Sayt test rejimida ishlamoqda

Тўраева Баҳор Баҳриддиновнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Замонавий романчиликда хронотоп поэтикасининг қиёсий-типологик тадқиқи», 10.00.06 - Қиёсий адабиётшунослик, чоғиштирма тилшунослик ва таржимашунослик (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.1.DSc/Fil296.
Илмий маслаҳатчи: Халлиева Гулноз Искандаровна, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Бухоро давлат университети, DSc.03/04.06.2021.Fil.72.03.
Расмий оппонентлар: Муродов Ғайрат Некович, филология фанлари доктори, профессор; Жўраева Малоҳат Муҳаммадовна, филология фанлари доктори, профессор; Чўпонов Отаназар Отожонович, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.    
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади хронотопнинг классик  ва замонавий шакллари, турлари ҳамда ифода усулларидан иборат тизимини замонавий романлар мисолида илмий-таҳлилий, қиёсий-типологик ва назарий жиҳатдан очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
хронотопнинг адабий-эстетик категория сифатидаги назарий-концептуал мақоми, унинг шакллари (тарихий, хроникавий-маиший, авантюр ёки саргузашт,  мистик, фантастик, идиллия, мифологик, биографик, абадият (эсхатологик), тақвим, реал), турлари (лирик, эпик, драматик), категориялари (ўтмиш, ҳозир, келажак) ҳамда усуллари (ретроспекция, проспекция, ретардация)дан иборат яхлит тизим эканлиги исботланган; 
парабола-романнинг жанрий хусусиятлари тадқиқот объекти мисолида таҳлил қилиниб, ижодкорларнинг воқеаларни бадиий-эстетик жиҳатдан асослаш учун асосий сюжет чизиғига параллел – аналитик ва синтезлашган фольклоризмларни қўллаш маҳоратидаги индивидуал (ривоят ва миф негизида сюжет яратиш) ва муштарак (мақол, матал ва халқ қўшиқларининг романда қўлланилиши) хусусиятлари далилланган; 
инсон ва жонзот руҳий оламидаги эврилишлар микрохронотоп, ижтимоий-тарихий шароитнинг қаҳрамон тақдири ва феъл-атворига таъсири макрохронотоп, технократлашаётган олам фожиалари, илмий кашфиётларни Яратган иродасига қарши қўллашнинг ҳалокатли оқибатлари мегахронотоп асосида ифодаланиши сюжет, композиция, мотив, образ, детал, услуб сингари поэтик компонентларнинг семантик-структурал муносабати доирасида аниқланган;  
замонавий романларда ҳаёт ҳақиқатини бадиий ҳақиқатга айлантиришда ўтмишга мурожаат, ўтган воқеалар ва кечинмалар таҳлили – ретроспекция; келажакка назар, мўлжалланган хатти-ҳаракатлар ва воқеа-ҳодисаларнинг намоёни – проспекциянинг роман бадиий майдонини кенгайтиришдаги вазифаси изоҳланиб, романлар хронотопининг умумконцептуал сатҳида ретроспекция усулининг устунлиги исботланган;
ёзувчиларнинг қаҳрамон яратиш маҳорати, умумлаштириш ва типиклаштириш хусусиятлари, қаҳрамон ва жамият диалектикаси; пейзаж, портрет, нутқ, ички монолог, галлюцинация, туш каби руҳий таҳлил воситалари асосида замонавий романлар бадиий эстетикасининг семиотик воқеланиши далилланган;
эпик асарларга хос композицион усул – ретардациядан фойдаланишда адиблар услубидаги индивидуаллик ва универсаллик  аниқланиб, лирик чекиниш, киритма воқеалар, ривоят, эпиграф, муфассал портрет, персонаж характеристикасини беришда ижодкорлар услубига хос  муштараклик – персонажнинг ўтмиши ҳақида ҳикоя қилиш, пейзажнинг параллел ва контраст тасвири каби композицион воситаларнинг бирламчи характерга эга эканлиги асосланган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Замонавий романчиликда хронотоп поэтикасининг қиёсий-типологик тадқиқи юзасидан олинган илмий натижалар асосида:
 замонавий романлар хронотопининг муаллифлар ижодий нияти ва асарлар ғоявий-эстетик  концепцияларидан келиб чиқувчи ўзига хос шакллари, турлари ва ифода усулларининг ижодий-индивидуал ҳамда қиёсий-типологик синтезига оид хулосалардан Тошкентдаги АҚШ Элчихонаси томонидан молиялаштирилган SUZ80021IN3103 рақамли лойиҳада фойдаланилган (Бухоро давлат университетининг 2022 йил 15 июндаги 05-01-0941-сон маълумотномаси). Натижада қирғиз адиби Чингиз Айтматов ва ўзбек романнавислари – Ўткир Ҳошимов, Нормурод Норқобилов, Исажон Султон, Улуғбек Ҳамдам услубидаги муштараклик ҳамда ўзига хослик қиёсланиб, ҳаётий ҳақиқатни бадиий ҳақиқатга айлантириш маҳоратини  таҳлил қилиш имконияти яратилган;
парабола-романнинг жанрий хусусиятлари, ижодкорларнинг воқеаларни бадиий-эстетик жиҳатдан асослаш учун асосий сюжет чизиғига параллел – аналитик ва синтезлашган фольклоризмларни қўллаш, яъни амебей композицияни яратиш маҳоратидаги индивидуаллик ва универсалликнинг систем-структур таҳлили билан боғлиқ натижалардан ФА-Ф1-ОО5 «Қорақалпоқ фольклоршунослиги ва адабиётшунослигини тадқиқ этиш» мавзусидаги фундаментал тадқиқот лойиҳасида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлимининг 2022 йил 16 майдаги 17.01.137-сон маълумотномаси). Натижада замонавий романчиликда фольклорнинг эртак, афсона, ривоят, қўшиқ каби жанрларини ёхуд уларга хос айрим мотив ҳамда образларни стилизация қилиш асосида сюжет яратиш, фольклор анъаналаридан ижодий фойдаланиш тамойиллари хусусидаги мулоҳазалар бойитилган;
замонавий роман поэтикаси, хронотоп назарияси ва яхлит тизими,  Чингиз Айтматов ва замонавий ўзбек романнависларининг фалсафанинг замон-макон категориясини бадиий замон ва бадиий макон адабий-эстетик ҳодисасига айлантириш маҳорати билан боғлиқ  хулоса ва умумлашмалардан 2021–2023 йилларда амалга оширилиши мўлжалланган ФЗ-201912258  рақамли «Ўзбек адабиётининг кўп тилли (ўзбек, рус, инглиз тилларида) электрон платформасини яратиш» мавзусидаги амалий лойиҳада фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2022 йил 5 июлдаги 04/1-2243-сон маълумотномаси). Натижада ижодкорларнинг олам тасвирини бадиий хронотоп орқали қайта яратиш маҳоратига доир илмий-назарий қарашлар лойиҳа мазмун-моҳиятини  бойитган;
эпик асарларга хос композицион усул – ретардациядан фойдаланишда адиблар услубидаги ўзига хослик, яъни Ч.Айтматов романларида лирик чекиниш, киритма воқеалар, ривоят, эпиграф, Н.Норқобилов романларида муфассал портрет, персонаж характеристикасини бериш ҳамда ҳар икки ижодкор услубига хос  муштараклик – персонажнинг ўтмиши ҳақида ҳикоя қилиш, пейзажнинг параллел ва контраст тасвири каби композицион воситалар қўлланилиши хусусидаги хулосалардан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг  ёшлар ўртасида китобхонлик танловларини ўтказиш чора-тадбирларини амалга оширишда фойдаланилган (Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг 2022 йил 17 июндаги 01-03/807-сон маълумотномаси). Натижада ёзувчиларнинг ретардациядан фойдаланиш маҳорати тўғрисидаги илмий-назарий хулосалар ёш ёзувчиларнинг ижод, адабиёт ва ҳаёт ҳақидаги тасаввурларини кенгайтирган;  
фалсафий-дидактик муаммолар, ижтимоий-тарихий шароитнинг қаҳрамон тақдири ва феъл-атворига таъсирини теран бадиий тадқиқ этиш, қаҳрамоннинг руҳий олами, орзу-армонлари ижтимоий асосга эгалиги ва буларни ижтимоий-психологик жиҳатдан асослашга интилиш ёзувчининг ижодий нияти замирида мега, макро ҳамда микрохронотоп орқали очиб берилишига оид хулосалардан Бухоро вилояти хокимлиги томонидан академик Тўра Мирзаев номидаги аxборот-кутубxона марказида ёшлар ўртасида беш босқичдан иборат «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида «Зукко китобxон» тадбирини ўтказишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Бухоро вилояти ҳокимлиги аппаратининг 2022 йил 9 июндаги 11/3605-сон маълумотномаси). Натижада тўртинчи ташаббусда кўрсатилган ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилган вазифалар муайян даражада амалга оширишга эришилган;
ёзувчиларнинг қаҳрамон яратиш маҳорати, умумлаштириш ва типиклаштириш хусусиятлари, қаҳрамон ва жамият диалектикаси; пейзаж, портрет, нутқ, ички монолог, галлюцинация, туш каби руҳий таҳлил воситалари асосида Ч.Айтматов асарларининг таҳлилига доир хулосалардан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси томонидан Чингиз Айтматовнинг «Жамила» қиссаси таҳлилига бағишланган «Биргаликда ўқиймиз» кўрсатувида фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси «Madaniyat va ma’rifat» телеканали давлат муассасасининг 2022 йил 8 июндаги 01-02-03/107-сон маълумотномаси). Натижада  телетомошабинларнинг буюк қирғиз адиби Чингиз Айтматовнинг ижодий мероси, асарларида илгари сурилган умуминсоний қарашлар бўйича хулосаларини бойитишда муҳим аҳамият касб этган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish