Sayt test rejimida ishlamoqda

Йўлчиев Аслбек Бахтиёрбековичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Юқори госсиполли пахта мойини рафинациялаш технологиясини такомиллаштириб олинган товарларни синфлаш», 02.00.17 - Қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат маҳсулотларига ишлов бериш, сақлаш ҳамда қайта ишлаш технологиялари ва биотехнологиялари, 02.00.09 - Товарлар кимёси (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2022.3.DSc/T536.
Илмий маслаҳатчилар: Серкаев Қамар Пардаевич, техника фанлари доктори, доцент; Асқаров Иброхим Рахманович, кимё фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Андижон давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент кимё-технология институти ҳузуридаги DSc.03/30.12.2019.Т.04.01 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Курбонов Жамшед Маджидович, техника фанлари доктори, профессор; Ахмедов Азим Нормўминович, техника фанлари доктори, профессор; Маматова Ирода Юсуповна, кимё фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Бухоро муҳандислик-технология институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: ўта юқори частотали ишлов бериш билан юқори госсиполли пахта мойини олиш, госсиполни алоҳида товар сифатида ажратиш, госсиполсизлантирилган мойни рафинациялаш технологиясини ҳамда олинган маҳсулотларга ТИФ ТН товар код рақамларини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
чигит янчилмасига ўта юқори частотали электрмагнит майдонда ишлов беришнинг госсипол қопчаларига таъсири, госсипол шаклининг нативликдан боғланган ҳолатга ўзгариш хусусиятлари аниқланган; 
чигит янчилмасига ўта юқори частотали электрмагнит майдон ёрдамида “юмшоқ” режимда, мақбул технологик шароитларда гидротермик ишлов бериш, пресс мойини кислота сонини 1,3-1,5 ва перекис сонини 1,4-1,7 бирликка қадар пасайтириши, эркин госсиполни мой таркибида максимал сақлаб қолиш қонуниятлари аниқланган;
юқори госсиполли пахта мойи массасига нисбатан 0,2% миқдорида моноэтаноламин билан форрафинация қилиш орқали, 0,5-0,7% миқдорида кўпроқ госсиполни алоҳида товар сифатида ажратиб олиш технологияси такомиллаштирилган;
форрафинацияланган мойни рафинация қилишда мой массасига нисбатан 0,5% миқдорида 25% концентрацияли ишқор-карбамид эритмаси билан ишлов бериш, тоза мой чиқишини 0,4-0,6% га ошириши назарий ва амалий жиҳатдан исботланган; 
юқори госсиполли пахта мойини ишлаб чиқариш ва қайта ишлашдан олинган товарларнинг кимёвий таркиби асосида ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатураси бўйича товар кодлари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Ўта юқори частотали нурлар ёрдамида олинган пахта мойини рафинациялаш технологиясини такомиллаштириш ва товарларни синфлаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
чигит янчилмасига ўта юқори частотали ишлов бериш технологияси «Golden oil best» МЧЖда амалиётга жорий қилинган («Ўзёғмойсаноат» уюшмасининг 2022 йил 11 октябрдаги ОЗ/3-840-сон маълумотномаси). Натижада, янчилмани пресслашга тайёрлаш жараёнини 5-8 марта жадаллаштириш имконини берган; 
ўта юқори частотали ишлов бериш ёрдамида олинган юқори госсиполли пахта мойини икки босқичли рафинациялаш технологияси «Golden oil best» МЧЖда амалиётга жорий қилинган («Ўзёғмойсаноат» уюшмасининг 2022 йил 11 октябрдаги ОЗ/3-840-сон маълумотномаси). Натижада, таклиф этилаётган технология пресс мойининг кислота сонини 1,3-1,5 бирлик ва перекис сонини 1,4-1,7 бирликга қадар камайтириши ҳамда рафинацияланган мойнинг чиқишини 0,4-0,6% гача ошириш имконини берган; 
юқори госсиполли пахта мойидан олинган техник госсипол учун ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатураси бўйича 1512299001 товар код рақамлари давлат божхона амалиётига жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси марказий божхона лабораториясининг 2022 йил 01 июлдаги 16/05-22-0369-сон маълумотномаси). Натижада, импорт-экспорт операцияларида техник госсиполни алоҳида товар сифатида идентификациялаш имконини берган; 
форрафинация чўкмаси таркибидан техник госсиполни ажратиб олишнинг такомиллаштирилган технологияси Golden oil best» МЧЖда амалиётга жорий қилинган («Ўзёғмойсаноат» уюшмасининг 2022 йил 11 октябрдаги ОЗ/3-840-сон маълумотномаси). Натижада, саноат шароитида ишлаб чиқарилаётган пресс мойи таркибидаги эркин госсипол миқдорини 0,5-0,7% га ошириш имконини берган;
кам госсиполли пахта кунжараси учун ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатураси бўйича 2306490001 товар код рақамлари давлат божхона амалиётига жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси марказий божхона лабораториясининг 2022 йил 1 июлдаги 16/05-22-0374-сон маълумотномаси). Натижада, кам госсиполли пахта кунжарасини кимёвий таркиби бўйича синфлаш омихта ем базасини кенгайтириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish