Sayt test rejimida ishlamoqda

Қосимов Бахтиёр Абдурашидовичнинг
диссертация ҳимоясисиз селекция ютуғи (ихтиро патенти) асосида фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини бериш бўйича эълон матни

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Марказий Фарғонанинг шўрланган тупроқ-иқлим шароитларига мос келадиган ғўза навларини яратиш», 06.01.05–Селекция ва уруғчилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.3.PhD/Qx618.
Илмий раҳбар: Рахмонқулов Саид-Акбар Рахмонқулович, биология фанлари доктори, профессор.
Илмий тадқиқот иши бажарилган муассаса номи: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари  илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети, DSc.05/04.03.2022.QX.13.01.
Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган: ғўзанинг ўрта толали “ЎзПИТИ-202” нави (NАР 00243). Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг 2021 йил 7 декабрдаги №01-11/3084-сон хулосаси.
II. Тадқиқотнинг мақсади Фарғона водийсининг турли тупроқ-иқлим шароитларига мос, толаси IV-типга мансуб, юқори тола чиқимига эга, вилт ҳамда бошқа касалликларга бардошли, серҳосил, тезпишар ғўза навларини яратиш ҳамда ишлаб чиқаришга жорий қилишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
Фарғона водийсининг тупроқ-иқлим шароитига мос навлар яратиш мақсадида зоналлик принципи асосида G.hirsutum L. турига мансуб тизмалараро ва навлараро мураккаб чатиштириш асосида олинган дурагайларда қимматли хўжалик белгиларининг ирсийланиши исботланган; 
тадқиқотлар натижасида Фарғона водийсининг ўзига хос тупроқ-иқлим шароитида G.hirsutum L. турининг тизмалараро ва навлараро мураккаб чатиштириш асосида олинган дурагайларда морфо-хўжалик белгиларининг ўзаро боғлиқлигини таҳлил қилиш асосида тезпишарлик, ҳосилдорлик, бир дона кўсакдаги пахта вазни, тола чиқими, тола сифати ҳамда бошқа белгиларнинг ижобий мажмуига эга бўлган Т-238 тизмаси асосида ғўзанинг янги “ЎзПИТИ-202” нави яратилган;
тадқиқотлар асосида яратилган ғўзанинг янги “ЎзПИТИ-202” нави хўжалик учун қимматли белгилар мажмуаси бўйича бошқа навлардан генетик жиҳатдан фарқланиши ва янгилиги ҳамда андоза “С-6524” навига нисбатан пахта ҳосилдорлиги 7,6 ц/га, тола ҳосилдорлиги 4,4 ц/га, тола чиқими 4,1 %, солиштирма узилиш кучи 0,3 г.к./текс., тола узунлиги 0,04 дюйм юқори ва 1000 дона чигит вазни бўйича 4,0 г. юқори эканлиги аниқланган.
ғўзанинг G.hirsutum L. турига мансуб, сув танқислиги ва шўрга бардошли, серҳосил, йирик кўсакли, машина теримига мос, вилт касаллигига комплекс бардошли янги ЎзПИТИ-202 нави яратилиб, Интеллектуал мулк агентлиги томонидан патент олинган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Марказий Фарғонанинг шўрланган тупроқ-иқлим шароитларига мос келадиган ғўза навларини яратиш бўйича олиб борилган тадқиқотлар натижалари асосида: 
ўсув даври 118-122 кун, битта кўсакдаги пахта вазни 5,5-6,0 г., тола чиқими 37,0-38,5 %, микронейр кўрсаткичи 4,4-4,6, тола узунлиги 1,26 дюйм, умумий ҳосилдорлиги 40,6-44,7 ц/га бўлган ғўзанинг янги “ЎзПИТИ-202” нави яратилган ва ишлаб чиқаришга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2022 йил 20 январдаги №02/020-7-сон маълумотномаси). Натижада, ғўза генофонди тола чиқими ва тола сифати юқори бўлган янги ўрта толали ғўза нави билан бойитилган;
ғўзанинг G.hirsutum L. турига мансуб янги “ЎзПИТИ-202” нави 2021 йилда Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш марказининг турли тупроқ-иқлим шароитларида жойлашган 6 та нав синаш шахобчаларида синовдан ўтган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2022 йил 20 январдаги №02/020-7-сон маълумотномаси). Натижада, қимматли хўжалик белгиларининг юқори мажмуасига эга ва турли тупроқ-иқлим шароитларига мос бўлган ишлаб чиқариш сиинови натижалари ҳамда Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш марказининг хулосасига кўра, ғўзанинг янги “ЎзПИТИ-202” нави  2021 йилдан Андижон  вилояти учун районлаштирилган;
серҳосил, йирик кўсакли, машина теримига мос, вилт касаллигига комплекс бардошли, тола чиқими ва тола сифати юқори бўлган ғўзанинг “ЎзПИТИ-202” нави 2020-2021 йилларда Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида 700,0 ва Марҳамат туманида 300,0 гектар майдонга, жами 1000,0 гектар майдонга экилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2022 йил 20 январдаги №02/020-7-сон маълумотномаси). Натижада, ғўзанинг “ЎзПИТИ-202” нави экилган, кучсиз ва ўртача шўрланган майдонлардан гектарига 30,0-35,0 центнергача пахта хосили олиниб, қўшимча ҳосил гектарига 4,0-6,0 центнерни ташкил этган.
Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигидан селекция ютуғи бўлган “ЎзПИТИ-202” ғўза навига NAP 00243 рақамли патент олинган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2022 йил 20 январдаги №02/020-7-сон маълумотномаси). Натижада, ғўза генофонди сув танқислиги ва шўрга бардошли, серҳосил, йирик кўсакли, машина теримига мос, вилт касаллигига комплекс бардошли янги ўрта толали ғўза нави билан бойитилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish