Sayt test rejimida ishlamoqda

Иброҳимова Зулхумор Солих қизининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.    Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Оилага қарши жиноятларнинг жиноят-ҳуқуқий ва криминологик жиҳатлари”, 12.00.08 – Жиноят ҳуқуқи. Криминология. Жиноят-ижроия ҳуқуқи (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.2.PhD/Yu557.
Илмий раҳбар: Абдуқодиров Шерзод Ёқубжонович, юридик фанлар доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат юридик университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат юридик университети, DSc.07/13.05.2020.Yu.22.03.
Расмий оппонентлар: Ахмедова Гўзалхон Уткуровна, юридик фанлар доктори, доцент; Нажимов Миратдийин Шамшетдинович, юридик фанлар номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.    Тадқиқотнинг мақсади оилага қарши жиноятлар билан курашишнинг жиноят-ҳуқуқий ва криминологик жиҳатларини такомиллаштиришга қаратилган таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III.   Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказларини ташкил этишда замонавий намунали оила мезонларини ҳаётга жорий этиш, оилавий ажралишларнинг олдини олиш, никоҳланувчи шахсларда оилавий қадриятларни ҳурмат қилиш каби жиҳатларга устувор аҳамият берилиши зарурлиги асосланган;
моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни, шунингдек меҳнатга лаёқатсиз ва моддий ёрдамга муҳтож бўлган ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун жиноий жавобгарликни дифференциациялаш ва либераллаштириш зарурати асосланган;
аёлни эрга тегишга мажбур қилиш ёки унинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш оғир оқибатларга сабаб бўлганда жиноий жавобгарликни оғирлаштириш зарурлиги асосланган;
моддий таъминлаш мажбуриятлари бўйича қарздорлик тўлиқ қопланган тақдирда шахс айнан жиноий жавобгарликдан озод қилинишининг аниқлаштирилиши зарурати асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларини жорий қилиниши. Оилага қарши жиноятларнинг жиноят-ҳуқуқий ва криминологик жиҳатларини ўрганишга бағишланган тадқиқот иши бўйича олинган илмий натижалар асосида:
ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва замонавий намунали оила мезонларини ҳаётга жорий этиш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, оилавий ажралишларнинг олдини олиш, никоҳланувчи шахсларда оилавий қадриятларни ҳурмат қилиш, оилаларда соғлом маънавий-ахлоқий муҳитни яратиш ҳамда ибратли ота-она бўлиш кўникмаларини шакллантиришга оид таклифлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги 820-сон қарорининг 1 ва 2-бандларини ишлаб чиқишда инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Юридик таъминлаш бошқармасининг 2021 йил 21 майдаги 12/21-25-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг қабул қилиниши мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлашга ва шу орқали оилага қарши жиноятларнинг олдини олишга хизмат қилган;
вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш ҳамда ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлаш учун жиноий жавобгарликни кучайтиришга оид таклифлардан Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 9 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ–459-сон қонунининг 31-моддаси билан киритилган қўшимчалар асосида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122 ва 123-моддаларини такомиллаштиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси 2021 йил 21 майдаги 27/142-21-сон маълумотномаси). Ушбу таклифларнинг қабул қилиниши оилага қарши жиноятлар учун жиноий жавобгарликни дифференциациялаш ҳамда жиноят қонунини либераллаштиришга хизмат қилган;
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 136-моддасида кўзда тутилган аёлни эрга тегишга мажбур қилиш ёки унинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш учун жавобгарлик белгиланган жиноят-ҳуқуқий нормани мазкур ҳаракат оғир оқибатларга сабаб бўлган ҳолларда, уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазолаш мақсадга мувофиқлиги ҳақидаги таклифдан янги таҳрирдаги Жиноят кодекси лойиҳасининг 166-моддаси 2-қисмини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг 2021 йил 21 майдаги 27/144-21-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг қабул қилиниши оилага қарши жиноятларга қарши курашиш ва уларнинг олдини олишга хизмат қилган;
вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни ҳамда ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлаш учун жавобгарлик белгиланган нормаларга шахс ўзининг моддий (алимент) мажбуриятлари бўйича қарздорликни тўлиқ тўлаган тақдирда, шахс айнан жиноий жавобгарликдан озод қилинишининг аниқлаштирилишига оид таклифлардан янги таҳрирдаги Жиноят кодекси лойиҳасининг 148-моддаси 2-қисми ва 149-моддаси 2-қисмини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг 2021 йил 21 майдаги 27/144-21-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг қабул қилиниши оилага қарши содир этилган жиноятларга қарши курашиш самарадорлигини оширишга ва уларнинг олдини олишга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish