Sayt test rejimida ishlamoqda

Ахмадалиев Аббосбек Усмоналиевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Кузги буғдой ва такрорий экинларни етиштиришда ресурстежамкор технология элементларини такомиллаштириш”, 06.01.01 – Умумий деҳқончилик. Пахтачилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2022.1.PhD/Qx830.
Илмий раҳбар: Карабаев Икрамжан Тураевич, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Андижон қишлоқ ҳўжалиги ва агротехнологиялар инситути.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Андижон Қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти, PhD.05/30.10.2020.Qx.126.01.
Расмий оппонентлар: Ибрагимов Одилжон Олимжонович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Артикбаев Бахтияр Пирниязович, техника фанлари фалсафа доктори, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат аграр университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Андижон вилоятининг оч тусли бўз тупроқлар шароитида экиш олдидан тупроққа Илғор-1 комбинацион агрегати ёрдамида ишлов бериб, бир йўла пушта олишнинг тупроқ унумдорлигини сақлаш ҳамда экинлардан мўл ҳосил етиштиришнинг ресурстежовчи агротехнологиясини такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Андижон вилоятининг оч тусли бўз тупроқлари шароитида кузги буғдойнинг «Краснодарская-99» ва мошнинг «Победа-104» навини такрорий экин сифатида парваришлашда экиш олдидан комбинацион агрегат ёрдамида ишлов бериб, бир вақтда 30-35 см баландликка пушта олиб, экилганда ўтмишдош экиндан қолган илдиз-анғиз қолдиқлари ҳисобига тупроқдаги умумий азотни 0,91%, фосфорни 0,30%, калий миқдорини эса 0,84% гача ошиши аниқланган;
ерга экиш олдидан ресурстежамкор технология орқали ишлов бериб, кузги буғдой ва такрорий экинларни экишда техника воситалари ёрдамида ишлов бериш сонини 4 мартага камайтириш натижасида тупроқнинг хажм массаси 0,004-0,022 г/см3 гача яхшиланган, агрономик жиҳатдан фойдали заррачалар миқдори 0,3-1,5% гача ва ғовакликни эса 0,2-0,8% гача ортгани аниқланган;
Илғор-1 комбинацион агрегати билан ишлов бериб, бир вақтда 30-35 см баландликка пушта олиниб, кузги буғдой уруғлар экилганда бошқа ишлов бериш усулларига нисбатан умумий поялар сони 3,6-4,3 донагача, шундан маҳсулдор поялар сони 8,1-40,1 донагача, бир бошоқ узунлиги 0,1-0,3 см гача, бир бошоқдаги дон сони 0,4-0,8 донагача, бир бошоқдаги дон оғирлиги 0,01-0,02 грамгача, 1000 дона дон оғирлиги эса 0,2-0,6 граммгача, такрорий мошнинг бўйи 0,8-3,6 см гача, ҳосил шоҳи 0,1-0,4 донагача, дуккаклар сони 0,4-1,4 донагача, 1000 дона дон оғирлиги эса 0,2-0,5 граммгача юқори бўлгани аниқланган;
ресурстежамкор технология ёрдамида экиш олдидан ишлов бериш технологияси қўлланилганда бошқа ишлов бериш усулларига нисбатан кузги буғдой ва такрорий экинларнинг (9-10 кун) эрта униб чиқиши ҳамда ўсиши, ривожланишини  яхшиланиши натижасида кузги буғдойдан 7,9 ц/га гача, такрорий мошдан эса қўшимча 2,6 ц/га гача дон ҳосил олишга эришилган;
ерга экиш олдидан ишлов беришда ресурстежамкор технология асосида ишлов бериб, кузги буғдой ва такрорий экинларни экишда техника воситалари ёрдамида ишлов бериш сонини 4 мартагача камайтириш ҳисобига рентабеллик даражаси кузги буғдой майдонида 51,6 фоизни, такрорий экин сифатида парваришланган мошда эса 72,9 фоизни ташкил этганилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Оч тусли бўз тупроқлар шароитида тупроққа ишлов беришнинг ресурстежамкор агротехнологиясини унинг унумдорлигига, асосий ва такрорий экинларнинг ҳосилдорлигига таъсири бўйича олиб борилган тадқиқот натижалари асосида:
кластер ва фермер хўжаликларига «Кузги буғдой ва такрорий экинлардан юқори ҳосил етиштиришда ерга ишлов бериш агротехнологиясини такомиллаштириш» номли тавсиянома тасдиқланган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2022 йил 1 мартдаги 02/23-04/888-сон маълумотномаси). Ушбу тавсиянома Андижон вилоятининг пахтачилик ва ғаллачилик фермер хўжаликлари ва кластерларда кузги буғдой ва такрорий экинларни парваришлашда экиш олдидан ерга ишлов беришда қўлланма сифатида хизмат қилмоқда;
оч тусли бўз тупроқлари шароитида тупроққа экиш олдидан комбинацион Илғор-1 агрегати ёрдамида ишлов беришнинг ресурстежамкор агротехнологияси Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида 116,4  гектарда жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2022 йил 1 мартдаги 02/23-04/888-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида кузги буғдой ҳамда такрорий экин мошнинг ўсиши, ривожланиши ва ҳосилдорлигига ижобий таъсири этиб, кузги буғдойдан 63,3 ц/га, такрорий экин сифатида экилган мошдан 19,7 ц/га ҳосил олиниб, рентабеллик даражаси 39,6-65,3 % ни ташкил этган;
кузги буғдой ва такрорий экин сифатида мош экинини парваришлашда Илғор-1 комбинацион агрегат ёрдамида ишлов бериб, бир вақтдапушта олиб, экиш ресурстежамкор агротехнологияси Избоскан туманида 93,2 гектарда жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2022 йил 1 мартдаги 02/23-04/888-сон маълумотномаси). Натижада, кузги буғдой ва такрорий экинлар экишдан олдин ерга асосий ишлов бериш технологиясини такомиллаштириш ҳисобига кузги буғдойдан 62,3 ц/га, мошдан 22,0 ц/га ҳосил олиниб, рентабеллик даражаси экин турига қараб 41,3-71,2% гача ташкил  этган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish