Sayt test rejimida ishlamoqda

Муллаев Азиз Шомахматовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон


I. Умумий маълумотлар:
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): “Ипак йўлининг қайта тикланиш жараёнлари тарихи ва унда Ўзбекистоннинг иштироки”, 07.00.01 – Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақами: B2022.3.PhD/Tar319.
Илмий раҳбар: Рахимов Мирзохид Акрамович, тарих фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: ЎзР ФА ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик марказ.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса, ИК рақами: Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети, DSc.03/30.12.2021.Tar.26.03.
Расмий оппонентлар: Нуриддинов Эркин Зуҳриддинович, тарих фанлари доктори, профессор; Хақназаров Худойберди Дилмуродович, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент.
Етакчи ташкилот: Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади 1991-2019 йилларда Ипак йўлининг қайта тикланиш жараёнлари тарихи ва унда Ўзбекистоннинг иштироки масалаларини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
XX асрнинг иккинчи ярмида “совуқ уруш” шароитида халқаро муносабатларда Ипак йўлини қайта тиклаш заруриятининг вужудга келганлиги, бу борада 1987-1997 йиллардаги ЮНЕСКОнинг “Ипак йўли – мулоқот йўли” халқаро дастури ўзаро илмий ва маданий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, хусусан, Марказий Осиё минтақаси тарихи, маданияти ва санъатда муҳим аҳамиятга эга бўлганлиги очиб берилган;
Европа ва Осиё мамлакатларида Ипак йўли тарихи ва замонавий аҳамиятини ўрганадиган хорижий марказларининг вужудга келганлиги, уларнинг “think thank - ақл марказлари” сифатида халқаро маданий муносабатларни “маданий дипломатия” асосида ривожлантиришга кўрсатаётган ижобий таъсири, шунингдек, Ипак йўлини тадқиқ этишни такомиллаштириш зарурияти асослаб берилган; 
“Бир макон, бир йўл” концепцияси вужудга келишининг тарихий асослари, уни амалга оширишда жаҳоннинг айрим давлатларида юз бераётган сиёсий беқарорлик каби геосиёсий, етарли инфратузулма, халқаро норма, ягона божхона тарифларининг мавжуд эмаслиги сингари иқтисодий муаммолар ва транспорт-коммуникация соҳасидаги кўптомонлама ҳамкорлиги асосланган;  
Ўзбекистоннинг Замонавий Ипак йўли лойиҳаси доирасида маданий-гуманитар алоқалари “халқ дипломатияси” тамойили асосида йўлга қўйилганлиги,  шу билан бирга дунёнинг сиёсий манзараси ўзаро маданий ҳамкорликни чуқурлаштиришни талаб этаётганлиги, илм-фан, маданият, туризм соҳаларида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш учун “Инновацион Ипак йўли” халқаро лойиҳасини амалга ошириш мувофиқлиги асослаб берилган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.  Ипак йўлининг қайта тикланиш жараёнлари тарихи ва унда Ўзбекистоннинг иштироки масалалари таҳлили натижасида олинган илмий янгиликлар ва амалий таклифлар асосида: 
ЮНЕСКО томонидан 1987-1997 йилларда амалга оширилган “Ипак йўли-мулоқот йўли” халқаро лойиҳасининг минтақа мамлакатлари учун илмий-амалий долзарблиги, ушбу лойиҳанинг Марказий Осиё тарихи ва маданиятини ўрганиш ва халқаро тарғиб этишдаги аҳамияти, ўзбекистонлик олимларнинг ушбу лойиҳадаги иштироки, лойиҳа доирасида Ўзбекистонда Ипак йўли тарихи, археологияси, маданияти ва этнографиясини ўрганишга қаратилган институтнинг ташкил этилиши, илмий нашрларнинг чоп этилиши ҳамда туризм соҳасини ривожлантиришдаги аҳамияти масалалари Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик марказида бажарилган “ПЗ-20170928749 Ўзбекистон мустақилликка эришишининг тарихий шарт-шароитлари: ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий омиллар” номли амалий лойиҳасида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2021 йил 16 ноябрдаги 3/1255-3184-сон маълумотномаси). Натижада Марказий Осиё минтақаси, хусусан, Ўзбекистон тарихи ва маданиятини илмий тадқиқ этиш, асраш ва халқаро даражада тарғиб этиш масалалари юзасидан халқаро маданий ҳамкорлиги масалаларини ёритиб беришга хизмат қилган;
Ипак йўли дипломатиясини тиклаш концепциялари, унинг халқаро ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий интеграцияда тутган ўрни, Ўзбекистон Республикасининг Ипак йўли лойиҳалари доирасидаги сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳамкорлиги, транспорт-коммуникация, энергетика соҳасларидаги халқаро алоқалар, туризм йўналишини ривожлантириш бўйича ўзаро муносабатларга оид маълумотлардан Тарих институтида бажарилган ФА-А1-Г016П3-2014-0906065019 “Ўзбекистоннинг энг янги тарихини фанлараро ўрганиш: методлар, ёндашувлар ва концепциялар” (2015-2017 йй.)” номли амалий лойиҳасида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2020 йил 25 июндаги 3/1255-1321-сон маълумотномаси). Натижада Ипак йўли концепциялари, қайта тикланиш жараёнлари ҳамда уларда Ўзбекистон Республикасининг иштироки масалаларини янги фактлар, архив ҳужжатлари ва илмий манбалар асосида очиб беришга хизмат қилган;
Ипак йўли концепциясининг амалга оширилиши ва унда Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистоннинг иштирокига оид масалалар Буюк Британиянинг Кент ва Кембридж университетлари ҳамкорлигида бажарилган “GCRF COMPASS: Comprehensive Capacity-Building in Eastern Neighbourhood and Central Asia: research integration, impact governance and sustainable communities” лойиҳасида фойдаланилган (Кембридж университетининг 2019 йил 28 ноябрдаги маълумотномаси). Натижаларнинг қўлланилиши Ўзбекистоннинг Замонавий Ипак йўли доирасида маданий-гуманитар алоқалари “халқ дипломатияси” тамойили асосида йўлга қўйилганлиги, минтақада транспорт-коммуникация алоқаларининг ривожланиши, савдо-иқтиcодий, маданий-гуманитар ва туризм соҳасида амалга оширилган кўптомонлама ҳамкорлигининг асосий жиҳатларини халқаро миқёсда кўрсатиб беришга хизмат қилган;  
Буюк Ипак йўлининг тарихий ва замонавий аҳамияти, қайта тикланиш жараёнлари, тармоқлари ва минтақадаги замонавий транспорт-коммуникациялар, Марказий Осиё тарихий-маданий мероси ва унинг халқаро ўрганилиши, шаҳарларда тарихий ёдгорликлар ҳолати ва замонавий туризм истиқболлари, Ипак йўли тарихини 3D форматда электрон ва онлайн ҳолатга келтириш, илм-фан, маданият, туризм соҳаларида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш учун “Инновацион Ипак йўли” платформасини яратишга оид хулосалардан Европа Иттифоқининг Erasmus лойиҳаси доирасида Польша академик алмашинув миллий агентлиги, Люблин технология университети, Ўзбекистон Миллий университети, Самарқанд давлат университети, Чирчиқ давлат педагогика институти, Урганч давлат университети иштирокида “3D Digital Silk Road” халқаро лойиҳасини амалга оширишда қўлланилган (Польша Люблин технология университетининг 2020 йил 31 майдаги маълумотномаси). Натижада лойиҳа доирасида “3D Digital Silk Road” электрон платформасининг дастлабки варианти яратилган. 

Yangiliklarga obuna bo‘lish