Sayt test rejimida ishlamoqda

Таджибаев Мусажан Сабировичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтиссослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): “Герменевтика ва бадиий нутқ”, 10.00.07 – Адабиёт назарияси (филология фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.1.DSc/Fil297. 
Илмий тадқиқот иши бажарилган муассаса номи: Чирчиқ давлат педагогика университети. 
Илмий раҳбар: Раҳмонов Насимхон Асқарович, филология фанлари доктори, профессор.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, DSc.02/30.12.2019.Fil.46.01. 
Расмий оппонентлар: Амонова Зилола Қодировна, филология фанлари доктори; Қуронов Дилмурод, филология фанлари доктори, профессор; Тўхлиев Боқижон, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Бухоро давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади жаҳон адабиётшунослиги анъаналари асосида ўзбек адабиётшунослигида адабий герменевтиканинг назарий асосларини такомиллаштириш, Европа ва ўзбек мумтоз адабиётининг сара намуналари мисолида бадиий асар герменевтик таҳлилининг янги тамойилларини ишлаб чиқиш, бадиий матн орқали инсоннинг ички дунёсини тушунишнинг поэтик таҳлил жараёнида назарда тутилиши лозим бўлган янги бадиий нутқ мезонларини аниқлаштиришдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
бадиий асар герменевтик таҳлилининг бадиий сўз ва унинг санъат яратиш борасидаги янги критериялари, бадиий асар матнини  ўрганишнинг грамматик ва психологик талқин мезонлари ишлаб чиқилган;
мумтоз адабиёт намуналари лингвопоэтик таҳлилининг гербаризм методи бадиий асар герменевтик қирраларини грамматик талқин қилиш орқали амалга ошириши асосланиб, унинг силлогизм, трансформация ва иллюзия тамойиллари ишлаб чиқилган;
бадиий асар поэтикасини тушунишнинг грамматик ва психологик талқин йўналишида иллюзия, трансформация, кўланка назарияси каби усуллари поэтик таҳлил жараёнида қўлланишининг назарий асослари яратилган;
бадиий асар таҳлили жараёнида ижодий ёлқин имкониятларидан фойдаланишнинг психологик-тасаввурий, унинг босқичли шаклланишига оид назарий ва амалий  мезонлари ишлаб чиқилган;
бадиий матн архитектоникаси поэтик қирраларининг бадиий фантазия доирасида асар муаллифи ва ўқувчи конгениаллиги муносабати аниқлаштирилган;
бадиий нутқни ўрганишнинг янги назарий тамойиллари ўзбек мумтоз адабиёти намуналарида бадиий тилнинг ижтимоий онг тараққиётидаги аҳамиятини белгилаш асосида ишлаб чиқилган.
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.  Адабиёт назарияси   машғулотлари  жараёнида бадиий асарни ўрганишнинг герменевтик усул ва методлари борасида назарий ва амалий машғулотлар олиб борилди. Ўзбек адабиётида поэтик тафаккурнинг тараққиёт омиллари ва тамойилларини аниқлаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
жаҳон адабиётида поэтик тафаккур эврилишларининг роли, аҳамияти, уни эҳтиёжга айлантирган ички ва ташқи, ижтимоий-психологик, тарихий-маданий омиллар, бадиий қонуниятлар, етакчи тамойилларига оид илмий-назарий қарашлар, герменевтик таҳлилнинг ўзбек мумтоз адабиёти намуналари мисолида силлогизм, трансформация, иллюзия каби янги критериялари, мумтоз адабиёт намуналарининг лингвопоэтик таҳлилида гербаризм методини асослаш ва унинг тамойиллари, герменевтик таҳлил воситасида бадиий асар поэтикасини тушуниб етишнинг янги назария ва усуллари бўйича илмий хулосалардан ЎзР Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий тадқиқот институтида бажарилган Ф1-ФА-0-43429, ФА-Ф1, Г002 “Қорақалпоқ фольклори ва адабиёти жанрларининг назарий масалаларини тадқиқ этиш” (2012-2016 йй.) фундаментал тадқиқот лойиҳасини бажаришда фойдаланилган (Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг 2022 йил 17 январдаги 17.01/113-сон маълумотномаси). Натижада, бадиий адабиёт ва унда поэтик тафаккурнинг инсон ва ижодкор сиймосидаги инъикоси, тамойиллари ва омилларини белгилаш, ўзбек мумтоз адабиёти, жаҳон адабиётининг илғор намуналарида психологизм, гербаризм методларини далиллашга эришилган;
бадиий асар таҳлили жараёнида ижодий ёлқин имкониятларидан фойдаланиш критерияларини белгилаш, ўзбек мумтоз адабиёти намуналари асосида бадиий матн архитектоникаси поэтик қирраларининг бадиий фантазияга муносабатини аниқлаш бўйича таклиф ва мулоҳазалардан ЎзР Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий тадқиқот институтида бажарилган ФА-Ф1-005 “Қорақалпоқ фольклоршунослиги ва адабиётшунослиги тарихини тадқиқ этиш” (2012-2016 йй.) фундаментал илмий лойиҳасида фойдаланилган (Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг 2022 йил 17 январдаги 17.01/113-сон маълумотномаси). Натижада, қорақалпоқ фольклори намуналарини герменевтик таҳлил қилиш орқали уларнинг бадиий имкониятларидан фойдаланиш критериялари ва фольклор намуналари асосида бадиий матн архитектоникаси поэтик қирраларининг бадиий фантазияга муносабатини аниқлашга хизмат қилган; 
герменевтик методни қўллаш ўзбек мумтоз адабиётини ўрганишнинг усул ва методларини бойитиши, герменевтик тадқиқотлар доирасида шарқ мумтоз адабиётининг шакл ва мазмун имкониятларини ўрганиш доирасида юксак маҳорат, ғоявийлик ва лирикада ўзига хосликни очишга хизмат қилиши борасидаги назарий ва амалий натижаларидан академик А. Куатбеков номидаги Чимкент давлат халқлар дўстлиги университети таълим жараёнида фойдаланилган (Қозоғистон Республикаси академик А. Куатбеков номидаги Чимкент давлат халқлар дўстлиги университетининг 2022 йил 30 ноябрдаги 110-сон далолатномаси). Натижада тасаввуфий ғояларни акс эттириш борасидаги илмий хулосалар таълим жараёнида «Литература родственных народов», «История узбекской литературы», «Теория литературы», «Классическая поэтика Востока» фанларини ўқитишда, ўқув материалларини ишлаб чиқишга хизмат қилган;
бадиий тафаккур эврилишларининг оригинал йўналишларда кузатиш усул ва методлари Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “O‘zbekiston” телерадиоканали ДМ “Маънавий-маърифий  ва бадиий эшиттиришлар” муҳарририяти томонидан 2022 йил май ва июль ойларида тайёрланган “Бедорлик”, “Таълим ва тараққиёт”, “Адабий жараён”, “Жаҳон адабиёти” номли эшиттиришлар сценарийларини тайёрлашда  фойдаланилган (“Ўзбекистон” телерадиоканали ДУКнинг 2022 йил 1 августдаги 04-36-1214-сон маълумотномаси). Натижада ёш тадқиқотчилар ва ўқитувчиларнинг герменевтик таҳлил асослари, герменевтик тафаккур ва унинг методларга нисбатан муносабати бўйича назарий билим ва малакаларини бойитишга асос бўлган.       

Yangiliklarga obuna bo‘lish