Sayt test rejimida ishlamoqda

Раҳмонов Фахриддин Шоймардоновичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон


I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): “Жанубий Ўзбекистон ўзбеклари анъанавий деҳқончилигининг этноҳудудий хусусиятлари ( XIX аср охири-XX аср )”, 07.00.07 – “Этнография, этнология ва антропология” (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.3.DSc/Tar142.
Илмий маслаҳатчи: Аширов Адхам Азимбаевич, тарих фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Қарши давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Қарши давлат университети, PhD.03/27.02.2022.Tar.70.05 (бир марталик Илмий Кенгаш).
Расмий оппонентлар: Абдуллаев Улуғбек Сайдонович, тарих фанлари доктори, профессор; Қобилов Эшболта Атамуродович, тарих фанлари доктори, профессор; Турсунов Нурулло Нарзуллаевич, тарих фанлари доктори (DSc), доцент.
Етакчи ташкилот: Термиз давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади XIX аср охири - XX асрда Жанубий Ўзбекистон ўзбеклари анъанавий деҳқончилигининг этноҳудудий хусусиятларини тарихий-этнографик маълумотлар асосида комплекс тарзда очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ХIX аср охири – ХХ аср давомида Жанубий Ўзбекистон ўзбекларининг хўжалик-маданий анъаналари янгича бозор муносабатлари, ижтимоий мулкчиликнинг таъсири ва экологик омиллар натижасида трансформацияга учраб, ер-сув муносабатлари, ерга жамоавий ишлов бериш анъаналарида инновацион ўзгаришлар (агротехника, меҳнат қуролллари, янги экин турлари ва навлари) содир бўлганлиги аниқланган;
Жанубий Ўзбекистон минтақасига хос бўлган суғорма (оби), лалми, лиман, қайир, кориз, сой, ҳавза, булоқ каби шартли суғорма деҳқончилик шакллари ҳамда баҳорги, кузги (тиромойи), кечки, эртачи, оқ экан, кўк экин каби анъанавий экин экиш турлари замонавий мелорация ва агротехника ютуқлари билан уйғунлашган ҳолда воҳанинг ўтроқ ҳамда яримўтроқ турмуш тарзига эга бўлган аҳолиси орасида ихтисослашганлиги аниқланган;
минтақанинг хўжалик-маданий муҳитида асрлар давомида анъанага айланган ерга жамоавий асосда ишлов бериш шакли бўлган пайкал, қўш, ариқ, кориз каби ер-сув жамоалари анъаналари этник қадрият сифатида совет даври мулкчилик шакллари негизида ҳам муайян даражада сақланиб қолганлиги очиб берилган;
воҳа деҳқончилигига оид анъанавий шаклдаги (омоч, кетмон, бел, ўроқ, шоха, боғқайчи) меҳнат қуроллари ва воситаларининг сақланиб қолганлиги тоғ ва тоғолди минтақаларида томорқа, деҳқон хўжаликларида ер ҳайдаш, ерга ишлов бериш, экин экиш, ҳосилни йиғиб олишда муҳим ўрин тутиши ҳамда деҳқонларнинг камчиқим ва экологик зарарсиз технологияларга бўлган эҳтиёжидан келиб чиққанлиги далилланган;
ўзбекларнинг деҳқончилик билан боғлиқ урф-одат ва маросимлари (“Оқ фотиҳа”, “Шох мойлар”, “Обло барака”, “Чош қурди”, “Суст хотин”) ҳамда қадимги тарихий-мифологик образлар (Бободеҳқон, Ҳазрати Ҳизр, Мир Ҳайдар, Суст хотин) мамлакатда деҳқончилик маданиятини ривожлантиришда, инсон ва табиат муносабатларида, жамиятда экологик маданиятни шаклланишида муҳим аҳамиятга эга эканлиги кўрсатиб берилган.
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. XIX аср охири – XX асрда Жанубий Ўзбекистон ўзбеклари анъанавий деҳқончилигининг этноҳудудий хусусият-ларини очиб бериш жараёнида олинган хулоса ва таклифлар асосида:
минтақа ўзбеклари деҳқончилигида янгича бозор муносабатлари, ижтимоий мулкчиликнинг таъсири ва экологик омиллар натижасида ер-сув муносабатлари, ерга жамоавий ишлов бериш анъаналари, маҳаллий агротехникаси, деҳқончилик экин турлари, нави ҳамда таркибига инновациялар кириб келиб, трансформациялашиб борганлигига қарамасдан, хўжалик-маданий ва этник анъаналар миллий қадрият сифатида сақланиб қолганлиги борасидаги асосланган илмий хулосалардан мамлакатнинг агро ҳамда экотуризм салоҳиятини ривожлантириш, деҳқончилик билан боғлиқ маданий меросни тарғиб қилишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлигининг 2022 йил 20 июндаги 04-12/1729-сон маълумотномаси). Натижада Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлигига қарашли Қашқадарё вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи экспонатлари янги маълумотлар билан бойитилиб, миллий деҳқончиликнинг этноҳудудий хусусиятлари ҳақидаги билимларини кенгайтиришга ёрдам берган;
Жанубий Ўзбекистон минтақасига хос бўлган шартли суғорма деҳқончилик шакллари ҳамда анъанавий экин экиш турлари замонавий мелиорация ва агротехника ютуқлари билан уйғунлашган ҳолда воҳанинг ўтроқ ҳамда яримўтроқ турмуш тарзига эга бўлган аҳолиси орасида ихтисослашганлиги ва минтақанинг хўжалик-маданий муҳитида асрлар давомида анъанага айланган ҳамда аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган оилавий, қўни-қўшничилик ва қариндош-уруғчилик тизимига асосланган ерга жамоавий асосда ишлов бериш борасидаги тажриба ҳамда анъаналардан этнографик материаллардан Республика “Маънавият ва маърифат” маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти фаолиятида фойдаланилган (Республика “Маънавият ва маърифат” маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтининг 2022 йил 29 июлдаги 211-сонли далолатномаси). Натижада, диссертация натижалари Жанубий Ўзбекистон ўзбеклари анъанавий деҳқончилигининг этнолокал жиҳатлари ва ушбу соҳада содир бўлган трансформация жараёнларини замонавий деҳқончиликка жорий этишга ёрдам берган;
воҳа деҳқончилигига оид анъанавий шаклдаги (омоч, кетмон, бел, ўроқ, шоха, боғқайчи) меҳнат қуроллари ва воситаларининг сақланиб қолганлиги тоғ ҳамда тоғолди минтақаларида томорқа, деҳқон хўжаликларида ер ҳайдаш, ерга ишлов бериш, экин экиш, ҳосилни йиғиб олишда муҳим ўрин тутиши, деҳқонларнинг камчиқим ва экологик зарарсиз технологияларга бўлган эҳтиёжидан келиб чиққанлиги борасидаги этнографик далиллардан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг 2018–2019 йилларга бажарилиши мўлжалланган ИЗ-20170927504-сонли “Сурхондарё” вилояти тарихий экотуризм салоҳияти” номли давлат грант лойиҳасида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Сурхондарё вилояти инновация фаолияти ва технологиялар трансфери марказининг 2022 йил 16 майдаги 35-рақамли маълумотномаси). Ушбу лойиҳа натижалари мамлакатда туризм салоҳиятини ошириш, хусусан, агротуризм соҳасини ривожлантиришда Жанубий Ўзбекистон аҳолиси анъанавий деҳқончилигининг этноҳудудий хусусиятлари муҳим омиллардан бири эканлигини асослаб бериш имконини берган;
Жанубий Ўзбекистон ўзбекларининг ерга ишлов бериш, экин экиш, парвариш қилиш ҳамда ҳосилни йиғиб-териб олишга оид анъана ва маросимлар, ўсимликлар билан боғлиқ халқ қарашларидаги қадимий эътиқодлар изларининг ёритиб берилиши борасидаги эришилган натижалардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Oʻzbekiston tarixi” телерадиоканалида эфирга узатиладиган “Тақдимот” ва “Etno” кўрсатувларини сценарий-ларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 2022 йил 3 июндаги 01-06-820-сон маълумотномаси). Натижада, телетомошабин-ларни ўзбек халқи анъанавий деҳқончилигининг этноҳудудий хусусиятлари ва соҳа бўйича олиб борилган илмий тадқиқотлардан хабардор қилишга асос бўлган.    

Yangiliklarga obuna bo‘lish