Sayt test rejimida ishlamoqda

Эшпўлотов Бобир Худойбердиевичнинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон


I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): « Кўп қатламли қудуқ қопламасида сўнувчи тўлқинларнинг тарқалиш хусусиятлари”, 01.02.04–Деформацияланувчан қаттиқ жисм механикаси  (физика-математика фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2022.2.PhD/FM716
Илмий раҳбарнинг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони:  Сафаров Исмоил Иброҳимович,  физика-математика фанлари доктори, профессор. 
Диссертация бажарилган муассаса номи: Навоий давлат педагогика институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Бухоро муҳандислик-технология институти, PhD.03/27.02.2021.FM.101.02
Расмий оппонентларнинг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони:
Мирзаев Ибрахим,  физика-математика  фанлари доктори, профессор; Мавлонов Тўлқин Мавлонович, техника  фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот номи: Наманган муҳандислик-қурилиш институти
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: кўп қатламли қовушқоқ-эластик қудуқ қопламаларида сўнувчи тўлқинларни тарқалиш хусусиятларини муҳит билан контактда бўлган ҳолда ўрганиш ва қудуққа ташқи динамик юкланиш таъсирида ҳосил бўладиган кучланганлик-деформацияланганлик ҳолатини баҳолашга қаратилган ҳисоблаш усулини ва дастурини ишлаб чиқиш, аналитик ва сонли ҳисоблаш усулларини такомиллаштиришдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
кўндаланг кесими доирасимон, қовушқоқ-эластик муҳит билан ўзаро контактда бўлган суюқликли цилиндрик қудуқ қопламасида сўнувчи тўлқинлар тарқалиши назарияси ривожлантирилган, динамик юкланиш таъсирида ҳосил бўладиган кучланганлик-деформацияланганлик ҳолати масалаларини ечиш методикаси ва алгоритми ишлаб чиқилган; 
дисперсион муносабатлардан фойдаланиб частотанинг юқори модаларида узилиш (отсечка) ҳодисаси рўй бериши билан характерланиши, кичик қийматларида эса тўлқин мавжуд бўлмаслиги сонли натижалардан аниқланган; 
қудуқда тўлқин ютилиши жараёни юз бериши ҳамда фаза тезлиги ёки частотанинг комплекс катталик бўлиши таҳлилидан дисперсион тенглама илдизларининг ҳақиқий ва мавҳум қисмларининг жойлашуви тўлқин сонига боғлиқ бўлиши аниқланган;
сонли ҳисоблашлар натижасида қудуқ қопламалари ва муҳитнинг қовушқоқлик хусусиятини ҳисобга олиш қувур тўлқини энергиясининг диссипациясига 15-20% гача, сув тўлқини диссипациясига эса 15% гача таъсир этиши топилган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши: Тадқиқотдаги қовушқоқ-эластик кўп қатламли қудуқ қопламаларида ва уни ўраб турувчи муҳитда тўлқин тарқалиши назариясини ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган ҳисоблаш усуллари ва алгоритм бўйича олинган натижалар асосида:
цилиндрик қобиқсимон, босим остида ишловчи қувурлар билан муҳитнинг ўзаро таъсирини ҳисобга олиш масалаларини ечишда Бухоро муҳандислик-технология институти илмий тадқиқот режасига кўра 2012-2016-йилларда бажарилган Ф-4-04 рақамли “Суюқлик оқувчи ерости эгри чизиқли қувурнинг динамик кучлар таъсиридаги кучланганлик-деформацияланганлик ҳолатини тадқиқ қилиш назариясини ривожлантириш ва ҳисоблаш усулларини ишлаб чиқиш” фундаментал лойиҳасида фойдаланилган (2022 йил 5- июлдаги 02/02-89-680 - сонли маълумотнома). Натижада, диссертация ишида олинган илмий натижаларнинг қўлланилиши орқали суюқлик оқувчи эластик ҳамда қовушқоқ-эластик қувурлар тебранишининг резонанс амплитуда соҳаларини баҳолаш имконини берган;
чизиқли дифференциал тенгламалар системасининг хос сон ва хос векторларини топиш алгоритмидан Тошкент кимё-технология институти Давлат илмий техника дастури доирасида 2016-2020 йилларда бажарилган ОТ-Ф4-01 “Қовушқоқ суюқлик оқувчи кўп қатламли композит қувурлар эгри чизиқли бўлакларининг ҳарорат ва динамик юкланишлар таъсирида чизиқли бўлмаган динамик кучланиш-деформация ҳолатини ўрганиш усулларини ишлаб чиқиш ва назариясини ривожлантириш” мавзусидаги фундаментал лойиҳада (2022 йил 10-майдаги маълумотнома) фойдаланилган. Натижада қовушқоқ суюқлик оқувчи кўп қатламли композит қувурларнинг чизиқли бўлмаган динамик кучланиш ва деформацияларини ҳисоблаш аниқлиги                 12% гача ошишига эришилган. 

Yangiliklarga obuna bo‘lish