Sayt test rejimida ishlamoqda

Эргашев Қодир Отаджановичнинг 
фан  доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): “Алишер Навоийнинг насрий услуби масалалари ”, 10.00.02 – Ўзбек адабиёти (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.1.DSc/Fil.107.                                                                                                                        
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Ўзбек тили, адабиёт ва фольклори институти, DSc.02/30.12.2019.Fil.46.01 
Расмий оппонентлар: Қобилова Зебо Бакировна, филология фанлари доктори; Салоҳий Дилором Исомиддин қизи, филология фанлари доктори, профессор; Жўраев Ҳабибулло Абдусаломович, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Алишер Навоийнинг насрий услуби масалаларини ёритиш, адиб ижодий онги ва услубига таъсир кўрсатган омилларни, насрий услубига хос асосий хусусиятларни аниқлаш, унинг услубий маҳорати ва новаторлигини очиб  беришдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ишда адиб ижодий онгига ва у орқали насрий услубининг шаклланишига таъсир кўрсатган омиллар (давр ахлоқи, этикети, адабий анъаналари, услуби) очиб берилиб, Навоий насрий услубида давр билан боғлиқ омиллар таъсири остида юзага келган хусусиятлар (муболағали таъриф-тавсифлар, ҳукмдорлар билан боғлиқ ўринлардаги мадҳ, кўтаринкилик, тантанавор оҳанг, муаллиф шахсига хос хоксорлик ва камтарлик, турли бадиий  санъатлардан  фойдаланиш, фикрларнинг  фасоҳатли, жимжимадор ибораларда ифодаланиши) аниқланган;
ёзувчи насрий асарлари ва услубида унинг шахсиятининг,  ижодий онгининг ўзига хослиги билан боғлиқ равишда пайдо бўлган жиҳатлар (асарларидаги фалсафий теранлик, теран фалсафанинг ўзига хос бадиий ифодаси, шоҳ ҳокимияти концепциясининг бадиий талқини, новаторлиги, ўз даври адабиётида янги ҳодисалар сифатида намоён бўлувчи асарлар яратгани) очиб берилган;
Навоий насрий асарларида баён тарзи ва матн композицияси масалалари, баён тарзининг рангинлигини таъминловчи омиллар (баённинг айрим ўринларда муаллиф тилидан эмас, бошқа шахс тилидан олиб борилиши, риторик воситалардан фойдаланиш), муаллиф образи, матнни тузиш ва ташкил этишнинг асосий тамойиллари, муаллифнинг баёндаги ва матн тузишдаги маҳорати масалалари далилланган;
асарлар символикасининг асосий қатламлари ажратиб кўрсатилиб, уларнинг хусусиятлари очиб берилган, Навоий насрий асарларида анъанавий символларнинг ўзгача тарзда ҳам қўлланиши, янги маънолар, маъно оттенкаларини касб этиши, шунингдек, адибнинг символлар қаторларини тўлдиргани ва бойитгани кўрсатилиб, унинг новаторлиги исботланган, Навоий насридаги символик эпизодларнинг рамзий маънолари, асардаги бадиий функцияси кўрсатиб берилган;
тарихий асарларининг услубий хусусиятлари очиб берилган ва бу асарлар, бир томондан, илмий-тарихий манбаларга, иккинчи томондан, адабий асарларга хос хусусиятларни ўзида бирлаштириши, шу сабабли  уларга икки услуб – илмий ва адабий услублар синтези хослиги аниқланган ҳамда улардаги илмий ва адабий услуб унсурлари қайд қилинган;
Навоийнинг илмий рисолалариинг услубига хос асосий жиҳатлар аниқланиб, улар мисолида адибнинг илмий услубига хос хусусиятлар (соҳага оид билимларнинг тизимлаштирилиши, баённинг аниқлиги ва равшанлиги, изчиллиги, фикрларнинг асосланиши ва далилланиши, илмий таҳлилдан фойдаланиш, турли тушунчаларга берилган таърифларнинг қисқа, аниқ ва лўндалиги, айрим ўринларда полемик пафоснинг мавжудлиги ва ҳоказо) очиб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. “Алишер Навоийнинг насрий услуби масалалари” мавзусидаги дисссертация тадқиқотида олинган илмий  натижалар асосида:
адибнинг насрий услубига, асарларининг жанрий-услубий ўзига хослигига, жумладан, “Маҳбуб ул-қулуб”нинг жанрий мансубияти, мемуар-биографик асарларида мемуар-эсдалик ифода услубининг етакчи экани,  Навоий насрида услубий усуллар ва воситаларнинг қўлланиши, уларнинг муаллифнинг бадиий ниятини амалга оширишга хизмат қилишига, адибнинг тарихий асарларининг услубий хусусиятларига оид хулосалардан Низомий номидаги Тошкент давлат педагогига университетида 2005-2011 йилларда барча таълим йўналишларида ўқув жараёнига киритилиб, “Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижоди” фанини ўқитишда фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2021 йил 26 ноябрдаги 02-07-37-97/04-сон маълумотномаси). Натижада  талабаларнинг Навоий насрий мероси ҳақидаги билим ва тасаввурларини кенгайтиришга эришилган; 
Алишер Навоийнинг насрий асарлари ва уларнинг услубий хусусиятлари, жумладан, “Маҳбуб ул-қулуб” “Вақфия”, “Муншаот”, “Насойим ул-муҳаббат”, “Тарихи мулуки Ажам”, “Тарихи анбиё ва ҳукамо”, мемуар-биографик характердаги асарларида баён тарзи ва тасвир, матн композицияси, персонажлар, услубий усуллар ва воситалар масалаларига доир қарашлар ва хулосалардан ЎТАФИда бажарилган ФА-Ф1-ГО39 ”Алишер Навоий (2 жилдлик) ва Абдулла Қодипий қомусларини яратиш” мавзусидаги (2012-2016 йилларга мўлжаланган) фундаментал тадқиқот лойиҳасида фойдаланилган (ЎзР Фанлар академиясининг 2021 йил 20 декабрдаги 3/1255-3538-сон маълумотномаси). Натижада қомусда мазкур масалаларнинг ҳар томонлама ёритилишига эришилган;
Алишер Навоийнинг насрий услуби масалалари тадқиқ этилар экан, унинг насрий асарларининг матнига ҳам эътибор қаратилган, уларнинг нашрларидаги айрим камчиликлар аниқланган, жумладан, “Вақфия”, “Тарихи анбиё ва ҳукамо”, “Хамсат ул-мутаҳаййирин”, “Муножот”, “Маҳбуб ул-қулуб” сингари асарларнинг услубий хусусиятлари, уларнинг баён тарзи, матн композицияси масалалари, матнни тузиш ва ташкил этишнинг асосий тамойиллари тадқиқ этилиши баробарида уларнинг нашрларидаги хатолар ҳам тузатилганлиги каби илмий хулосалари ва ёндашувларидан ЎзР Фанлар академияси тасарруфида бажарилган 2017-2021 йилларда олиб борилаётган ОТ-ФБ-78 рақамли “ўзбек адабиёти асарларининг 100 жилдлигини нашрга тайёрлаш” фундаментал илмий-тадқиқот лойиҳасини бажаришда фойдаланилган (ЎзР Фанлар академиясининг 2021 йил 20 декабрдаги 3/1255-3538-сон маълумотномаси). Натижада,  бу хулосаларнинг ОТ-ФБ-78 рақамли фундаментал илмий-тадқиқот лойиҳасига татбиқ этилиши Алишер Навоий асарларининг мукаммал нашрини тайёрлашга хизмат қилган;
Навоий насрий асарларининг жанрий-услубий хусусиятлари, Навоий насрида қўлланилган бадиий-услубий воситалар ва усуллар ҳамда уларнинг асарлар бадииятини таъминлашдаги роли ҳақидаги хулосалари ЎзР Фанлар академияси тасарруфида бажарилган 2018-2020 йилларда олиб борилган ПЗ-20170930220 рақамли “Навоий қомусини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш” мавзусидаги амалий лойиҳада татбиқ этилган ҳамда улардан Алишер Навоийнинг насрий мероси билан боғлиқ масалаларни ёритишда, бир қатор насрий асарларининг ғоявий-бадиий моҳияти ва жанрий-услубий хусусиятларини кўрсатиб беришда фойдаланилган (ЎзР Фанлар академиясининг 2021 йил 20 декабрдаги 3/1255-3538-сон маълумотномаси). Натижада мазкур хулосалар  қомусда юқорида тилга олинган масалаларни ҳамда  адибнинг маҳорати ва новаторлигини ҳар томонлама ёритилишига хизмат қилган; 
Навоий асарларида тарихий шахслар, Ренессанс вакилларининг, замондошларининг тасвири билан боғлиқ ўзига хосликлар ҳақидаги хулосалари ва қарашларидан “Ўзбекистон” телевидениесининг “Ўзбекистон тарихи” телеканалида намойиш этилган бир қатор кўрсатувларнинг сценарийларини ёзишда  фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 2021 йил 23 ноябрдаги 01-40-1772-сон маълумотномаси). Натижада мазкур фикр ва хулосалар “Мавзу”, “Навоий ҳайратлари” кўрсатувлари орқали оммалаштирилган ҳамда кўрсатувларнинг савиясини оширишга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish