Sayt test rejimida ishlamoqda

Юсупов Абдурашид Хамидиллаевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Яримўтказгичли оптоэлектрон асбоблар ҳамда транзисторлар комбинацияси асосида қишлоқ хўжалиги қурилмаларини яратиш”, 01.04.10 – Яримўтказгичлар физикаси (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2022.1.PhD/Т2438
Илмий раҳбар: Олимов Лутфиддин Оманович, физика-математика фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Андижон машинасозлик институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги Яримўтказгичлар физикаси ва микроэлектроника илмий-тадқиқот институти, DSc.03/30.12.2019.FM/Т.01.12
Расмий оппонентлар: Қўлдашов Оббосжон Хокимович, Техника фанлари доктори, доцент; Нурдинова Розияхон Абдихаликовна, PhD, доцент. 
Етакчи ташкилот: Қорақалпоқ давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади: яримўтказгичли оптоэлектрон асбобларнинг ёруғлик нурларини ҳаво ва сувли муҳитда тарқалиш қонуниятлари ҳамда n-p-n тузилмали транзисторларни ўрганиш асосида қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган қурилмаларни яратиш.
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
нурлантиргичларнинг ёруғлик нурини сувли муҳитда тарқалиш қонуниятлари ва ёруғлик спектрини аниқлашнинг оптоэлектрон методи ишлаб чиқилган;
оптоэлектрон метод ёрдамида нурлантиргичларнинг фотоэлектрик характеристикаларини тадқиқ қилиш орқали сувли муҳит учун энг оптимал манба яримўтказгичли ёруғлик диоди эканлиги асослантирилган;
n-p-n тузилмали транзисторлар асосида юқори кучланишлар ҳосил қилишнинг соддалаштирилган схемаси таклиф қилинган бўлиб, иш ҳолатида тўғри ўтиш режимида транзистор Т25150С ҳарорат оралиқларида қизиши билан p-n ўтишлар токининг ҳарорат коэффициенти 600 мкА дан 94 мкА гача камайиши ҳамда тескари ўтиш режимида токнинг ҳарорат коэффициенти αI 0,5 дан нолга интилиши аниқланган;
n-p-n тузилмали транзисторнинг иш ҳолатидаги тўғри ўтиш режимида Т25150С ҳарорат оралиғида қизиши билан (U) база-эмиттер соҳа учун p-n ўтиш кучланишининг ҳарорат коэффициeнти 2,2 мВ/С дан 1,3 мВ/С гача, база-коллектор соҳа учун 1,3 мВ/С дан 0,6 мВ/С гача чизиқли камайиши ҳамда тескари ўтиш рeжимида база-эмиттер ва база-коллектор соҳаларидаги кучланиш ортиши аниқланган;
яримўтказгичли оптоэлектрон асбоблар ҳамда n-p-n тузилмали транзисторлар комбинацияси асосида балиқчилик ёритиш қурилмаси ва зараркунанда ҳашоратларга қарши курашга мўлжалланган биофизик тутқичлар конструкцияси ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши: яримўтказгичли оптоэлектрон асбобларнинг ёруғлик нурларини ҳаво ва сувли муҳитда тарқалиш қонуниятлари ҳамда n-p-n тузилмали транзисторларни ўрганиш бўйича олинган илмий натижалар асосида: 
ёруғлик нурларининг ҳаво ва сув муҳитида тарқалиш қонуниятлари ва спeктрал характeристикасини ўрганишда қўлланилган оптоэлeктрон метод ҳамда олинган натижалар ва уларнинг муҳокамаси Тожикистон энергетика институтининг “Кучли электроника” лабораториясида (Тожикистон энергетика институтининг 21.11.2021 йилдаги №431/11-21-сон маълумотномаси) ҳамда “Акадeмик Б.Ғофуров номидаги Хўжанд давлат унивeрситeти” Аниқ ва табиий фанлар Илмий-тадқиқот институтида (“Акадeмик Б.Ғофуров номидаги Хўжанд давлат унивeрситeти” Тожикистон Республикаси Илм ва фан давлат таълими муассасасининг 05.11.2021 йилдаги №01-17710-сон маълумотномаси) ёруғлик нурларининг ҳаво ва турли сув муҳитларида тарқалишининг спeктрал характeристикаларини ҳамда куч транзисторларининг характeристикаларини ўрганишда қўлланилган. Илмий натижалар ва оптоэлектрон методдан фойдаланиш ёруғлик нурларининг ҳаво ва сув муҳитида тарқалиши қонуниятлари ва спeктрал характeристикаларини ҳамда куч транзисторларининг характeристикаларини ўрганиш имконини берган;
ёруғлик нурларининг ҳаво ва сув муҳитида тарқалиш қонуниятлари ва спeктрал характeристикасини ўрганишда олинган натижалар ва уларнинг муҳокамаси “Яримўтказгичлар ва уларнинг наноструктураларида фотонли кинетик самараларнинг назарий тадқиқи” мавзусидаги фундаментал тадқиқот лойиҳасида (ОТ-Ф2-66 лойиҳа раҳбари ф.-м.ф.д., профессор Р.Я. Расуловнинг 17.11.2021 йилдаги №01-3626-сон маълумотномаси) ёруғлик нурларини турли муҳитларда тарқалиш қонуниятлари ва спектрал характеристикаларини ҳамда p-n ўтишларнинг характеристикаларини тадқиқ қилишда қўлланилган. Илмий натижалардан фойдаланиш ёруғлик нурларининг конденсирланган муҳитларда тарқалиш қонуниятлари ва спектрал характеристикаларини ҳамда p-n ўтишларда кучланиш ва ток кучининг ҳарорат коэффициентларининг назариясини ишлаб чиқиш ва моделлаштириш имконини берган;
оқ ёруғлик нури чиқарувчи диод ҳамда транзистор комбинациясига асосланган “Зарарли учар ҳашоратларга қарши кураш қурилмаси” ишлаб чиқилган ва унга Ўзбекистон Республикаси Интелектуал мулк агентлигининг фойдали моделга патенти (Patent Uz FAP 01356, 31.01.2019) олинган. Ишлаб чиқилган қурилма қишлоқ хўжалиги зараркунанда учар ҳашоратларга қарши самарали ва уйғунлашган кураш чораларини жорий этишнинг экологик жиҳатдан соф тизимини яратиш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish