Раҳимов Комилжон Раҳматовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумиймаълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Мустамлий Бухорийнинг «Шарҳ ат-Таъарруф» асари ҳамда унинг XI–XV асрлар Мовароуннаҳр ва Хуросон тасаввуф манбаларига таъсири», 07.00.08–Тарихшунослик, манбашунослик ва тарихий тадқиқот усуллари (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.1.PhD/Tar74.
Илмий раҳбар: Абдуҳалимов Баҳром Абдураҳимович, тарих фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институти, DSc.27.06.2017.Tar.44.01.
Расмий оппонентлар: Уватов Убайдулла Муродович, тарих фанлари доктори, профессор; Нуритдинов Маҳмудхўжа Низомович, фалсафа фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Тошкент ислом университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Мустамлий Бухорийнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш ҳамда олимнинг «Шарҳ ат-Таъарруф» асарини ислом тарихи ва манбашунослиги нуқтаи назаридан илмий муомалага киритишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Мустамлий Бухорийнинг тахминий таваллуд ва аниқ вафот саналари, устозлари ва шогирдлари, фаолият соҳалари ҳамда яратган асарларини аниқлаштириш асосида унинг нисбатан тўлиқроқ таржимаи ҳоли тузилган;
«Шарҳ ат-Таъарруф» асарининг манбашунослик ва қиёсий таҳлили асосида унда тасаввуфнинг XI асргача бўлган тарихи, жумладан, Басра, Кўфа, Хуросон ва Мовароуннаҳр зоҳидлик мактаблари ҳамда Ироқ (Бағдод), Хуросон (Нишопур), Миср, Шом (Дамашқ) ва Ўрта Осиё тасаввуф мактаблари йирик вакилларининг ҳаёти, фаолияти ва қарашлари ёритилганлиги очиб берилган;
Мустамлий Бухорий тасаввурида тасаввуфнинг моҳияти худога бўлган муҳаббат, мақсади худога етишиш, характери валоят, натижаси эса орифликдан иборат эканлиги кўрсатиб берилган;
Мустамлий Бухорийнинг «Шарҳ ат-Таъарруф»да сўфийлик йўлининг марказлашган тизимини яратганлиги, ушбу тизимда сўфийлик йўли аввал бошлаб икки босқич – шариат ва ҳақиқат босқичларига, тасаввуф маъносидаги ҳақиқат босқичининг ўзи иродат → сўфийлик даражалари → маърифат кетма-кетлигидаги уч босқичга, сўфийлик даражалари босқичининг ўзи эса қатъий кетма-кетликда келадиган тўрт босқич: илм → важд → ҳол → мақом босқичларига бўлиниши асосланган;
«Шарҳ ат-Таъарруф»да сўфийлик мақомлари ва ҳолларининг бошқа сўфийлик асарларида баён этилган хусусиятлари, турлари, сони ва кетма-кетлигидан фарқланиб турувчи ўзига хос тизимини яратганлиги, жумладан, унда ҳол мақомга тобе ҳодиса сифатида баҳолаганлиги, ҳолга банданинг амаллари натижасида қўлга киритиладиган, мақомга эса худо томонидан ато қилинадиган ҳодиса сифатида қаралганлиги ҳамда ўн тўрт мақом ва ўн етти ҳол тавсифланганлиги исботлаб берилган;
«Шарҳ ат-Таъарруф»нинг унгача ва ундан кейин яратилган тасаввуф манбалари билан таққослаш орқали унинг тасаввуф таълимотини тизимлаштиришга бағишланган асарлар орасидаги алоҳида ва муҳим ўрни, жумладан, унда сўфийлик йўли ва унинг босқичлари анчагина тизимлаштирилган ва марказлаштирилган шаклда баён этилганлиги кўрсатиб берилган;
«Шарҳ ат-Таъарруф»нинг илк ва муҳим тасаввуф манбаларидан бири сифатида ўзидан кейин яратилган тасаввуф манбаларига, жумладан, XI–XV асрларда Мовароуннаҳр ва Хуросонда яратилган Қушайрийнинг «Рисолайи Қушайрия», Ҳужвирийнинг «Кашф ал-маҳжуб», Фаридиддин Атторнинг «Тазкират ул-авлиё», Хожа Муҳаммад Порсонинг «Фасл ул-хитоб», Абдураҳмон Жомийнинг «Нафаҳот ул-унс» ва Алишер Навоийнинг «Насойим ул-муҳаббат» асарларига таъсир кўрсатганлиги, ушбу таъсирнинг икки жиҳатга – агиографик ва доктринал характерга эга бўлганлиги очиб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.«Мустамлий Бухорийнинг «Шарҳ ат-Таъарруф» асари ҳамда унинг XI–XV асрлар Мовароуннаҳр ва Хуросон тасаввуф манбаларига таъсири» мавзуидаги тарих фанлари бўйича фалсафа доктори илмий даражасини олиш учун ёзилган докторлик диссертацияси натижалари бўйича ишлаб чиқилган илмий хулосалар ва таклифлар асосида:
тасаввуф шайхлари ҳаёти, фаолияти ва қарашларига оид маълумотлар ва хулосалардан «Ўзбекистон обидаларидаги битиклар» туркуми остидаги китоб-альбомлар (14 жилдлик, Тошкент: «O`zbekiston», «Uzbekistan Today», 2011–2016)да келтирилган тасаввуф шайхлари мақбараларидаги битикларни, шунингдек, бошқа обидалардаги сўфиёна битиклар тўғрисидаги маълумотларни тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 21 июндаги 08/I–250 сонли ва 2012 йил 3 февралдаги 08/I–250 сонли мажлиси баённомаси). Илмий ишдаги хулосалар ва таклифлар Ўзбекистон тарихий обидаларидаги битикларнинг халқимиз маънавий меросидаги ўрнини аниқлашга, ёш авлодни ватанпарварлик, инсонпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга йўналтирилган тадбирларни ишлаб чиқишга хизмат қилади;
Марказий Осиё тасаввуфи тарихи ҳақидаги маълумотлар ва хулосалар, уни тадқиқ этиш борасидаги таклиф ва тавсиялардан Миср Араб Республикаси Қоҳира университети Ислом меъморчилиги ва осори атиқалари факультети илмий гуруҳи томонидан Марказий Осиё тарихи ва тамаддуни, Ўзбекистондаги меъморий обидалардаги битикларни тадқиқ этишда фойдаланилган (Миср Араб Республикаси Қоҳира университетининг 2017 йил 21 февралда берилган маълумотномаси). Натижалар Миср илмий жамоатчилиги ва халқини Ўзбекистоннинг буюк тарихи, бой маданий ва маънавий мероси билан кенг ва чуқур таништиришга хизмат қилади;
тасаввуф тарихи, асослари, тушунчалари ва атамалари ҳамда сўфийлар ҳаёти ва фаолиятига оид маълумотлар ва хулосалар «Ислом энциклопедияси» (Тошкент: ЎзМЭ, 2017) учун 76 та мақола, жумладан, ислом тарихи, ақида, фиқҳ, тафсир, ҳадис, ибодатлар, маросимлар ва бошқа исломий тушунчаларга оид 42 та ҳамда бевосита тасаввуфга оид 34 та мақола тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2016 йил 28 октябрда берилган 17-М-сон маълумотномаси). Натижада ушбу хулосалар, таклифлар ва тавсиялар ўқувчилар, жумладан, ўсиб келаётган ёш авлодда ислом дини ва тасаввуф тўғрисида, айниқса, ислом дини ниқоби остида фаолият кўрсатувчи бузғунчи диний-экстремистик оқимлар ҳамда сохта тариқатчиларнинг соф ислом ва тасаввуфдан йироқ эканлиги борасида тўғри тасаввур шаклланишига хизмат қилади;
ёшлар диний ва маънавий тарбиясига оид илмий таклифлар ва мулоҳазалардан «Бухоро мероси» илмий-тадқиқот маркази томонидан «Бухоро вилоятида ёшларнинг маданий мерос соҳасидаги билимларини ошириш» (2015–2016 йй.) номли 35-06-15-сонли давлат гранти лойиҳасини амалга оширишда фойдаланилган («Бухоро мероси» илмий-тадқиқот марказининг 2017 йил 3 январда берилган 32-сон маълумотномаси). Мазкур натижалар ёшлар ўртасида амалга оширилган маънавий-маърифий тадбирларни илмий асосда йўлга қўйишга ва сифатини оширишга, ўсиб келаётган авлодни диний бағрикенглик, маънавий поклик, жамиятимизда ҳукм сураётган тинч, осойишта ҳаёт учун шукроналик ва огоҳлик руҳида тарбиялашга хизмат қилади;
тасаввуф мактаблари ва тариқатларига оид маълумотлар ва хулосалар, уларни тадқиқ этиш борасидаги таклиф ва тавсиялар Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси марказининг расмий веб-сайти www.naqshband.uz ни яратиш ва такомиллаштириш, Занги ота мажмуасидаги битикларни аниқлаш, қайд қилиш, ўқиш, таржима қилиш, таснифлаштириш ва тизимлаштиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлигининг 2017 йил 10 мартда берилган ФТК-0313/271-сон маълумотномаси). Натижалар Ўзбекистонда истиқомат қилувчи турли миллатлар вакиллари онгига диний бағрикенглик, ақидавий плюрализм, байналмилаллик, мультикультурализм ғояларини сингдириш имконини беради.