Sayt test rejimida ishlamoqda

Рахмонов Зафар Мамадиевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўт пуфаги мавжуд бўлган ва мавжуд бўлмаган сут эмизувчиларда фатер сўрғичи ва жигарнинг қиёсий морфологияси»; 14.00.02 – Морфология (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.3.PhD/Tib1397.
Илмий раҳбар: Орипов Фирдавс Суръатович, тиббиёт фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат тиббиёт университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент тиббиёт академияси DSc.04/30.12.2019.Tib.30.03.
Расмий оппонентлар: Миршарапов Уткир, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Ахмедов Шавкат Махмудович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Абу Али ибн Сино номидаги давлат тиббиёт университети (Тожикистон Республикаси).
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: ўт йўллари тизими тузилишининг мумкин бўлган вариантларини ва унинг мослашиш имкониятларини аниқлаш учун ўт пуфаги мавжуд ва мавжуд бўлмаган сут эмизувчилар жигари ва Фатер сўрғичининг морфофункционал хусусиятларини қиёсий-турга хос нуқтаи назаридан ўрганишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ўт пуфаги мавжуд бўлган ҳайвонларда жигарнинг нисбий оғирлиги ўт пуфаги мавжуд бўлмаган ҳайвонларникига қараганда камроқ эканлиги, улар жигарининг таркибий тузилиши жигар ичи ва бўлакчалараро ўт йўлларининг кенглиги билан тавсифланиши аниқланган, бу эса уларнинг ўт суюқлигининг резервуар-кумулятив функциясини таъкидлайди;
ўт пуфаги мавжуд бўлган ҳайвонларда ўт йўли ўн икки бармоқли ичак деворига ўткир бурчак остида кириши ва ўт йўлининг интрамурал қисми узунлиги натижасида ўн икки бармоқли ичак шиллиқ қаватида бўйлама бурма ҳосил булиши, Фатер сўрғичи ва ампуласининг яхши ривожланганлиги, ўт пуфаги мавжуд бўлмаган сут эмизувчиларда эса умумий ўт йўли ичак деворини деярли вертикал йўналишда кесиб ўтиши ва интрамурал қисмининг калталиги натижасида бу бурма заиф ривожланганлиги, Фатер сўрғичи оғзи най шаклида бўлиб, Фатер сўрғичининг ампуласи йўқлиги исботланган;
биринчи марта Фатер сўрғичи ампуласининг шиллиқ қавати проксимал-дистал йўналишга эга ҳар хил ўлчамдаги ва шаклдаги бурмаларни ҳосил қилиши, дистал бурмаларнинг эркин учлари қалинлашиб ичакка очилиш соҳасида зичлашганлиги, натижада улар ичак таркибидаги моддаларнинг умумий ўт йўли ва ошқозон ости бези йўлларига ретроград ҳаракатланишига тўсқинлик қиладиган махсус тузилмани ҳосил қилиши аниқланган;
Фатер сўрғичининг ампуласида бурмаларнинг улар орасидаги бўшлиқларга нисбати проксимал-дистал йўналишда ортиб бориши ҳамда бу  уларнинг шу йўналишда зичлашиши натижасида ампула оғзининг ёпилишидаги ролининг ошишидаги иштироки аниқланган; 
Фатер сўрғичи ампуласи ва ўн икки бармоқли ичак мушак қаватларининг ягона комплекс ҳосил қилиши Фатер сўрғичини овқат ҳазм қилиш жараёнидаги функционал фаолияти (“рақси”) нинг морфологик асосини ташкил қилиши исботланган.
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ўт пуфаги мавжуд бўлган ва мавжуд бўлмаган ҳайвонларда Фатер сўрғичи ва унинг ампуласининг морфологиясини ўрганиш методологиясининг хусусиятлари бўйича олинган илмий натижалар асосида:
морфологик тадқиқотларда гистотопографик усулларни ўрганиш бўйича тадқиқотнинг илмий натижалари асосида ишлаб чиқилган «Морфологик тадқиқотларда гистотопографик усуллар» номли услубий тавсиянома тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2022 йил 18 августдаги 8н-з/424-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома ўт-тош касаллиги ва ўт йўллари касалликларида ўтказиладиган ЭФГДС текшириш усуллари пайтида Фатер сўрғичида юзага келиши мумкин бўлган салбий ўзгариш ва асоратларни сабабини аниқлаш ҳамда ривожланиш частотасини камайтириш имконини берган; 
жигар ва Фатер сўрғичининг қиёсий морфологияси ҳамда унинг ампулалари бўйича олинган  илмий натижалар соғлиқни сақлаш амалиётига, жумладан, Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси ва Самарқанд давлат тиббиёт университети 1-сон клиникаси фаолиятига тадбиқ этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2022 йил 24 октябрдаги 08-32959-сон маълумотномаси). Олинган илмий натижаларнинг амалиётга тадбиқ этилиши ўт-тош касалликларида ўт йўлларида ўтказиладиган диагностик ва даволаш муолажаларидан сўнг ўт ажратиш тизимида  кузатиладиган салбий ўзгариш ва асоратларни олдини олиш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish