилояти шароитида «Ҳовдак» конидаги бентонит лойқаси ва турли гўнглар асосида тайёрланган ноанъанавий органо-минерал компостларни ғўза ва ғўза мажмуидаги экинларга қўшимча озиқа сифатида қўллаш технологияси Термиз, Жарқўрғон, Қизириқ туманлари пахтачилик фермер хўжаликларида жами 430 гектар майдонга жорий этилган (Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 8 январдаги 07/23-21-сон маълумотномаси). Бунда органо-минерал компостларни қўллаш натижадасида ғўза ва ғўза мажмуидаги экинлардан гектарига 4-6 центнер қўшимча пахта ҳосил олинган ва рентабеллик даражаси 25 фоизни ташкил этган;
ноанъанавий органо-минерал компостларни кузги буғдой ва дуккакли дон экинларига қўллаш агротехнологияси Термиз ва Ангор туманлари пахтачилик фермер хўжаликларида жорий этилган (Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 8 январдаги 07/23-21-сон маълумотномаси). Бунда ноанъанавий органо-минерал компостларни қўллаш натижасида кузги буғдойдан гектаридан 5 центнер, такрорий мошдан 4,5 центнер қўшимча ҳосил олинган ва рентабеллик даражаси 24-26 фоизгача ошишига эришилган;
компостларни ўртача шўрланган тупроқларда мелиорант сифатида қўллаб, тупроқни шўрсизлантириш агротехнологияси Термиз туманидаги кўп тармоқли фермер хўжаликларида жорий этилган (Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 8 январдаги 07/23-21-сон маълумотномаси). Бунда ноанъанавий органо-минерал компост мелиорант сифатида гектарига 21 тонна меъёрда қўлланилиши натижасида тупроқнинг ҳайдов қатламида зарарли тузлар миқдори 16,4 фоизгача камайишига эришилган.