Муродова Сайёра Собировнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Маҳаллий ризобактериялар штаммлари асосида ғўзанинг стресс шароитларга чидамлилигини оширувчи янги, рақобатбардош микроб препаратларини яратиш ва уларнинг амалий аҳамиятини баҳолаш», 03.0012–Биотехнология (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.1.DSc/B24.
Илмий маслаҳатчи: Давранов Қахрамон, биология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Микробиология институти ва Ўзбекистон Миллий университети, DSc.27.06.2017.В.38.01.
Расмий оппонентлар: Исмаилов Зафар Файзуллаевич, биология фанлари доктори; Хашимова Нигора Рустамовна, биология фанлари доктори; Хўжамшукуров Нортожи Абдухолиқович, биология фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади: маҳаллий ризобактериялар штаммлари асосида ғўзанинг стресс шароитларга чидамлилигини оширувчи янги, рақобатбардош микроб препаратларини яратиш ва уларнинг амалий аҳамиятини баҳолашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
скрининглар асосида ғўза ризосферасидан хлоридли ва сульфатли шўрланишга (200мМ гача) чидамли штаммлари танлаб олинган;
морфологик-културал, физиологик-биокимёвий ва 16S рРНК таҳлиллари асосида шўрланишга чидамли ризобактерияларнинг маҳаллий штаммларининг Bacillus subtilis, Bacillus megaterium ва Pseudomonas stutzeri турларига мансуб эканлиги аниқланган;
танлаб олинган ризобактериялар Pseudomonas stutzeri СКБ 308 штаммида 55,0 м.ж.н., Bacillus subtilis СКБ 309 штаммида 13,3; 30 ва 48,5 м.ж.н; B.megaterium СКБ 310 штаммида 23,1 м.н.ж. ҳамда ўлчамга эга йирик плазмид ДНКлари мавжудлиги аниқланган;
стресс шароитда (pH-9,0) Pseudomonas stutzeri СКБ 308, Bacillus subtilis СКБ 309 ва Bacillus megaterium СКБ 310 штаммлари мос равишда 19,4±0,79; 20,7±1,01; 17,74±0,85 мкг/мл миқдорда индолил-3-сирка кислотаси (ИСК) синтез қилиши очиб берилган;
Pseudomonas stutzeri СКБ 308 штаммининг кучли антагонистик фаолликка бўлган эга оралиқ бирикма 1-бром-2-фталимидэтан синтез қилиши аниқланган;
ризобактерияларнинг ғўза ўсимлиги билан ўзаро мутуалистик муносабатга киришишдаги синергетик механизми асосланган;
маҳаллий ризобактериялар Bacillus subtilis, Bacillus megaterium ва Pseudomonas stutzeri штаммларининг Сl- ва SO42- ионларига чидамлилик ва антагонистик фаоллик механизмлари аниқланган;
«Замин-М» биопрепаратининг ғўза экинида учрайдиган асосий фитопатоген микробларга (Fusarium sp., Xanthomonas comprestris pv. malvacearum, Fusarium oxysporum f. sp. vasinfectum, Botrytis cineria ва Verticillium dahliae) қарши курашиш имконияти мавжудлиги асосланган;
комплекс таъсирга эга бўлган суюқ ва қуруқ ҳолатдаги биопрепаратлар ишлаб чиқариш биотехнологияси яратилган;
илк бор ризобактерияларни шўрланишга чидамли Bacillus subtilis СКБ 309, Bacillus megaterium СКБ 310 ва Pseudomonas stutzeri СКБ 308 штаммларини сақлаш, ўстириш ҳамда фойдаланиш шароитида ўзаро рақобатсиз муносабатга эга ассоциатив тузилмаси ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Маҳаллий ризобактериялар штаммлари асосида ғўзанинг стресс шароитларга чидамлилигини оширувчи янги, рақобатбардош микроб препаратларини яратиш ва уларнинг амалий аҳамиятини баҳолаш юзасидан олинган илмий натижалар асосида:
шўрланган тупроқлар унумдорлигини оширувчи микроорганизмлар ассоциацияси учун Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган (№IAP 05254. 16.01.2014). Натижада микроорганизмлар ассоциацияси шўрланган тупроқлар шароитида қишлоқ хўжалик экинлари учун қўлланиладиган «Замин-М» биопрепаратини олиш имконини берган;
«Замин-М» препарати Давлат Кимё комиссияси томонидан «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигида 2015-2019 йиллар давомида ишлатиш учун рухсат этилган пестицидлар ва агрохимикатлар рўйхати» га киритилган (№1А1005; №5.11.155; 23.01.2015). Биопрепарат Бухоро вилояти Жондор тумани ғўзанинг вилт касаллиги билан юқори даражада зарарланган шўрланган майдонларида қўлланилганда 1,8 ц/га қўшимча ҳосил олиш имконини берган;
«Замин-М» биопрепарати Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Жиззах ва Бухоро вилоятлари пахта майдонларига жорий қилинган (Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2016 йил 29 ноябрдаги 02/20-1260-сон маълумотномаси). Натижада тупроқнинг шўрланиш даражасига боғлиқ ҳолда ғўзадан гектарига 7,0; 5,4 ва 1,8 ц қўшимча ҳосил олиш имконини берган;
тупроқ унумдорлигини оширишда комплекс микробли препаратлардан фойдаланиш натижалари асосида «600000–қишлоқ хўжалиги ва сув хўжалиги» соҳаси талабалари учун «Қишлоқ хўжалик биотехнологияси» дарслиги чоп этилган (26.02. 2009 й. 046-сон гувоҳномаси). Натижада агрокимё ва тупроқшунослик, мева-сабзавотчилик, биотехнология йўналишлари бакалавр ва магистр талабаларини қишлоқ хўжалиги экинларини стресс омилларга чидамлилигини оширишнинг биотехногик асослари ва амалиётда ундан фойдаланиш бўйича билим ва кўникмаларга эга бўлиш имконини берган.