Sayt test rejimida ishlamoqda

Рашидов Шоҳжаҳон Тоҳир ўғлининг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар:
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): “Ўзбекистон ССР бошқаруви тарихидан (ХХ аср 50-йиллари)”, 07.00.01 – Ўзбекистон тарихи ( тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақами: В2020.3.PhD/Tar733.
Илмий раҳбар: Ражабов Қаҳрамон Кенжаевич, тарих фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса, ИК рақами: Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти, DSc.02/30.12.2019.Tar.56.01. 
Расмий оппонентлар: Эргашев Бахтиёр Эргашевич, тарих фанлари доктори; Расулов Бахтиёр Махмуджонович, тарих фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади XX аср 50-йилларида Ўзбекистон ССР сиёсий ҳаётида ҳамда бошқарув идоралари тизимида рўй берган ўзгаришларни очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:  
Ўзбекистонда совет мустамлака тизимининг мустаҳкамланишида  СССРда кечган “илиқлик” жараёни сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан таъсир кўрсатгани, “партия номенклатураси” тизимидан кенг фойдаланилиши миллий раҳбарлар устидан Марказ назоратини кучайтиргани далилланган;
Республикада ижтимоий, маданий ҳаётнинг издан чиқиши ҳамда аниқ ҳисоб-китобларга асосланмаган давлат режаларининг қўйилиши сабаб иқтисодий аҳволнинг мураккаблашувига Ўзбекистон ССРнинг сиёсий раҳбарлари қаршилик кўрсата олмагани, аксинча партиянинг Олий Совет, Министрлар Совети фаолияти устидан раҳбарликни янада кучайтирганлиги аниқланган; 
1956 йилда республика сиёсий раҳбариятининг миллий манфаатларни ҳимоя қилиб чиқиши ХХ аср 30-йилларида қатағонга учраган зиёлиларнинг оқланиши, уларнинг оила аъзоларига нисбатан таъқибларнинг тугатилиши, жамоат арбобларининг тақиқланган асарлари қайта нашр этилиши ҳамда Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий фаолияти учун кадрлар тайёрлашнинг илк марта йўлга қўйилишда кўзга ташлангани  далилланган;
Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиуми устидан партия назоратининг кучайтирилиши натижасида қонун чиқарувчи органнинг тобора рамзий характер касб этиб, давлат бошқарувида нуфузи ва обрўси кучсизланиши, халқнинг маҳаллий советлар, сайлов тизимига нисбатан ишончсизлигининг ортишига сабаб бўлгани далилланган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Мавзу юзасидан ишлаб чиқилган илмий хулоса ва таклифлар асосида:
1950-йиллардаги ижтимоий-сиёсий жараёнлар, Ўзбекистон ССРнинг бошқаруви тарихи, Амин Ниёзов, Нуриддин Муҳитдинов, Собир Камолов, Шароф Рашидов каби миллий раҳбар кадрларнинг сиёсий фаолияти ҳамда совет ҳокимияти йилларидаги бошқарув сиёсати, мафкуравий жараёнлар ҳамда унинг Ўзбекистон ССР ҳаётига кўрсатган таъсири каби масалалар “Ўзбекистон ССР раҳбариятининг ижтимоий ва сиёсий фаолияти (1945-1983 йиллар)” номли коллектив монографияда фойдаланилган (Ўзбекистон Фанлар Академиясининг 2022 йил 4 февралдаги 3/1255-251-сон маълумотномаси). Натижаларнинг жорий қилиниши Ўзбекистон ССРда XX аср 50-йилларида фаолият кўрсатган давлат ва сиёсат арбобларининг фаолиятини ҳамда СССРдаги “илиқлик” жараёнининг Ўзбекистондаги сиёсий ҳаётга таъсирини ўрганиш учун кенг имконият яратган;
ХХ аср 50-йилларида кечган ижтимоий-сиёсий жараёнлар, давлат бошқаруви органлари, хусусан, Ўзбекистон ССРнинг ўша вақтдаги раҳбарлари, Олий Совет, Министрлар Совети фаолиятидаги ўзгаришлар таҳлили асосида олинган илмий хулосалардан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси – Ўзбекистон тарихи телеканалининг “Тарихий савол” кўрсатувида 2019 йил 4 декабрда эфирга узатилган “ХХ асрнинг 50-йилларида Ўзбекистонда ижтимоий жараёнлар” (O`zbekiston телерадиоканали ДУКнинг 2020 йил 17 февралдаги 02-14-343-сон маълумотномаси), 2020 йил 19 март куни эфирда берилган  “Нуриддин Муҳитдинов 1955-1957 йилларда Ўзбекистон ССР раҳбари” (O`zbekiston телерадиоканали давлат унитар  корхонасининг 2020 йил 3 декабрдаги 02-40-1223-сон маълумотномаси) ҳамда 2021 йил 7 декабрь куни эфирга узатилган “Очиқ дарс” (O`zbekiston телерадиоканали давлат унитар  корхонасининг 2021 йил 14 декабрдаги 01-40-1868-сон маълумотномаси) каби кўрсатувларнинг мавзуларини тайёрлашда фойдаланилган. Тақдим этилган маълумотлар кўрсатувлар мазмунини мукаммаллаштиришга, илмий далиллар билан бойитишга хизмат қилган;
 1956 йилда давлат ва жамоат арбоблари, ёзувчилар, жумладан,  Абдулла Қодирий, Фитрат, Чўлпон, Акмал Икромов ва бошқа бир гуруҳ қатағонга учраган шахсларнинг оқланиши, бунда республика раҳбариятининг ўрнини кўрсатиб беришга оид илмий натижалардан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейини экспонатлар билан бойитишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейининг 2021 йил 19 октябрдаги 203-сон маълумотномаси).  Илмий натижаларнинг қўлланилиши, янги материаллар, тарихий манбалар ва маълумотлар, илмий истеъмолга киритилмаган архив ҳужжатларининг музей экспозицияларида намойиш этилиши ташриф буюрувчиларнинг қатағон сиёсати, давлат ва жамоат арбоблари фаолияти ҳақидаги тасаввурлари шаклланишига хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish