Илмий тадқиқотлар натижаларини чоп этиш тавсия этилган илмий нашрлар рўйхати олий таълим ва илмий ташкилотларнинг тавсиясига кўра фан тармоқлари бўйича шакллантирилади. Рўйхат 2015-2019 йилларда ҳар йили нашр қилинган. Рўйхат тўлиқ формати ОАК веб-сайтига жойлаштирилган.
Мамлакатимизда ахборот очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда илмий кенгашларнинг академик мустақиллигини кенгайтириш мақсадида илмий жамоатчилик билан келишилган ҳолда Рўйхатни бекор қилиш бўйича таклиф ишлаб чиқилган. Шунга кўра, 2020 йилдан бери Рўйхат китобча шаклида чоп этилмаган. Барча ўзгартиришлар мунтазам равишда ОАК веб-сайтида эълон қилиб борилиши йўлга қўйилган.
Тавсия этилган илмий нашрлар рўйхати доимий равишда такомиллаштириб борилмоқда. Жумладан, 2015-2022 йилларда икки мингдан ортиқ илмий журналда мақолалар чоп этмаслик юзасидан мурожаатларга кўра таклифлар киритилган ва барча маълумотлар ОАК веб-сайтига жойлаштирилган.
“Berlin Studies Transnational Journal of Science and Humanities” журнали 2016 йилда олий таълим муассасаларининг тавсиясига асосан Рўйхатга киритилган. Илмий жамоатчилик томонидан ушбу журнал ҳақида ижтимоий тармоқларда ва Ўзбекистон телеканали “Мунозара майдони” кўрсатувида билдирилган танқидий фикрлар ва эътирозлар ҳам тартибга кўра ўрганилиб чиқилди.
“Berlin Studies Transnational Journal of Science and Humanities” журнали фаолиятини ўрганиш жараёнида унинг веб-сайтида кўрсатилган манзилига бир неча бор боғланишга уриниб кўрилди, лекин боғланишнинг иложи бўлмади.
Илмий жамоатчилик томонидан ушбу журнал ҳақида ижтимоий тармоқларда ва Ўзбекистон телеканали “Мунозара майдони” кўрсатувида билдирилган танқидий фикрлар ва эътирозларни ҳамда таҳририят билан муаллифлар ўртасида боғланишнинг имкони йўқлиги сабаб мақолалар чоп этиш ва саволларга жавоб олишда муаммолар келиб чиқаётганлигини инобатга олиб “Berlin Studies Transnational Journal of Science and Humanities” журнали 2022 йилнинг декабрь ойидан бошлаб ОАК Раёсатининг қарори билан рўйхатдан чиқарилди.
Ушбу журналда илмий натижаларни чоп этмаслик тавсия этилади.
ОАК Ахборот хизмати