Sayt test rejimida ishlamoqda

Жовлиев Жавлонбек Ортиқовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон


I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Мақсуд Шайхзода асарлари қўлёзмаларининг матний-қиёсий тадқиқи”, 10.00.10 – Матншунослик ва адабий манбашунослик (филология фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2021.3.PhD/Fil2020.
Илмий раҳбар: Каримов Наим Фотиҳович, филология фанлари доктори, академик.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, DSc.03/30.12.2019.Fil.19.01. 
Расмий оппонентлар: Шодмонов Нафас Номозович, филология фанлари доктори, профессор; Қобилова Зебо Бакирович, филология фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади Мақсуд Шайхзода асарларининг қўлёзма ва нашр манбаларини матний-қиёсий текшириш, матн тарихи, таҳрири ҳамда талқин муаммоларини асослаш натижасида Шайхзоданинг ўзбек адабиётида тутган ўрнини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Шайхзода асарлари қўлёзмаларини матний-қиёсий текшириш натижасида  ижодкор асарларининг давр ва мафкура таъсирида таҳрирга учраган, йўқотилган ўринлари, хусусан, “Жалолиддин Мангуберди”, “Мирзо Улуғбек” фожиаларидаги тарихий шахсларга бўлган муносабат, жой номлари, архаик сўзлар, дин ва эътиқод талаби, сиёсий мафкура чиғириғига кўра тушуриб қолдирилган ўринлар тикланган;
режиссёр Ҳамид Қаҳрамон шахсий уй-архивидан “Жалолиддин Мангуберди” драмасининг 1944 йилда кўчирилган янги нусхаси топилгани ва бу вариант “Жалолиддин Мангуберди” драмасининг олтита варианти билан қиёсий текширилиши натижасида  драма мукаммал вариантга яқинлиги  жиҳатидан  муҳим манба бўлиб хизмат қилиши исботланган;
Шайхзоданинг шу пайтгача фанга маълум бўлмаган “Навоий” опера-либреттоси  топилиб, илмий истифодага олиб кирилган, “Мирзо Улуғбек” трагедиясининг илк қисқартма варианти топилган ва бошқа вариантлари билан муқояса этилиб, ишончли манба эканлиги далилланган;
Шайхзоданинг Тошкентга келгунга қадар Озарбайжонда 1920 йилда ёзилган “Истиқлол” поэмаси топилгани, шу пайтгача фанга маълум бўлмаган мазкур асар Мақсуд Шайхзода ижодининг илк даври ҳақида қимматли аълумотлар бериши исботланган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Мақсуд Шайхзода асарлари қўлёзмаларининг  матний-қиёсий тадқиқи бўйича олинган илмий натижалар асосида:
 “Жалолиддин Мангуберди” драмасининг матний-қиёсий тадқиқи, топилган янги вариантларнинг илмий асоси, образлар тизимининг таснифи, драматик асардаги Шайҳзода таҳрир санъати ва эстетикаси, “Мирзо Улуғбек” трагедиясининг матний-қиёсий тадқиқи, матн поэтикаси хусусиятларига доир илмий хулосалардан Ўзбекистон Педагогига илмий-тадқиқот институти Қорақалпоғистон филиалида бажарилган Ф3-2016-0908165532 рақамли “Қорақалпоқ тилининг янги алфавит ва имло қоидаларига мувофиқ она тили ва адабиётини ривожлантириш методикаси” (2017–2020 йй.) мавзусидаги фундаментал лойиҳанинг назарий қисмида фойдаланилган (Ўзбекистон Педагогига илмий-тадқиқот институти Қорақалпоғистон филиалининг 2022 йил 06 июндаги 145-сон маълумотномаси). Натижада Шайхзода адабий меросининг Қорақалпоғистонда ўрганилиши, таржималарнинг матн тарихи, Шайхзода таҳрир санъати ва уни ўрганиш тамойиллари, образлар тизими, матн поэтикасига оид манбалар янги маълумотлар, янгича илмий хулосалар билан бойитилган;
Шайхзода қўлёзмалари ва архивида сақланган шоир биографиясига оид янги маълумотлардан, жумладан, ижодкор лабораторияси, таҳрир санъати, кундаликлар, хотиралар ва касаллик варақаларини ўрганиш ҳамда  шоирнинг ХХ аср бошларидаги  ўзбек адабиётидаги мавзулар ва жанрлар такомилидаги ўрни, адабий меросининг янгича талқинига оид илмий хулосалардан  “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмасига биноан Озарбайжон Маданият маркази билан ҳамкорликда “Fиrst аrt mедиа” студияси томонидан ишланган “Мақсуд Шайхзода: Эркка интилган шоир” ҳужжатли фильми сценарийсини ёзишда фойдаланилган (Ўзбекистон киноарбоблар уюшмасининг 2022 йил 2 январдаги 02-03-04-сон маълумотномаси). Натижада фильмнинг мазмуни илмий хулосаларга таянилган ҳолда янги бадиий тафаккур мезонлари ва маълумотлар билан бойитилган;
Шайхзода яшаган ўттизинчи, қирқинчи, эллигинчи йиллардаги архив материаллар, ёзувчи кундалигида қолиб кетган хотиралар, қўлёзма манбалар қиёсий-матний тадқиқига оид илмий хулосалардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “O’zbekiston tarixi” телеканалининг “Tarixiy savol” кўрсатуви сценарийсини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпания “O’zbekiston” телканали давлат унитар корхонасининг 2022 йил 26 январдаги 02-03-110-сон маълумотномаси). Натижада Шайхзоданинг ҳаёти ва ижодига оид ишончли, муҳим ҳамда янги маълумотлар кўрсатувнинг илмий аҳамияти ошишига хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish