Sayt test rejimida ishlamoqda

Исматова Наргиза Камаритдиновнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон 

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): Ўзбекистонда халқ таълими тизимидаги ислоҳотлар босқичлари ва муаммолари  (1991 - 2021 йй.), 07.00.01 – Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.3.PhD/Tar311.
Илмий раҳбар: Пулатова Севара Акмаловна, тарих фанлари номзоди, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи – методик марказ.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, DSc.03/30.12.2019.Tar.01.04.
Расмий оппонентлар: Эргашева Юлдуз Алимовна, тарих фанлари доктори, профессор; Рўзиева Дилноз Исомжоновна, педагогика фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот номи: Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Ўзбекистонда мустақиллик йилларида халқ таълими тизимида амалга оширилган ислоҳотларнинг тарихий аҳамиятини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
1991-2021 йиллар давомида умумий ўрта таълим Давлат таълим стандартлари (давлат талаблари, ўқув режа, дастур ва баҳолаш тартиби)нинг 6 маротаба ўзгариши мактаб дарсликларнинг мунтазам янгиланишига таъсир кўрсатганлиги, бу жараён дарс сифати, битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичларининг пасайишига, пировардида жамиятнинг барча соҳаларида салоҳиятли кадрлар билан таъминлаш муаммосини келтириб чиқарганлиги далилланган;
умумтаълим муассасаларининг моддий-техник базасининг етарли бўлмаганлиги, “2004-2009 йилларда Мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий Дастури”нинг қабул қилинишига бўлган эҳтиёж, дастурни амалга ошириш учун яратилган шарт-шароитлар, уни таълим сифатининг барқарорлигига ижобий таъсир кўрсата олмаганлиги, нодавлат таълим муассасаларининг ташкил этилиши натижасида соҳада рақобат муҳитининг вужудга келтирганлиги очиб берилган;
2009-2017 йиллар давомида халқ таълими тизимига ажратилган давлат бюджети маблағларининг асосий қисми иш ҳақи сифатида сарф этилганлиги, капитал харажатлар улушининг камайиб кетиши ҳамда турлича молиялаштириш натижасида ҳудудлар ўртасидаги тафовутларнинг ортиб бориши мактаблар сонининг қисқаришига олиб келгани, Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона ва Тошкент шаҳридаги мактаблар икки навбатда ишлаганлиги далилланган;
ўқувчилар билим даражасини баҳолаш бўйича Programme for International Student Assessment,  Progress in International Reading Literacy Study халқаро дастурлари ва  Trends in Mathematics and Science Study, International Computer and Information Literacy Study каби тадқиқотларда умумтаълим муассасаларининг тизимли равишдаги иштироки ва Миллий ўқув дастурларининг яратилиши Ўзбекистон таълим тарихида янги даврни бошлаб берганлиги асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 1991-2021 йилларда Ўзбекистонда халқ таълими тизимидаги ислоҳотлар босқичлари ва муаммоларини ўрганиш юзасидан олинган илмий хулоса ва таклифлар асосида:
1991-2017 йиллар давомида умумий ўрта таълим Давлат таълим стандартларининг 6 маротаба ўзгариши умумтаълим мактабларининг фан дастурларининг ўзгариши, умумтаълим мактабларининг дарсликларнинг ўзгариши эса дарс сифатига таъсир кўрсатиб, пировардида жамиятнинг барча соҳаларида салоҳиятли кадрлар билан таъминлаш муаммосини келтириб чиқарганлиги билан боғлиқ натижалардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “O‘zbekiston tarixi” телеканалининг “Тарихий савол” (2020 йил, 19-24 ноябрь) ва “Ўзбекистон” каналининг (2021 йил 2 октябрь) “Тонгги меҳмон” кўрсатувлари сценарийларини тузишда фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг 2022 йил 22 январь 06-28-132-сон маълумотномаси). Натижада телетомошабинларнинг умумий ўрта таълим тизимининг сифат кўрсаткичларини ошириш борасида амалга оширилган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари тўғрисидаги тасаввурларини бойитишга имкон берган;
мактаблар моддий базасининг заифлиги, умумтаълим муассасаларининг моддий-техника базаси етарли эмаслиги туфайли қабул қилинган 2004-2009 йилларда Мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий дастури – илк бора нодавлат таълим муассасаларини ривожлантириш орқали таълим хизмати кўрсатиш соҳасида рақобат муҳитни вужудга келтириш, қишлоқ ва шаҳар мактабларининг моддий базаси ҳамда жиҳозланишидаги тафовутларни босқичма-босқич бартараф этишга қаратилганлиги билан боғлиқ натижалардан 1 — 11-синф “Tarbiya”, 8—11-синф “O‘zbekiston davlat va huquq asoslari”, 11-синф “Dunyo dinlari tarixi” фанидан замонавий дарсликларнинг янги авлодини яратишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг 2021 йил 21 декарбдаги 06-02/5-1947-сон маълумотномаси). Натижада ўқувчи-ёшларда тарбия масаласидаги давлат сиёсатининг мазмун-моҳиятини тушуниш имкони пайдо бўлган;
халқ таълими тизимига ажратилган давлат бюджети маблағларининг асосий қисми иш ҳақи ва методик таъминотга сарф этилиб, капитал харажатларнинг улушининг камайиб кетиши ҳамда турлича молиялаштириш натижасида  ҳудудлар ўртасидаги тафовутларнинг ортиб бориши мактаблар сонининг қисқариши, Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона ва Тошкент шаҳридаги мактаблар 40% кўпроқ ортиқча қувват билан ишлашига олиб келиб, 2010-2016 йилларда икки навбатда ишлайдиган мактаблар 15% ортиб борганлигига оид натижалардан Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик маркази томонидан “Ўзбекистон Республикасининг энг янги тарихи” фундаментал лойиҳаси (ОТ-Ф1-133) доирасида яратилган “Новейшая история Узбекистана” (т.д.н., проф. М.А.Рахимова умумий таҳририда.) дарслиги. –Т.: Адабиёт учқунлари, 2018. – 512 с.; қайта нашр: “Новейшая история Узбекистана” учебник. –Т.: Nurafshon business, 2020. –512 с.) дарслигининг мазмунини бойитишда фойдаланилган. Натижада, олий ўқув юртлари талабаларининг халқ таълими тизими тарихининг 30 йил давомидаги ҳолатига оид маълумотларни мазмунан бойитишга хизмат қилган;
ўқувчилар билим даражасини баҳолаш бўйича халқаро дастурлар ва тадқиқотлар (PISA – Programme for International Student Assessment, ТIMSS – Trends in Mathematics and Science Study, PIRLS – Progress in International Reading Literacy Study, ICILS – International Computer and Information Literacy Study ва бошқалар)да умумтаълим муассасалари ўқувчиларининг иштироки Ўзбекистон таълим тарихида янги даврни бошлаб берганлигига оиднатижалардан “Tarbiya” фанининг Давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурларини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузурида Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтининг 2021 йил 23 декабрдаги 19-сон маълумотномаси). Натижада бугунги давр талабларига мос, янги авлод дарсликларини яратиш учун замонавий ДТС ва ўқув дастурларини замон талабларига мос ҳолда такомиллаштиришда муҳим аҳамиятга эга бўлган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish