Sayt test rejimida ishlamoqda

Казимбетова Зийуар Махсетбаевнанинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берилган фан тармоғи номи: «Ж.Избасқанов асарларининг лингвопоэтик таҳлили», 10.00.03 – Қорақалпоқ тили (филология фанлари).
Диссертация мавзуси руйхатга олинган рақам B2021.1.PhD/Fill 586.
Илмий раҳбар: Абдиназимов Шамшетдин Нажимович, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассасалар номи: Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Қорақалпоқ давлат университети, DSc.03/30.04.2021.Fil.20.01.
Расмий оппонентларнинг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони: Пирниязова Алима Кудияровна, филология фанлари доктори (DSc); Диланов Бекмурза Гулимбетович, филология фанлари номзоди.
Етакчи ташкилот номи: Навоий давлат педагогика институти
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Ж.Избасқанов асарларининг лингвопоэтик ўзига хослигини, унинг асарларининг фонетик-стилистик ва синтактик поэтикасини, матнлардаги лексик тил бирликларининг поэтик семантикасини, уларнинг нутқий воқеаланишдаги бадиий-эстетик вазифаларини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Ж.Избасқанов асарларидаги фонетик тил бирликлари ҳисобланган ассонанс, аллитерация ва паронимларнинг матн жумлаларининг оҳангдорлигини таъминлаши, анкопа, апакопа, синкопа, гаплология, афарезисларнинг лингвопоэтик функцияларни бажариши далилланган;
шоир асарларидаги фонемаларнинг жойлашиш тартибининг кўп вариантлилиги негизида қўшимча услубий маъноларнинг шаклланиши ва бу орқали логогриф, амфиболия, каламбур сингари тропларнинг юзага келиши аниқланган;
шоир асарларидаги лексик такрорлар анафора, эпифора, симплокаларнинг кўплик, кучайтириш ва давомийлик маъноларини ифодалаши, эпаналепсис ва эпанстрофалар ёрдамида матн бадиийлик даражасининг кучайиши далилланган;
шоир асарларидаги эмоционал ва миқдорий градацияларнинг бадиий образ ҳосил қилишдаги вазифаси, бадиий тасвир воситаларининг, матний синоним ва антонимларнинг лингвопоэтик хизмати, окказиональ сўзларнинг қўлланилишидаги ўзига хосликлари аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ж.Избасқанов асарларининг лингвопоэтик таҳлилини амалга ошириш жараёнида эришилган илмий натижалар асосида:
фонетик тил бирликлари – ассонанс, аллитерация ва паронимларнинг матн жумлаларининг оҳангдорлигини таъминлаши, товушнинг фонетик-семантик алоқаларини акс эттириши, унинг жойлашиш ўрни ва бир-бирига таъсири натижасида ўзгариши бадиий матн мазмунига ҳам таъсир кўрсатиши, шунингдек, уларнинг анкопа, апакопа, синкопа, гаплология, афарезис, элизия, аустеза каби ҳодисаларни пайдо қилиши, мазкур товуш ўзгаришлари матннинг бадиий-эстетик даражасини оширишига боғлиқ хулосалардан “Qaraqalpaq tili” дарслиги мазмунини тўлдиришда фойдаланилган (Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Республика таълим марказининг 2022 йил 18 апрелдаги 65-сон маълумотномаси). Натижада, умумтаълим мактабларида қорақалпоқ тили фанини ўқитиш жараёнида дарсликлар мазмунини бойитиш имконияти оширилган;
лексик такрорлар – анафора, эпифора, симплокаларнинг кўплик, кучайтириш ва давомийлик сингари қўшимча маъноларни ифодалаши, логогриф, амфиболия, каламбур каби тропларнинг юзага келиш сабаблари, параллелизм, эпаналепсис ва эпанстрофаларнинг матн бадиийлик даражасини орттириши, гапда ундалмаларнинг ўрин тартибининг ўзгариши матн мазмунидаги эмоционалликнинг ортишига сабаб бўлиши, уларнинг услубий бетараф, ижобий, салбий, образли, муболағали, метафорик,  фразеологик, киноя маъноларини билдира олиши, риторик сўроқ гапларнинг норозилик, ҳайрон қолиш, орзу қилиш, башорат қилиш, тахмин, иккиланиш, изтироб сингари эмоционал-экспрессив маъноларда қўллана олишига боғлиқ хулосалардан Қорақалпоғистон Республикаси Бердақ номидаги Қорақалпоқ адабиёти тарихи давлат музейида туман ва шаҳар маданият бўлимларида қорақалпоқ шоирларининг адабий меросларида учрайдиган бадиий кўчма маъноли сўзларнинг маъноларини ҳосил қилишда муҳим илмий манба сифатида, ёш авлодни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш мақсадида кўргазмалар ва илмий анжуманлар ўтказишда фойдаланилган (Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлигининг 2022 йил 31 мартдаги 3-03/414-сон маълумотномаси). Натижада, Ж.Избасқанов асарларидаги бадиий образларнинг баркамол инсон тарбиясидаги роли ва аҳамияти кенг жамоатчиликка етказилиб, ёшларни ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашга катта ёрдам берган;
услубий жиҳатдан ўзига хос бадиий тасвир воситалари, бадиий образ яратишда хизмат қилувчи эмоционал ва миқдорий градациялар, лексик ва нутқий синоним ва антонимларнинг лингвопоэтик хизмати, окказиональ сўзларнинг ифода таъсирчанлигини орттириш мақсадида қўлланилиши билан боғлиқ хулосалардан Қорақалпоғистон телевидениесининг «Муносабат» кўрсатуви ва Қорақалпоғистон радиоканалининг «Тилга эътибор – элга эътибор» эшиттиришини тайёрлашда фойдаланилган (Қорақалпоғистон Республикаси телерадиокомпаниясининг 2022 йил 31 мартдаги 05-22/181-сон маълумотномаси). Натижада, ушбу телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар учун тайёрланган материалларнинг мазмуни бойитилган, илмий далилларга бой бўлиши таъминланган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish