Sayt test rejimida ishlamoqda

Турдиев Жаҳонгир Зафариддин ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон


I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Туркий тилдаги меърожномаларнинг қиёсий-матний тадқиқи”, 10.00.10 – Матншунослик ва адабий манбашунослик (филология фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.2.PhD/Fil1317.
Илмий раҳбар: Сирожиддинов Шуҳрат Самариддинович, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, DSc.03/30.12.2019.Fil.19.01. 
Расмий оппонентлар: Қобилов Усмон Уралович, филология фанлари доктори, доцент; Содиқов Қосимжон Позилович, филология фанлари доктори, профессор. 
Етакчи ташкилот: ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади туркий тилда битилган меърожномаларнинг қўлёзма ва тошбосма нусхалари матнини қиёсий тадқиқи, шунингдек, мазкур асарларнинг адабий манбалар сифатида мумтоз адабиётимиз тарихида тутган ўрнини очиб беришдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ўзбек матншунослигида насрий ҳамда назмий меърожномалар илк бор қиёсий-матний текширилиб, “Меърожнома” асари қўлёзмаларнинг юртимиз ва хориж  кутубхоналаридаги 24 та нусхаси аниқланган ва улардан Париж, Лондон, Истанбул, Будапешт, Тошкент нусхалари асосида  жами 7 та манба тўлиқ тавсифланиб,  бирламчи манбалар асосида илк бор илмий истифодага олиб кирилган; 
Франция миллий кутубхонаси қўлёзмалар фондидаги ноёб қўлёзма “Меърожнома” асарининг эски уйғур ёзувидаги ягона нусха эканлиги аниқланган ҳамда  мазкур қўлёзма матни билан асарнинг араб хатидаги нусхалари матнининг қиёси  натижасида Сулаймония кутубхонасидаги 2848-рақамли насталиқ хатида битилган “Меърожнома” асари бевосита эски уйғур ёзувли “Меърожнома”дан кўчирилгани илмий асосланган; 
Сулаймон Бақирғанийнинг меърожга оид шеърларида бадиий тафаккур олами, Ислом маърифатини улашишдаги хизматлари, тасаввуфий қарашлари аниқланган ва муаллифнинг “Бақирған китоби” таркибдаги “Меърожнома-и он ҳазрат” асари қўлёзма нусхалари қиёси натижасида шеър матнининг лисоний ўзгаришга учрагани далилланган;
Алишер Навоий асарлари куллиётининг Истанбулдаги Реван кутубхонасида 808 рақами остида сақланаётган қўлёзмаси, Париж миллий кутубхонасида сақланаётган Suppl. Turc. 316/1513 I кўрсаткичли қўлёзмаси ҳамда Сулаймония кутубхонасининг Фотих бўлимида сақланаётган 4056-кўрсаткичли қўлёзмаларидан ўрин олган “Хамса” достонлари ва “Лисону-т-тайр” достони таркибидаги меърожга оид қисмлар текширилиб, улар ўртасида матний фарқлар мавжудлиги, мазкур тафовутларнинг юзага келиши хаттотлар фаолияти билан боғлиқлиги илмий асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Туркий тилдаги  меърожномаларнинг манбалари, қўлёзма нусхалари, улардаги меърож ҳодисасининг ифода этилиши ва матний хусусиятларни  тадқиқ этиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
туркий тилдаги  меърожномаларнинг қиёсий-матний тадқиқига оид илмий-назарий хулосалардан Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2017-2020 йилларда бажарилган OT-Ф1-030 “Ўзбек адабиёти тарихи” кўп жилдлик монографияни (7-жилд) чоп этиш” фундаментал лойиҳанинг назарий қисмида фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети 2022 йил 28 майдаги 1-1038-сон маълумотномаси). Натижада монография илмий аниқликни белгилашга хизмат қилувчи янги далилий маълумотлар билан бойиди, мумтоз асарлар дебочаси, ҳамддан сўнг келувчи наът, Меърож таърифи каби асар бутунлигини таъминлаган қисмларнинг тўғри талқин қилинишига эришилиб, изоҳ ва шарҳлар билан таъминланишига асос бўлган;
туркий меърожномаларнинг манбалари, қўлёзма нусхаларини тадқиқ этиш давомида тўпланган материаллар таҳлили, Алишер Навоий ижодидаги ҳамд, наът, меърожга оид қисмлар билан қиёсий ўрганиш ва ўзига хослигини белгилаш, талқинларни қайта тўлдиришга доир  илмий хулосалардан Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2018-2020 йилларда бажарилган ПЗ-20170926459 “Навоийшунослик тарихи” (XX-XXI асрлар) мавзуидаги амалий лойиҳада фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети 2022 йил 28  майдаги 01-1037-сон маълумотномаси). Натижади антология кейинги йилларда аниқланган янги манбалар, билан бойиган, шунингдек, Европа мамлакатларининг қўлёзма фондларида сақланаётган нодир қўлёзмалар, уларнинг нашр этилиши билан боғлиқ маълумотлар билан Алишер Навоий асарлари библиографияси бойитилган. 

Yangiliklarga obuna bo‘lish