Sayt test rejimida ishlamoqda

Ғаниев Шахоб Рабимкуловичнинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Ўрта Зарафшон ҳавзаси дарёларининг гидрологик режими, сув ресурслари ва улардан самарали фойдаланиш», 11.00.03 - Қуруқлик гидрологияси. Сув ресурслари. Гидрокимё (география фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.2.PhD/Gr103.
Илмий раҳбар: Ҳикматов Фазлиддин Ҳикматович, география фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти, DSc.27/30.12.2019.Gr.47.01.
Расмий оппонентлар: Мурадов Шухрат Одилович, техника фанлари доктори, профессор; Салимова Барно Джамаловна, техника фанлари номзоди, профессор.
Етакчи ташкилот: Наманган давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Ўрта Зарафшон ҳавзаси кичик дарёлари ва сойлари гидрологик режимини иқлим ўзгариши шароитида аниқлаш, сув ресурсларини миқдорий баҳолаш ва улардан самарали фойдаланиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
дарёлар ҳавзаларининг сув бериш имконияти уларнинг гидрографик кўрсаткичлари - бош дарё (L, км) ва ирмоқларининг (ℓi, км) узунликлари, майдонлари (F, км2), ўртача баландликлари (Hўрт, м), дарё тармоқларининг зичлик коэффициентлари (α, км/км2)га боғлиқ ҳолда аниқланган;
ҳавза дарёларининг йиллик ва йил фаслларидаги (баҳорги, ёзги) оқимлари кўрсаткичлари - сув сарфи (Q, м3/с), оқим ҳажми (W, м3), оқим модули (M, л/с•км2), оқим қатлами (h, мм) турли иқлимий даврлар учун миқдорий баҳоланган;
ҳавза дарёлари ва сойлари оқимининг кузги-қишки, баҳорги ва йиллик ёғинлар (Х, мм) миқдорига ҳамда ҳаво ҳароратига (t, 0C), шунингдек, дарёлар ҳавзаларининг морфометрик кўрсаткичларига боғлиқлиги аниқланган, уларнинг регрессия тенгламалари тузилган;
дарёлар ва сойлар оқимининг (Q, м3/с) йиллараро тебраниши, ўзгарувчанлиги (Cv) статистик баҳоланган, йил давомида ойлар, йил фасллари ҳамда сув режими фазалари бўйича тақсимланиши аниқланган; 
ҳавзада дарёлари ва сойлари сув ресурсларининг иқлим ўзгариши шароитидаги характерли (ўртача, минимал, максимал) миқдорлари аниқланган, уларни сув омборларида тўплаш ва ҳудудда сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши: 
Ўрта Зарафшон ҳавзаси дарёларининг гидрологик режими, сув ресурслари ва улардан самарали фойдаланиш бўйича олинган натижалар асосида:
Ўрта Зарафшон ҳавзаси дарёларининг гидрографик кўрсаткичлари, жумладан, бош дарё (L, км) ва ирмоқларнинг (ℓi, км) узунликлари, сув тўплаш майдонлари (F, км2), ўртача баландликлари (Hўрт, м), дарё тармоқлари зичлиги (α, км/км2) нинг аниқланган қийматларидан “Картография” илмий ишлаб чиқариш давлат корхонасида Ўзбекистон Миллий Атласининг “Гидрографик тармоқлар” картасини тузишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг 2022 йил 17 мартдаги 01-13-101-сон маълумотномаси). Натижада, Ўрта Зарафшон ҳавзаси дарёлари гидрографик тармоқларининг морфометрик кўрсаткичлари асосида, улар ҳавзаларининг сув бера олиш хусусиятларини аниқлаш имконияти яратилган;
ҳавза дарёларининг мавсумий, яъни баҳор (III-V) ва ёз (VI-VIII) фаслларидаги оқимлар кўрсаткичлари - сув сарфи (Q, м3/с), оқим ҳажми (W, м3), оқим модули (M, л/с•км2), оқим қатлами (h, мм) нинг миқдорий қийматлари “Картография” илмий ишлаб чиқариш давлат корхонасида Ўзбекистон Миллий Атласидаги “Баҳорда дарёлар оқимининг тақсимланиши (март-май)” ва “Ёзда дарёлар оқимининг тақсимланиши (июнь-август)” карталарини тузишда жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг 2022 йил 17 мартдаги 01-13-101-сон маълумотномаси). Натижада, дарёларнинг баҳорги тўлинсув ҳамда ёзги кам сувли даврлари оқимини тезкор миқдорий баҳолашнинг қўшимча имкониятлари яратилган;
дарёлар ва сойлар оқими модулининг улар ҳавзаларининг ўртача баландлиги (H, м) ва майдонлари (F, км2)га боғлиқлигини ифодаловчи кўп ҳадли регрессия тенгламаларидан Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати марказида ўрганилмаган дарёлар ва сойлар оқимини миқдорий баҳолашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати марказининг 2022 йил 10 августдаги 01-15/1011-сон маълумотномаси). Натижада, ҳавзадаги ўрганилмаган дарёлар ва сойлар сув ресурсларининг миқдорий қийматларига аниқлик киритиш имконияти яратилган;
ҳавза дарёлари ва сойлари оқимининг (Q, м3/с) йиллараро тебраниши ва ўзгарувчанлигини (CV) статистик баҳолаш ва уларнинг йил давомида ойлар ва мавсумлар бўйича тақсимланишининг миқдорий қийматларидан Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати марказида гидрологик йилномалар, сув кадастри маълумотномаларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати марказининг 2022 йил 10 августдаги 01-15/1011-сон маълумотномаси). Натижада, ҳавза дарёлари оқимининг йил давомида ойлар, йил фасллари ва сув режими фазалари бўйича тақсимланиши ҳақидаги гидрологик маълумотлар базаси тўлдирилган;
дарёлар ва сойлар сув ресурсларининг иқлим ўзгариши шароитидаги характерли (ўртача, минимал, максимал) миқдорий қийматларидан Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати марказида уларнинг турли таъминланишдаги қийматларини аниқлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати марказининг 2022 йил 10 августдаги 01-15/1011-сон маълумотномаси). Натижада, характерли йиллардаги сув ресурсларини миқдорий баҳолаш, уларни мавсумий сув омборлари ёрдамида самарали бошқаришнинг қўшимча имкониятлари яратилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish