Sayt test rejimida ishlamoqda

Таджиев Карим Марданакуловичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Такрорий экинлардан эртаки ва юқори ҳосил етиштиришда стимуляторларни қўллашнинг илмий-амалий асослари”, 06.01.08-Ўсимликшунослик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.3.DSc/Qx77.
Илмий раҳбар: Абдуалимов Шухрат Хамадуллаевич, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти, DSc.05/30.12.2019.Qx.42.01.
Расмий оппонентлар: Назаров Ринат Саидович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Сатипов Гойипназар Матвапаевич, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Бобоев Саидмурод Кимсанбаевич, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат аграр университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Кузги буғдойдан кейин такрорий экилган ғўза, кунгабоқар, соя ва жўхори экинларидан юқори ва сифатли ҳосил етиштиришда стимуляторларни қўллаш технологиясини ишлаб чиқиш, ҳамда тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ерлардан унумли фойдаланиб, пахта толаси, озиқ-овқат ва ем-хашак етиштириш ҳажмини ошириш орқали қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида иқтисодий самарадорликка эришишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Ўзбекистоннинг жанубий минтақаси Сурхондарё вилояти ўтлоқилашиб бораётган тақирсимон тупроқлари шароитида кузги буғдойдан кейин такрорий экилган ғўза, кунгабоқар, соя ва жўхори экинларида стимуляторларни қўллашнинг мақбул муддат ва меъёрлари илмий асосланган;
кузги буғдойдан кейин такрорий экилган ғўзага Оксигумат стимулятори билан шоналаш даврида 0,5 л/га, гуллаш даврида 0,5 л/га меъёрларда ишлов берилганда ғўзанинг ўсиши ва ривожланиши жадаллашиб, фотосинтетик фаолияти яхшиланиб, пахтадан 19,1 ц/га ҳосил олинган ва юқори, сифатли тола етиштиришга эришилган;
такрорий кунгабоқардан эртаки ва юқори ҳосил етиштиришда Гумимакс стимуляторини уруғга 0,75 л/т, 3-4 жуфт барг даврида 0,4 л/га меъёрида ишлов беришнинг ниҳоллар униб чиқиши, ўсиши, ривожланиши, фотосинтез соф маҳсулдорлиги, уруғ ҳосили ва мойдорлигига ижобий таъсири илмий асосланган;
такрорий экилган соя ва жўхори уруғига экиш олдидан ва амал даврида Узгуми ва Маъсуда стимуляторларини қўллаш технологияси ишлаб чиқилган ҳамда соядан 20,2-21,1 ц/га дон ва 21,3-22,7 ц/га поя ҳосили, жўхоридан 20,8 -21,6 ц/га дон ва 123,4-128,5 ц/га поя ҳосили етиштирилган ҳолда 23,4-27,9 ц/га илдиз-анғиз қолдириб, тупроқ унумдорлигига ижобий таъсири аниқланган;
кузги буғдойдан бўшаган далаларга такрорий ғўза, кунгабоқар, соя ва жўхори экинларини етиштиришда стимуляторларни қўллаш иқтисодий  самарали эканлиги аниқланган ва гектаридан 0,5-2,0 млн сўм фойда олиниб ва қўшимча пахта толаси, озиқ-овқат, ем-хашак етиштиришга эришилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Республикамиз жануби Сурхондарё вилояти шароитида кузги буғдойдан кейин такрорий ғўза, кунгабоқар, соя ва жўхори экинларини етиштиришда стимуляторларни қўллашнинг илмий ва амалий асосларини ишлаб чиқиш бўйича олиб борилган илмий тадқиқот натижалари асосида:
«Сурхондарё вилоятида такрорий ғўзадан юқори ва сифатли ҳосил етиштиришда стимуляторларни қўллаш бўйича тавсиялар», «Республикамиз жанубида кузги буғдойдан кейин такрорий экилган соя ва кунгабоқарда стимуляторларни қўллаш бўйича тавсиялар», «Кузги буғдойдан кейин такрорий экилган жўхори экинида стимуляторларни қўллаш бўйича тавсиялар» тасдиқланган (Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2022 йил 20 май №07/25-04/3211-сонли маълумотномаси). Мазкур тавсияномалар кузги буғдойдан кейин такрорий экинларни етиштиришда фермер хўжаликлари ва агрокластерларда қўлланма сифатида фойдаланиб келинмоқда;
Сурхондарё вилоятининг ўтлоқилашиб бораётган тақирсимон тупроқлари шароитида кузги буғдойдан кейин такрорий экилган ғўзага Оксигумат стимуляторини қўллаш Термиз туманида 128,0 га майдонга жорий этилган (Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2022 йил 20 май №07/25-04/3211-сон маълумотномаси). Натижада такрорий ғўзанинг ўсиши ва ривожланиши жадаллашиб, кўсаклари 2-3 кун эртаги очилган ва 19,4-20,0 ц/га пахта ҳосили етиштиришга эришилган;
такрорий экилган кунгабоқарда Гумимакс стимуляторини қўллаш Денов туманида 25,0 га, Музробод туманида 8,7 га майдонга, жами 33,7 га майдонга жорий этилган (Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2022 йил 20 май №07/25-04/3211- сон маълумотномаси). Натижада, кунгабоқарни униб чиқиши 9,5-10,4% тезлашиб, бўйи 5,5-6,0 см баланд ўсиб, гуллаши 8-10 % тезлашиб, 18,0-20,0 ц/га уруғ ҳосили олинган ва рентабеллик даражаси 36,2% ни ташкил этган;
такрорий экилган соя ва жўхорида Узгуми ва Маъсуда стимуляторларини қўллаш технологияси Қизириқ туманида 20,0 га, Денов туманида 120,6 га, жами 140,6 га майдонга жорий қилинган (Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2022 йил 20 май №07/25-04/3211- сон маълумотномаси). Кузги буғдойдан кейин экилган соядан 20,2-21,1 ц/га дон ҳосили, 21,3-22,7ц/га поя ҳосили олинган ва мой миқдори 1,1-2,6%, оқсил миқдори 1,6-3,4% ортган, жўхоридан эса 21,1-21,9 ц/га дон ҳосили, 123,4-128,5 ц/га поя ҳосили етиштирилиб, дон таркибидаги оқсил миқдори 0,7%, крахмал миқдори 2,7-4,5% ортиб, 11,3% рентабелликка эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish