Sayt test rejimida ishlamoqda

Бердиқулов Миролим Тугалвойвичнинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Тўда-1 неолит макони (техник-типологик тадқиқот)”, 07.00.06–Археология (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2022.1.PhD/Tar1064.
Илмий раҳбар: Сайфуллаев Бахтиёр Қурбонович, тарих фанлари номзоди, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ш.Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Миллий археология маркази, DSс.02/02.30.12.2019.Tar.45.01.
Расмий оппонентлар: Сулаймонов Рустам Хамидович, тарих фанлари доктори, профессор; Мирсоатова Сайёра Турғуновна, тарих фанлари номзоди.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон миллий университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Тўда-1 ғор маконининг археологик материалларини илмий муомалага киритиш, ёдгорликнинг маданий-даврий хусусиятларини ва бу ерда яшаган ибтидоий жамоаларнинг ижтимоий-иқтисодий ва кундалик турмуш тарзини ҳамда Ўрта Осиё неолити маданиятлари тизимида тутган ўрнини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Жанубий Ўзбекистон ҳудуди илк голоцен даврида  Тўда-1 ғори мисолида функционал жиҳатдан Ўрта Осиёда сопол ишлаб чиқаришгача бўлган илк неолит даврининг мавсумий қўналгоҳи бўлганлиги аниқланган;
Тўда-1 макони тош мажмуалари асосида қадимги аҳоли сифатли тош хом ашёсининг танқис шароитларида яшаганликлари, уни иқтисод қилганликлари ва бу ҳолат тош индустриясининг тараққиётига сезиларли таъсир этганлиги исботланган;
Тўда-1 ғорининг радиокарбон таҳлиллари натижасида  қадимдаёқ унгурнинг том қисмида ҳосил бўлган туйнукдан оқиб тушган ёғингарчилик сувлари сабаб маданий қатламнинг аралашиб кетганлиги аниқланган;
Тўда-1 ғори тош индустриясининг ўзига хос хусусиятлари сифатида   кенг зарб майдондан тановорларнинг энсиз томонларидан калта пропорцияли учириндилар чақмоқлаб олиш анъанаси мавжуд бўлганлиги далилланган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Тўда-1 макони тош индустриясини техник-типологик ўрганиш жараёнида қўлга киритилган илмий натижалар асосида:
Жанубий Ўзбекистон ҳудуди илк голоцен даврида  Тўда-1 ғори мисолида функционал жиҳатдан Ўрта Осиёда сопол ишлаб чиқаришгача бўлган илк неолит даврининг мавсумий қўналгоҳи бўлганлиги, шунингдек Тўда-1 макони тош мажмуалари асосида қадимги аҳоли сифатли тош хом ашёсининг танқис шароитларида яшаганликлари, уни иқтисод қилганликлари ва бу ҳолат тош индустриясининг тараққиётига сезиларли таъсир этганлиги тўғрисидаги хулосалардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизимидаги “Ўзбекистон  тарихи” телеканалида “Тақдимот” кўрсатувини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг 2022 йил 25 апрелдаги 02-31-769-сон маълумотномаси). Кўрсатувлар телетомашабинларга тош даврида яшаган ибтидоий одамларнинг тарихи, моддий ва маданий ҳаётини ўрганишларида муҳим манба бўлиб хизмат қилган; 
Тўда-1 ғорининг радиокарбон таҳлиллари натижасида  қадимдаёқ унгурнинг том қисмида ҳосил бўлган туйнукдан оқиб тушган ёғингарчилик сувлари сабаб маданий қатламнинг аралашиб кетганлиги, шунингдек Тўда-1 ғори тош индустриясининг ўзига хос хусусиятлари сифатида кенг зарб майдондан тановорларнинг энсиз томонларидан калта пропорцияли учириндилар чақмоқлаб олиш анъанаси мавжуд бўлган материаллардан Сурхондарё вилояти Археология музейида воҳанинг энг қадимги тарихи бўйича кўргазмалар ташкил қилишда кенг фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлигининг 2022 йил 31 мартдаги 01-12/809-сон маълумотномаси). Натижада, санаб ўтилган ашёлар музей экспонатлари қаторидан ўрин олиб, ташриф буюрувчиларга Жанубий Ўзбекистон ҳудудида яшаган янги тош даври аҳолисининг ҳаёт тарзи, тошга ишлов бериш технологиялари, хўжалиги ва маданий ҳаёти тўғрисида тўлиқ тасаввурлар берувчи манба бўлиб хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish