Sayt test rejimida ishlamoqda

Касимова Дилбар Маратовнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри: «Меҳнат бозорини сифат жиҳатидан ривожлантиришда меҳнат фаолиятини интеллектуаллашуви жараёнларини такомиллаштириш», 08.00.10 – Демография. Меҳнат иқтисодиёти (иқтисодиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.2.PhD/Iqt173.
Илмий маслаҳатчининг Ф.И.Ш., илмий даража ва унвони: Максакова Людмила Петровна, иқтисодиёт фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат иқтисодиёт университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Г.В.Плеханов номли Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали, DSc.22/30.12.2019.I.100.01 
Расмий оппонентлар: Рахимова Нигина Хайруллаевна, иқтисодиёт фанлари доктори; Таиров Санжар Октамович, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD). 
Етакчи ташкилот: Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади меҳнат бозорини сифат жиҳатидан ривожлантиришда меҳнат фаолиятини интеллектуаллашуви жараёнларини такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
тўлиқ бўлмаган иш куни шароитида ишлаш ва оилавий мажбуриятли ходимлар учун меҳнат фаолиятини самарали ташкил қилиш (бўлинган иш ўрни, масофали ишлаш, фриланс, ўзини ўзи  банд қилувчилар, аутсорсинг), жумладан ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланишнинг қўшимча  имкониятлари асослаб берилган;
ишлаб чиқаришдаги меҳнатни интеллектуаллашуви учун керакли бўлган ва ходимларни меҳнат бозорига мослашиши, самарали банд бўлиши учун зарур компетенциялар: эмоционал интеллект, когнитив мослашувчанлик, танқидий фикрлаш, ҳамкорлик қила олиш лаёқати каби кўникмалар таснифи ишлаб чикилган ва ахборот-компьютер марказларидаги касблар рўйхати такомиллаштирилган;
“Farg’onaazot”, “Navoiyazot”, “Maxam-Chirchiq” акциядорлик жамиятларининг меҳнат интеллектуаллашув жараёнини баҳолаш бўйича методологик ёндашувга кўра корхона меҳнат интеллектуаллашуви даражасини “қуйи”, “ўрта” ва “юқори” босқич асосида баҳолашнинг мақсадга мувофиқлиги асослаб берилган;
“иқтисодий имкониятлар демографик дарчаси”дан самарали фойдаланиш ва хотин-қизларнинг жамиятни инклюзив ва барқарор ривожланишида тўлақонли иштирокини таъминлаш юзасидан ўрта, профессионал-техник таълим, бандлик марказлари ёрдамида уларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш мумкинлиги асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Меҳнат бозорини сифат жиҳатидан ривожлантиришда меҳнат фаолиятини интеллектуаллашуви жараёнларини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида: 
тўлиқ бўлмаган иш куни шароитида ишлаш ва оилавий мажбуриятли ходимлар учун меҳнатни ташкил қилишда ходимлар меҳнат фаолиятини самарали ташкил қилиш (бўлинган иш ўрни, масофали ишлаш, фриланс), жумладан ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш имкониятлари бўйича таклифлар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолиятида фойдаланиб, 2025 йилгача халқаро конвенцияларни ратификация қилиш бўйича дастурга киритилган (Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг жорий этиш тўғрисидаги 2020 йил 14 сентябрдаги 01/00-04/07-7843-сон маълумотномаси). Таклифларнинг жорий қилиниши банддлик даражасини оширишга ҳамда  1994 йилдаги тўлиқ бўлмаган вақт шароитида ишлаш тўғрисидаги конвенция (175-сонли), 1981 йилдаги оилавий мажбуриятларга эга ишчилар тўғрисидаги конвенцияни (156-сонли) ратификация қилиш учун  услубий асос яратишга хизмат қилган;
ходимларнинг меҳнат бозорида мослашиши, самарали ишга жойлашуви ва ишлаб чиқаришларда меҳнатни интеллектуаллашуви учун зарур бўлган компетенцияларнинг муаллифлик таснифи, меҳнат фаолияти интеллектуаллашуви компетенциялари классификацияси ҳамда ахборот-компьютер маркази  касблар рўйхати бўйича таклифлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 августдаги ПҚ-4804-сон қарорида эътиборга олинган ҳамда бандликка кўмаклашиш ўқув марказлари фаолияти натижадорлигини ошириш бўйича  Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2020 йил 14 сентябрдаги 133-сонли буйруғининг 20-банди асосида амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг жорий этиш тўғрисидаги 2020 йил 14 сентябрдаги 01/00-04/07-7843-сон маълумотномаси). Таклифларнинг амалиётга жорий этилиши натижасида меҳнат бозорида мослашиш, самарали ишга жойлашиш ва ишлаб чиқаришларда меҳнатнинг интеллектуаллашуви даражасини муайян даражада оширишга эришилди. Шунингдек «Mehnat.uz» “Ахборот-компьютер маркази” касблар рўйхати ишлаб чиқилди, ушбу натижалар Касб-ҳунар марказларида таълим олган ишсизлар сонининг  0,23% га ортишига хизмат қилган.
“Farg’onaazot”, “Navoiyazot”, “Maxam-Chirchiq” акциядорлик жамиятларининг интеллектуаллашуви жараёнини баҳолаш бўйича методологик ёндашувга кўра корхона интеллектуаллашув даражасини “қуйи”, “ўрта” ва “юқори” босқич асосида баҳолашнинг мақсадга мувофиқлиги бўйича таклифлар “Navoiyazot” акциядорлик жамиятини 2023 йилга мўлжалланган ривожлантириш дастурини ва 2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикаси кимё саноатини инновацион ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқишда фойдаланилган (“O’zkhimyosanoat” АЖ нинг 2022 йил 3 июндаги 23-3-2851-сон маълумотномаси). Таклифларнинг амалга оширилиши “Navoiyazot” акциядорлик жамияти интелектуаллашув даражасини ошириш бўйича қўшимча имкониятларини ишлаб чиқариш оборотига жалб этишга ҳамда кимё саноатини меҳнатни интеллектуаллашуви талаблари асосида соф фойдани прогнозлаштиришнинг аниқлик даражасини оширишга  хизмат қилган;
    “иқтисодий имкониятлар демографик дарчаси”дан самарали фойдаланиш ва хотин-қизларнинг жамиятни инклюзив ва барқарор ривожланишида тўлақонли иштирокини юзасидан ўрта, профессионал-техник таълим, бандлик марказлари асосидаги иқтисодий имкониятлари бўйича таклифлар  «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти тавсияларига киритилган (Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўйича вазирлик қошидаги «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институтининг 2022 йил 28 февралдаги 01-09/809-сон маълумотномаси). Таклифларнинг амалга оширилиши натижасида Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида хотин-қизлар тадбиркорлиги ва мослашувчан кўникмаларини ривожлантириш, когнитив мослашувчанлик, ҳамкорлик лаёқатларини ривожлантириш бўйича курслар ташкил қилинган ҳамда ўқув курсларининг 30% битирувчилари ўз бизнесини йўлга қўйишга муваффақ бўлган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish