Sayt test rejimida ishlamoqda

Бабакулов Зафар Курбонназаровичнинг 
фан доктори (DSc) диссертация ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Товар белгиларининг фуқаролик-ҳуқуқий мақомини такомиллаштириш истиқболлари”, 12.00.03 – Фуқаролик ҳуқуқи. Тадбиркорлик ҳуқуқи. Оила ҳуқуқи. Халқаро хусусий ҳуқуқ (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.4.DSc/Yu141. 
Илмий маслаҳатчи: Окюлов Оманбай, юридик фанлар доктори, профессор. 
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат юридик университети. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат юридик университети, DSc.07/30.12.2019.Yu.22.01.
Расмий оппонентлар: Рузиназаров Шухрат Нуралиевич, юридик фанлар доктори, профессор; Камалов Ойбек Ахматович, юридик фанлар доктори, профессор; Раимова Наргиза Дороевна, юридик фанлар доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик. 
II. Тадқиқотнинг мақсади товар белгиларининг фуқаролик-ҳуқуқий мақомининг қонунчилик асосларини такомиллаштириш, хусусан ҳуқуқни қўллаш амалиётидан келиб чиқиб, товар белгиларининг илмий-назарий масалаларини асослаш, тегишли халқаро ҳужжатлар қоидаларини миллий қонунчиликка қўллаш механизмини ишлаб чиқиш ва таклифлар беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
товар белгисидан охирги уч йил давомида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида узрли сабабсиз узлуксиз фойдаланилмаган тақдирда, унинг рўйхатдан ўтказилганлиги исталган манфаатдор шахснинг талаби бўйича суднинг қарорига асосан бекор қилиниши мумкинлиги асосланган;
даъво муддатини қўллаш ҳақидаги ариза фақатгина биринчи инстанция суди томонидан ишни кўриш якуни бўйича суд ҳужжати қабул қилингунга қадар берилиши мумкинлиги, агар бундай ариза ишни апелляция ва кассация инстанцияси судларида кўриш жараёнида берилса, у қаноатлантирилмаслиги ва бу ҳақида суд ҳужжатининг асослантирувчи қисмида кўрсатилиши, бундан ишнинг суд мажлиси вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмаган жавобгар йўқлигида кўрилганлиги сабабли биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори (суд ҳужжати) бекор қилиниб, низо юзасидан янги қарор қабул қилинган ҳоллар мустаснолиги асосланган;
даъвогар томонидан ўтказиб юборилган даъво муддатини узрли деб топиш ва уни тиклаш ҳақида ариза фақатгина биринчи инстанция судига берилиши, даъво муддатининг ўтказиб юборилганлиги фақат биринчи инстанция суди томонидан узрли деб топилиши мумкинлиги, бундай аризанинг апелляция, кассация инстанцияси судида кўрилаётган пайтда берилиши ўтказиб юборилган даъво муддатини тиклаш ва бузилган ҳуқуқни ҳимоя қилиниши учун асос бўла олмаслиги асослантирилган;
судларда низоли бўлган битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талаб фақат ФКда кўрсатилган шахслар томонидан тақдим этилиши мумкинлиги боис суд муҳокамаси давомида даъвогарда низоли бўлган битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида даъво тақдим этиш ҳуқуқи мавжуд эмаслиги аниқланса, даъвони қаноатлантириш рад этилиши асослантирилган;
товар белгисига доир мутлақ ҳуқуқ гувоҳномада кўрсатилган товарларга нисбатан амал қилиши, бунда мутлақ ҳуқуқ товар белгиси Товар белгиларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказилган санадан эътиборан рўйхатдан ўтказишнинг амал қилиш даврида амалга оширилиши ҳамда товар белгиси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотлар ўша куннинг ўзида Агентликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилиши лозимлиги асослантирилган;
товар белгисидан ёки улар билан адаштириб юборадиган даражада ўхшаш бўлган бир турдаги товарлар учун белгилардан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун жарима қўллаш тартиби ва миқдори, шунингдек тадбиркорлик субъектларига нисбатан ўтказиладиган текширувлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишувга кўра қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилиши асослантирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда товар белгиларидан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий жиҳатларини аниқлаш, тартибга солиш ва ҳал қилиш йўллари бўйича олинган илмий натижалар асосида:
товар белгисидан охирги уч йил давомида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида узрли сабабсиз узлуксиз фойдаланилмаган тақдирда, унинг рўйхатдан ўтказилганлиги исталган манфаатдор шахснинг талаби бўйича суднинг қарорига асосан бекор қилиниши мумкинлиги тўғрисидаги қоида Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1104-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 5 октябрдаги ЎРҚ-640-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.10.2020 й., 03/20/640/1348-сон) ва 2001 йил 30 августдаги “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги Қонунининг 25-моддасида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 5 октябрдаги ЎРҚ-640-сонли Қонуни таҳририда - Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.10.2020 й., 03/20/640/1348-сон) (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 15 октябрдаги 10-сон далолатномаси). Ушбу таклиф товар белгиларига нисбатан шунчаки эгалик қилиш ҳуқуқини аниқ муддатга кўра чеклашга хизмат қилган;
даъво муддатини қўллаш ҳақидаги ариза фақатгина биринчи инстанция суди томонидан ишни кўриш якуни бўйича суд ҳужжати қабул қилингунга қадар берилиши мумкинлиги, агар бундай ариза ишни апелляция ва кассация инстанцияси судларида кўриш жараёнида берилса, у қаноатлантирилмаслиги ва бу ҳақида суд ҳужжатининг асослантирувчи қисмида кўрсатилиши, бундан ишнинг суд мажлиси вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмаган жавобгар йўқлигида кўрилганлиги сабабли биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори (суд ҳужжати) бекор қилиниб, низо юзасидан янги қарор қабул қилинган ҳоллар мустасно тўғрисидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2015 йил 19 июнь 282-сонли “Иқтисодий судлар томонидан фуқаролик қонун ҳужжатларининг даъво муддатига оид нормаларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги қарорининг 9-бандига киритилган (Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2021 йил 20 апрелдаги 18-сон қарори таҳририда) (Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2021 йил 12 декабрдаги 11-82-21-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф товар белгилари ва бошқа мулкий хусусиятдаги низоларга оид даъво аризани судларга киритишнинг процессуал муддатини аниқ белгилашга хизмат қилган;
даъвогар томонидан ўтказиб юборилган даъво муддатини узрли деб топиш ва уни тиклаш ҳақида ариза фақатгина биринчи инстанция судига берилиши, даъво муддатининг ўтказиб юборилганлиги фақат биринчи инстанция суди томонидан узрли деб топилиши мумкинлиги, бундай аризанинг апелляция, кассация инстанцияси судида кўрилаётган пайтда берилиши ўтказиб юборилган даъво муддатини тиклаш ва бузилган ҳуқуқни ҳимоя қилиниши учун асос бўла олмаслиги тўғрисидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2015 йил 19 июндаги 282-сонли “Иқтисодий судлар томонидан фуқаролик қонун ҳужжатларининг даъво муддатига оид нормаларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги қарорининг 16.1-бандининг биринчи хатбошисига киритилган (Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2021 йил 20 апрелдаги 18-сон қарори таҳририда) (Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2021 йил 12 декабрдаги 11-82-21-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф мулкий ва номулкий хусусиятдаги низоларни фақат биринчи инстанция судлари томонидан узрли деб топиш ва уни қўллашнинг процессуал тартибини амалга оширишга хизмат қилган; 
судларда низоли бўлган битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талаб фақат ФКда кўрсатилган шахслар томонидан тақдим этилиши мумкинлиги боис суд муҳокамаси давомида даъвогарда низоли бўлган битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида даъво тақдим этиш ҳуқуқи мавжуд эмаслиги аниқланса, даъвони қаноатлантириш рад этилиши тўғрисидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 19 майдаги 17-сонли “Иқтисодий судлар томонидан битимларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” қарори 7-бандининг биринчи хатбошисида ҳамда ушбу Пленум қарорининг 26-бандида битимнинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш бўйича таклиф ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2021 йил 12 декабрдаги 11-82-21-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф товар белгиси ва бошқа хусусиятдаги муносабатларга оид низоли битимларни ҳақиқий эмас деб топишга оид даъволар фақат ишга даҳлдор шахслар томонидан тақдим этилишининг процессуал асосларини такомиллаштиришга хизмат қилган;
товар белгисига доир мутлақ ҳуқуқ гувоҳномада кўрсатилган товарларга нисбатан амал қилади. Бунда мутлақ ҳуқуқ товар белгиси Товар белгиларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказилган санадан эътиборан рўйхатдан ўтказишнинг амал қилиш даврида амалга оширилади ҳамда товар белгиси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотлар ўша куннинг ўзида Агентликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади мазмунидаги таклиф 2001 йил 30 августдаги Ўзбекистон Республикаси “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги Қонунининг 26-моддаси иккинчи қисмида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 20 августдаги ЎРҚ–709-сонли Қонуни таҳририда – Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.08.2021 й., 03/21/709/0808-сон) (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 16 июндаги 12-19-8-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф товар белгиларига аниқ товар турларининг тегишлилигини ва ундан барчанинг хабардор бўлишини таъминлашга хизмат қилган;
товар белгисидан ёки улар билан адаштириб юборадиган даражада ўхшаш бўлган бир турдаги товарлар учун белгилардан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун жарима қўллаш тартиби ва миқдори, шунингдек тадбиркорлик субъектларига нисбатан ўтказиладиган текширувлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишувга кўра қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилиши  кераклиги мазмундаги таклифлар 2001 йил 30 августдаги Ўзбекистон Республикаси “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги Қонунига янги 371-модда киритилишида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 20 августдаги ЎРҚ–709-сонли Қонуни таҳририда – Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.08.2021 й., 03/21/709/0808-сон) (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 16 июндаги 12-19-8-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф товар белгиларидан қонунга зид фойдаланганлик учун жавобгарликнинг аниқ миқдорини белгилашга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish