Sayt test rejimida ishlamoqda

Абдихаликова Барчиной Абдихомитовнанинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон


I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Лалмикор майдонларда органик ва минерал ўғитларни қўллаш усулининг тупроқ унумдорлиги ва кузги буғдой ҳосилдорлигига таъсири”, 06.01.04− Агрокимё (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.1.PhD/Qx697.
Илмий раҳбар: Юсупов Хасан Юсупович, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, катта илмий xодим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Лалмикор деҳқончилик илмий тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр yниверситети, PhD.05/04.03. 2022.Qx. 13.03.
Расмий оппонентлар: Санақулов Акмал Лапасович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, доцент; Сидиков Саиджон, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди.
Етакчи ташкилот: Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади лалмикор майдонларда органик ва минерал ўғитларни қўллашнинг қулай усулини ҳамда унинг тупроқ унумдорлиги ва буғдой ҳосилдорлигига таъсирини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
лалмикор майдонларнинг текислик қир-адирлик минтақасида илк марта кузги буғдойнинг тупроқ намлиги, минерал озиқа моддалар ҳамда вегетация даврида уларни ўзлаштириш динамикасини ўрганиш натижасида ҳосилдорликнинг 2,2 баробар ошишига эришилган; 
органик ва минерал ўғитларнинг кузги буғдой томонидан минерал ўғитлардан фойдаланиш коэффициентлари ҳамда алмашлаб экишнинг ротацияси давомида тупроқдаги гумус ва NPK баланси аниқланган;
“тупроқ-ўғит-ҳосил” тизимида ғалла-шудгор алмашлаб экишнинг қисқа ротацияли схемасида органик ва минерал ўғитларнинг тупроқдаги фаол намлик динамикасига боғлиқ ҳолда озиқа моддалар динамикаси, кузги буғдойни биомасса тўплаши, ҳосилдорликни ошириш механизми асосланган;
турли меъёрда ва тупроқнинг турли қатламларига сочма ва лента усулида берилган органик ўғитлар (10, 20, 30 т/га) ва минерал ўғитларнинг (N30-60P30-60K30-60) кузги буғдойнинг ўғитлардан фойдаланиш коэффициентлари, тупроқдаги гумус, NPK балансига таъсири аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Лалмикор майдонларда органик ва минерал ўғитлар қўллаш усулининг тупроқ унумдорлиги ва кузги буғдой ҳосилдорлигига таъсири бўйича олиб борилган тадқиқотлар натижалари асосида:
“Лалмикор майдонларда органик ва минерал ўғитларни қўллаш усулининг тупроқ унумдорлиги ва буғдой ҳосилдорлигига таъсири” номли тавсиянома ва амалиётга жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2021 йил 16 сентябрдаги 02/025-3738-сон маълумотномаси). Натижада лалмикор шароитларда тупроқларининг унумдорлиги ва экинлар ҳосилдорлигини оширишда органик ва минерал ўғитлардан фойдаланиш тадбирларини белгилашда қўлланма сифатида хизмат қилган;
лалмикор майдонларда ғалла-шудгор алмашлаб экиш схемасида органик ва минерал ўғитларни қўллаш усули, мақбул меъёрлари ишлаб чиқилган ва Жиззах вилояти Бахмал туманидаги “Абдумавлон Зиё” фермер хўжалигида 60 гектар майдонга жорий қилинган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2021 йил 16 сентябрдаги 02/025-3738-сон маълумотномаси). Натижада фермер хўжалигида жорий этилган беш далали алмашлаб экиш схемасида буғдойнинг ўртача ҳосилдорлиги 14,2 ц/га, қўшимча дон ҳосилдорлиги эса 5,2 ц/га ни ташкил этган;
ғалла-шудгор алмашлаб экиш схемасидан ташқари экилган бедадан сўнг экилган тупроққа 20 см қатламига лента усулда берилган 40 кг/га фосфорли ва 40 кг/га азотли ўғитлар Нуробод туманидаги “Орзугул чамани” фермер хўжалигида жами 95 гектар лалмикор майдонларда жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2021 йил 16 сентябрдаги 02/025-3738-сон маълумотномаси). Натижада ҳосилдорлик 12,3 ц/га ни ташкил этиб, қўшимча 4,2 ц/га дон ҳосили олинган. Гектаридан 605 минг сўм/га соф фойда олиниб, рентабеллик даражаси 10 % ни ташкил этган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish