Sayt test rejimida ishlamoqda

Ҳамроева Орзигул Жалоловнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон


I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Темурийлар давридаги поэтикага доир рисолаларда қофия илмининг қиёсий таҳлили”, 10.00.06 – Қиёсий адабиётшунослик, чоғиштирма тилшунослик ва таржимашунослик (филология фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2022.2.DSc/Fil439.
Илмий маслаҳатчи: Ҳамидулла Болтабоев Убайдуллаевич, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, DSc.03/30.12.2019.Fil.19.01 (бир марталик илмий кенгаш).
Расмий оппонентлар: Шодмонов Нафас Намозович, филология фанлари доктори, профессор; Эшонқулов Ҳусниддин Примович, филология фанлари доктори, профессор; Қобилова Зебо Бакировна, филология фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: ЎзР ФА Ўзбек тили ва адабиёти ва фольклори институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади темурийлар даври қофияшунослигининг назарий, амалий, поэтик унсурлар кесимидаги қиёсий таҳлилини амалга ошириш, тарихий тараққиёт тенденциялари ва ўзига хос хусусиятларини очиб беришдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
темурийлар даври қофияшунослиги Шайх Аҳмад Тарозий, Воҳид Табризий, Абдураҳмон Жомий, Атоуллоҳ Ҳусайний, Ҳусайн Воиз Кошифий рисолалари асосида ўзбек ва форс-тожик қофия назарияларининг тараққиёт босқичи сифатида текширилган ҳамда ушбу рисолалар асосида қофия, қофия ҳарфлари, қофия ҳаракатлари, қофия турлари, қофия айблари, радиф, ҳожиб каби қофияга оид бирликлар сатҳида далилланган;
темурийлар давридаги рисолалар учун назарий асос вазифасини бажарган форс-тожик қофияси ва обеъкт сифатида танланган манбаларнинг қиёси натижасида қофия ҳарфлари билан боғлиқ масалада Шамсиддин Қайс Розий, қофия ҳаракатлари назариясида Носириддин Тусий, қофия турлари назариясида Шамс Қайс Розий ҳамда Носируддин Тусий асарлари бу давр қофияшунослиги учун асос вазифасини ўтаганлиги аниқланган;
қофия ҳарф ва ҳаракатлари, қофия айблари, қофия турлари сонининг турличалиги, рисолаларнинг йўналиши, характери ва муаллифларнинг мақсадлари туркий ва форсий қофияларнинг тил қонуниятлари билан бевосита боғлиқ эканлиги асосланган; 
қофиянинг бадиий адабиётидаги муносабати, такомили ва туркий адабиётдаги ўрни текширилиши натижасида  туркий қофия тил имконияти билан боғлиқ эканлиги, радиф, ҳожибнинг иштироки муҳим қонуниятга айлангани, равий ва васл ҳарфларини белгилашда янги назарий қоидалар ишлаб чиқилгани, қофия ҳарфларининг қўлланиш имконияти кенгайгани, қофия айбларига муносабат ўзгаргани далилланган; 
қофия турларининг генезиси, қиёси натижасида қофия қисмлари(тақтиъ) иштирокига кўра турлари қофиянинг асосий тури эканлиги, шоирлар ижодида унинг ўрни қатъий эканлиги илмий жиҳатдан асосланган; 
поэтикага оид рисолалардаги илмий-назарий маълумотларга таяниб, аруз, қофия ва бадиият илми бир бутун илм эканлиги, бу уч илм бир-бирини тақозо қилиши, қофия айблари ва қофияга асосланувчи бадиий санъатлар рисола муаллифлари томонидан турли тамойиллар асосида илмий муомалага киритилгани аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Тадқиқотда ишлаб чиқилган назарий ва амалий хулоса, тавсия ва ишланмалар асосида:
XI-XIII асрларга оид араб, форс тилида яратилган рисолалардаги қофияга оид илмий ёндашувларнинг туркий адабиётга таъсири, анъана ва ўзига хослик масалалари, бадиий маҳорат, услуб, мавзу ва тимсоллар, жанрлар тадрижи, темурийлар давридаги поэтикага оид рисолалар қиёсига оид илмий хулосалардан Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ОТ-F1-030  рақамли “Ўзбек адабиёти тарихи” кўп жилдлик монографияни (7-жилд) чоп этиш” (2017-2020 йй.) мавзусидаги фундаментал лойиҳанинг назарий қисмида  фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2022 йил 18 майдаги 04/1-554-сон маълумотномаси). Натижада Темурийлар даври адабиёти қисмида бу даврда яратилган поэтикага оид манбаларнинг қиёсий таҳлили, шунингдек, тайёрланган монография мазмунан янги, таҳлилий  маълумотлар билан бойитилган;
қофия илми аруз ва илми бадеъ сингари Шарқ халқлари тафаккурида яратилган шеърият шаклига оид илмий-назарий умумлашмалар мажмуи бўлиб, унинг илм ва махсус фан сифатида шаклланиши, адабиётшуносликдаги тадқиқи, адабиётнинг тарихий ривожидаги мавжуд жараёнларни баҳолашда, қофия илмининг поэтика илми генезисида тутган ўрнига оид илмий-назарий ёндашувлардан Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг PZ-20170927147 рақамли “Қадимги даврлардан XIV асргача бўлган туркий ёзма манбалар тадқиқи” (2018-2020 йй.)  мавзусидаги амалий лойиҳада фойдаланилган. (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2022 йил 18 майдаги 04/1-556-сон маълумотномаси). Натижада темурийлар даврида яратилган рисолалар юртимиз миллий-маънавий ва адабий меросининг ажралмас қисми эканлиги исботланган;
Навоий ва темурийлар даври, адабий алоқалар ва илмий муҳитга оид хулосаларни беришда, темурийлар даврида аруз, илми бадеъ ва қофия илмига оид рисолаларнинг яратилиши ва Навоий ижодида поэтика масалалари, Навоийнинг тарихий ва илмий асарларида олимнинг илмий ёндашув ва таҳлил тамойилларини белгилашда, “Мезон ул-авзон”, “Муҳокамат ул-луғатайн” асарларида келтирилган поэтика ва унинг таркибий қисмлари аруз, бадиий санъатлар, қофия илмига оид қарашлари темурийлар давридаги поэтика доир рисолалардаги илмий ёндашувларнинг қиёсий таҳлили хулосаларидан Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ПЗ-20170926459 - “Навоийшунослик тарихи (ХХ – ХХI асрлар)” (2018-2020 йй.) мавзусидаги амалий гранти бажарилишида фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2022 йил 18 майдаги 04/1-555-сон маълумотномаси). Натижада рисолалардаги қофияга доир унсурлар қиёси асосида темурийлар даври адабиётшунослигининг ўзига хос хусусиятларини белгилашга эришилган;
бадиий адабиётда шакл ва мазмун мутаносиблиги, шоир услуби ва маҳорати, поэтик унсурларнинг амалий татбиғи, Атоуллоҳ Ҳусайний асарлари билан боғлиқ илмий материаллардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “O‘zbekiston tarixi” телеканалида “Тақдимот” кўрсатуви сценарийларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 2022 йил 04 июлдаги 06-28-980-сон маълумотномаси). Натижада телекўрсатувларнинг сифати ошган, аждодларимизнинг миллий маънавиятимизни шакллантиришдаги ўрни, уларнинг жаҳон тамаддуни ва маданиятига қўшган ҳиссаларини англаш ҳамда идрок этиш кучайган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish