Ғуломов Рустамжон Комилжон ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Фарғона водийсида тарқалган Phlomoides Moench туркуми (таксономияси, географияси, экологияси ва муҳофаза чоралари)», 03.00.05 – Ботаника (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.4.PhD/В480.
Илмий раҳбар: Батошов Авазбек Рисқулович, биология фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Наманган давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ботаника институти, DSc.02/30.12.2019.В.39.01.
Расмий оппонентлар: Хасанов Фурқат Орунбаевич, биология фанлари доктори, профессор; Лазьков Георгий Анатольевич, биология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Фарғона давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Фарғона водийси флорасида тарқалган Phlomoides туркумига кирувчи турларнинг таксономик таркиби, экогеографик ҳусусиятларини аниқлаш ва муҳофаза ҳолатини баҳолашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Фарғона водийсида флорасида тарқалган Phlomoides туркумининг
26 турдан иборат таксономик таркиби аниқланган, замонавий конспекти тузилган;
Phlomoides kirghisorum Adylov, Kamelin & Machmedov, P. michaelis Adylov, Kamelin & Machmedov, P. labiosa (Bunge) Adylov, Kamelin & Machmedov P. nuda (Regel) Adylov, Kamelin & Machmedov турларнинг янги ўсиш майдонлари аниқланган;
Фарғона водийси флорасида тарқалган турларнинг морфологик белгиларга асосланган филогенетик дарахти яратилган;
тўр тизимли хариталаш усулларидан фойдаланган ҳолда географик тарқалиш ҳусусиятлари очиб берилган ва турларнинг флороценотиплар бўйича фаоллик даражаси аниқланган;
глобал иқлим ўзгаришининг турли сценарийлари кесимида турларни келажакдаги потенциал тарқалиш ареалини ифодаловчи рақамли хариталари яратилган ҳамда таъсир қилувчи асосий биоиқлим омиллари баҳоланган;
илк бор турларни камёблик мақоми Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи (IUCN) тоифалари асосида баҳоланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Фарғона водийси флорасида тарқалган Phlomoides турларини тадқиқ қилишда олинган илмий натижалар асосида:
тадқиқот ҳудудида ўсадиган Phlomoides туркумининг 4 тури (22%) хавф остида (EN), 2 та тури (11%) заиф (VU), 5 та тури (28%) таҳдид остида (NT) ва 7 та тури (39%) эса энг кам ташвишли (LC) сифатида таснифланган ҳамда улардан 6 та тур (33%) ўсимликлар хавф остида (EN, VU) деб баҳоланиб, уларнинг яратилган GeoCAT хариталари Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Фарғона ва Наманган вилояти бошқармалари амалиётига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасини 2022 йил 17 майдаги 04-02/7-777-сонли маълумотномаси). Натижада, заиф, хавф ва таҳдид остида бўлган 18 та камёб ва йўқолиб бораётган турларнинг тарқалиш майдонларини аниқлаш, муҳофаза чора-тадбирларини ишлаб чиқиш имконини берган;
муаллиф томонидан терилган 800 дан ортиқ гербарий намуналари Ўзбекистон Миллий гербарийси (TASH) фондига топширилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2022 йил 23 июндаги 4/1255-1469-сон маълумотномаси). Натижада, водий ҳудудидан йиғилган камёб ва эндем турларнинг янги гербарий намуналари ноёб объектнинг Ўрта Осиё бўлими коллекциясини бойитган ва турларининг таксономияси, географияси, экологияси бўйича олинган янги маълумотлар ҳамда турларнинг тарқалишини акс эттирувчи ГАТ хариталари Ўзбекистон флорасининг FLORUZ электрон маълумотлар базаси ахборот-таҳлил тизимини шакллантириш имконини берган.