Sayt test rejimida ishlamoqda

Машрабов Мансур Ибрагимовичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Магний карбонатли шўрланган тупроқларда фосфор сақловчи ўғитларнинг ғўза озиқланишига таъсирини илмий асослаш», 06.01.04–Агрокимё (қишлоқ хўжалиги фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.3.PhD/Qx200.

Илмий раҳбар: Хошимов Фарход Ҳакимович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд қишлоқ хўжалик институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институти, DSc.27.06.2017.Qx/B.43.01.

Расмий оппонентлар: Ниязалиев Бегали Ирисалиевич, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим; Каримбердиева Амина Азимовна, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, катта илмий ходим.

Етакчи ташкилот: Тошкент давлат аграр университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: Қизилқум фосфоритлари асосида олинган ўғитларнинг магний карбонатли шўрланган ўтлоқ тупроқлар озиқ режими, тупроқ фосфатлари таркибига таъсири, юқори ва сифатли пахта ҳосили олишни таъминлайдиган самарали меъёрини аниқлашдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

илк бор Қизилқум фосфоритлари асосида олинган АФУ ва НКФУ ўғитларининг Зарафшон водийси магний карбонатли ўтлоқ тупроқлари озиқ режимига таъсири аниқланган;

ўтлоқ тупроқларни агрокимёвий хоссалари, озиқ моддалари динамикаси, фосфорнинг баланси, ғўзанинг фосфорни ўзлаштириш коэффициентига ўғитлар меъёрларининг таъсири аниқланган;

қўлланилган ўғитларни тупроқ фосфатлари фракцион таркиби, турли гуруҳларга кўчиш характери, тупроқ фосфат сиғими ва интенсивлиги, улар орасидаги боғлиқлик характери ва тиғизлиги исботланган;

АФУ ва НКФУ ўғитлари ғўзанинг «Омад» ва «Оқдарё-6» навлари ўсиши, ривожланиши, ҳосилдорлиги ва тола сифатига ижобий таъсир кўрсатиши исботланган;

ўғитларнинг биоэнергетик самарадорлиги (ФИК) АФУ ўғитида 1,32, НКФУ ўғитида эса 1,35 га тенг бўлиши аниқланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Магний карбонатли шўрланган тупроқларда янги турдаги фосфор сақловчи ўғитларни ғўза озиқланишига таъсирини ўрганиш борасида олиб борилган тадқиқотлар натижалари асосида:

магний карбонатли шўрланган тупроқлардан самарали фойдаланиш бўйича ишлаб чиқилган «Зарафшон водийси тупроқлари шароитида фосфор сақловчи ўғитлардан самарали фойдаланиш бўйича тавсиялар» Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан (12.12.2017 й.) тасдиқланган. Ушбу тавсиялардан фойдаланиш тупроқлардаги умумий ва минерал фосфатлар миқдорини ошишига ва ўсимликларнинг ўғитлардан фойдаланиш коэффициенти 13,2–13,4 фоиз бўлишига хизмат қилган;

тупроқлар унумдорлиги ва ғўза озиқланишини мақбуллаштиришга қаратилган агротехнологик тадбир ишлаб чиқилиб, Самарқанд вилояти карбонатли шўрланган ўтлоқ тупроқлар шароитида 289,9 гектар майдонга жорий этилган (Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2017 йил 25 ноябрдаги 07/23-1095-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида тупроқда қулай фосфат режими шаклланиб, ҳаракатчан фосфорнинг дастлабки миқдорини 1,0–1,5 мг/кг (Р2О5)га ошиши таъминланган;

фосфор сақловчи ўғитларни қўллаш асосида ғўзадан юқори ва сифатли ҳосил олиш бўйича ишлаб чиқилган агротехнология Самарқанд вилояти Оқдарё ва Каттақўрғон туманларида 2015–2016 йилларда 289,9 гектар майдонга жорий этилган (Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2017 йил 25 ноябрдаги 07/23-1095-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида ғўзанинг «Омад» навидан гектаридан қўшимча 3–4 центнер пахта ҳосили олинган, иқтисодий самарадорлик 215–350 минг сўм ва рентабеллик даражаси 20–22 фоизни ташкил этган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish