Sayt test rejimida ishlamoqda

Эминов Азизжон Ашраповичнинг 
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Кварцитларни фазавий ўтишлари ва уларнинг ишлаб чиқилган таркиблардаги динасли оловбардош материалларнинг структура ҳосил бўлишига ва технологик хоссаларига таъсири», 02.00.13 – Ноорганик моддалар ва улар асосидаги материаллар технологияси», 02.00.15 – Силикат ва қийин эрийдиган нометалл материаллар технологияси  (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2022.3.DSc/Т554.
Илмий маслаҳатчи: Намазов Шафаат Саттарович, техника фанлари доктори, профессор, академик.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Умумий ва ноорганик кимё институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Умумий ва ноорганик кимё институти ҳузуридаги DSc.02/30.12.2019.K/T.35.01 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Юнусов Миржалил Юсупович, техника фанлари доктори, профессор; Реймов Ахмед Мамбеткаримович, техника фанлари доктори, профессор; Искандеров Ахмед Макседбаевич, техника фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: кварцитларни фазавий ўтишларини ва уларнинг ишлаб чиқилган таркиблардаги динасли оловбардош материалларнинг структура ҳосил бўлишига ва технологик хоссаларига таъсирини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
динасли оловбардош қолипланмаган тиқма масса ва маҳсулот –ғиштларни импорт ўрнини босувчи таркибларини ишлаб чиқиш учун  Қўйтош ва Жардоноқ конлари кварцитларидан гилсимон, ҳамда минерализатор ва боғловчилар билан биргаликда фойдаланиш имкониятлари асосланган;  
ишлаб чиқилган тажриба массасини пишиши вақтида табиий кварцни янги кристалл фаза – тридимит ва кристобалит ҳосил қилиб қайта туғилишидаги юқори ҳароратли физик-кимёвий жараён ва фазавий ўтиш қонуниятлари исботланган;
динасли оловбардош масса физик-кимёвий, термомеханик ва технологик хоссаларига таъсир қилувчи асосий омилларнинг максимал миқдорлари - каолин ва кварцни кварц қуми билан алмаштириш 25 масс.% ни ташкил этганлиги аниқланган; 
кварцкаолинли композициянинг фазавий ўзаро нисбат диаграммаси қурилди ва динасли оловбардош қолипланмаган масса ва пишган маҳсулотлар олиш учун мақбул таркиблар соҳаси аниқланган;
оловбардош омухта бошланғич компонентларининг кимё-минералогик ва фракция таркиблари ва минераллаштирувчи қўшимчаларнинг, пишишнинг юқори ҳароратли физик-кимёвий жараёнида, тридимит ва кристобалит кристалл фаза структураларининг ҳосил бўлишига таъсири  аниқланган;
ишлаб чиқилган динасли оловбардош масса намуналарининг таркиб, структура, фракция ва хоссалари орасидаги функционал боғлиқликлар аниқланган; 
динасли оловбардош материаллар олиш учун ишлаб чиқилган тажриба массаларини пишишидаги физик-кимёвий жараёнлари ва юқори ҳароратли фазавий ўтишлари аниқланган;
динасли қолипланмаган тиқма масса намунасини олишнинг мақбул шароитлари, технологик режимлари ва хомашё омухтасига юкори ҳароратли термик ишлов беришлар ойдинлаштирилган ва паст ҳароратда пишадиган динасли куйдирилган ғиштнинг таркиблари ва технологик параметрлари ишлаб чиқилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Кварцит хомашёси асосида динасли оловбардош қолипланмаган масса ва пишган ғиштлар таркибларини ва ишлаб чиқариш технологияларини яратиш бўйича олинган натижалар асосида:
оловбардош маҳсулотлар олиш учун шихта таркибига Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги томонидан патент олинган (№IAP 04972). Натижада, ишлаб чиқилган таркиблар асосида оловбардош материаллар олиш имконини берган;
Қўйтош кварцити, Жерой кварц қуми ва Ангрен каолини асосида яратилган динасли оловбардош тиқма масса таркиби ва олиш технологияси «Бекабад-огнеупор» ҚКнинг «2023-2024 йилларда амалиётга жорий этиш бўйича истиқболли ишланмалар рўйхати»га киритилган («Бекабад-огнеупор» ҚКнинг 2022 йил 29 августдаги 107/1-сон маълумотномаси). Натижада, четдан келтирилганга нисбатан икки марта арзон динасли қолипланмаган масса олиш мумкинлиги кўрсатилган ва амалдаги стандарт талабларга жавоб берувчи, импорт ўрнини босувчи маҳсулот олиш имконини берган;
Жардоноқ кварцити асосида, мос келган қўшимчалар билан бирга динасли оловбардош пишган ғиштнинг таркиби ва олиш технологияси «Ўзметкомбинат» АЖнинг «2023-2024 йилларда амалиётга жорий этиш бўйича истиқболли ишланмалар рўйхати»га киритилган («Ўзметкомбинат» АЖнинг 2022 йил 28 сентябрдаги 01-1/2246-сон маълумотномаси). Натижада, четдан келтирилганга нисбатан арзон динасли пишган ғишт олиш мумкинлиги кўрсатилган ва амалдаги стандарт талабларга жавоб берувчи, импорт ўрнини босувчи маҳсулот олиш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish