Sayt test rejimida ishlamoqda

Исакова Дилноза Бахтиёровнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Бачадон бўйни саратони ва саратон олди касалликларини эрта ташхислаш, профилактикаси ва прогнозлашда янги инновацион технологиялар», 14.00.43 – Профилактик тиббиёт (тиббиёт фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.1.PhD/Tib1191.
Илмий раҳбар: Мамарасулова Дилфуза Закиржановна, тиббиёт фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Андижон давлат тиббиёт институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Андижон давлат тиббиёт институти, PhD.04/04.03.2022.Tib.95.02.
Расмий оппонентлар: Якубова Олтиной Абдуганиевна, тиббиёт фанлари доктори, доцент; Узбекова Нелли Рафиковна, тиббиёт фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат тиббиёт университети.
Диссертациянинг йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: бачадон бўйни дисплазияси ва саратонини эрта ташхислаш ва башорат қилишга янгича инновацион ёндашув орқали Ўзбекистон шароитида қўлланиладиган ва самарали бўлган, бачадон бўйни саратон олди ва саратон касалликларини скринингини оптималлаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Андижон вилояти моделида биринчи поғона сифатида ИПВ тестини ва Папаниколау усули бўйича цитологик текширувни қўллаш хамда ушбу усулларнинг сезгирлиги ва спецификлигини аниқлаган ҳолда бачадон бўйни саратонини скрининг қилиш имконияти аниқланган;
эпителиал метаплазия хавфи юқори бўлган аёлларни ажратиш мақсадида скринингнинг иккинчи поғонаси сифатида CIN-DIAG тезкор тестидан фойдаланиш имконияти аниқланган;
бачадон бўйни саратони ривожланиш хавфининг юқори белгиси сифатида бачадон бўйни эпителиал ҳужайралари томонидан P16INK4A оқсили экспрессиясини аниқлашнинг ахборотлилиги асосланган;
бачадон бўйни саратони ривожланиш хавфи нуқтаи назаридан ИПВ тести ёки цитологик текшируви ижобий бўлган аёллар зардобида SCC онкомаркерини аниқлаш мақсадга мувофиқ эмаслиги исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Ўзбекистон шароитида бачадон бўйни саратон олди ва саратон касалликларини скринингни оптималлаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
бачадон бўйни эпителийсининг саратон олди патологиясини скрининг қилиш бўйича олиб борилган тадқиқотнинг илмий натижалари асосида ишлаб чиқилган «Бачадон бўйни эпителийсининг саратон олди патологиясини скрининг қилиш алгоритми» номли услубий тавсиянома тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2022 йил 14 июлдаги 08-20182-сон маълумотномаси). Таклиф этилган тавсиялар бачадон бўйни саратон олди ва саратон касалликлари учун скрининг тизимини оптималлаштириш имконини берган;
олинган илмий натижалар Андижон вилоят перинатал маркази ва Андижон шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси амалий фаолиятига жорий этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2022 йил 14 июлдаги 08-20182-сон маълумотномаси). Жорий этиш натижалари бачадон бўйни саратонини барвақт аниқлашни яхшилашга, беморнинг шифохонада бўлиш муддатини қисқартиришга, радикал даволаш натижалари ҳамда беморларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга имкон берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish