Кахаров Шукрулло Саъдулло ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Юзни таниб олиш кўп поғонали тизими алгоритмлари», 05.01.03 – Информатиканинг назарий асослари (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2022.4.PhD/Т2075.
Илмий раҳбарнинг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони: Фозилов Шавкат Хайруллаевич, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти, DSc.13/30.12.2021.T.142.01.
Расмий оппонентлар: Бобомурадов Озод Жўраевич, техника фанлари доктори, катта илмий ходим; Бекмуратов Қосим Аллабердиевич, техника фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот номи: Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади юзни таниб олиш кўп поғонали биометрик тизими алгоритмлари ва дастурий мажмуасини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
юз тасвирида юз компоненталари жойлашган соҳаларни юқори аниқликда ва тезкор ажратишни таъминловчи такомиллаштирилган Виола-Джонс алгоритми ишлаб чиқилган;
юзни таниб олиш аниқлигини оширишни таъминловчи юз компонентларининг белгилар тўпламини шакллантирувчи такомиллаштирилган локал бинар шаблонлар алгоритми ишлаб чиқилган;
юз компоненталари белгилари орасидаги ўзаро боғлиқликни баҳолашга асосланган локал классификаторлар модели ишлаб чиқилган;
локал классификаторлар қарорларини бирлаштириш асосида якуний қарорни шакллантирувчи нейротармоқли интегратор ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши: Шахсни унинг юзи тасвири бўйича идентификациялаш масаласини ечиш билан боғлиқ бўлган илмий натижалар асосида:
юз компоненталари тасвирлари белгиларини ажратиш ва уларни таниб олиш алгоритмлари асосида яратилган дастурий мажмуа Сув хўжалиги вазирлиги Сирдарё-Сўх ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Тошлоқ тумани ирригация бўлимида жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг 2022 йил 30 сентябрдаги OF07810727-сонли маълумотномаси). Илмий-тадқиқот натижасида ходимларнинг юз тасвирлари бўйича маълумотлар базаси шакллантирилиб, дастурий мажмуани тестлаш жараёнида ташкилотнинг кириш-чиқиш назорат пунктини ўтказиш қобилиятини 10% га ошириш ҳамда аниқлиги 95% дан кам бўлмаган юз тасвири бўйича шахсларни идентификациялаш вақтини ўртача 15% га қисқартириш имконини берган;
юз компоненталари тасвирлари белгиларини ажратиш ва уларни таниб олиш алгоритмлари асосида яратилган дастурий мажмуа Сув хўжалиги вазирлиги Ахборот-таҳлил ва ресурс марказида жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг 2022 йил 30 сентябрдаги OF07810727-сонли маълумотномаси). Илмий-тадқиқот натижасида ахборот тизимлари ва махсус хоналардан фойдаланувчи ходимлар юз тасвири бўйича рўйхатдан ўтказилиб, дастурий мажмуани тестлаш жараёнида марказ ходимларига ахборот тизимлари ҳамда махсус хоналардан фойдаланишга рухсат бериш учун ходимлар шахсини идентификация қилиш вақтини ўртача 15% га қисқартириш имконини берган.