Sayt test rejimida ishlamoqda

Абдукадирова Малохат Норижоновнанинг
фалсафа доктори (phd) диссертация ҳимояси ҳақида эълон

I.Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Оқова сувларни биологик тозалаш технологиясини такомиллаштириш (Тошкент шаҳари аэрация станцияси мисолида)”, 05.09.04-“Сув таъминоти, канализация. Сувни муҳофазаловчи қурилиш тизимлари”, 11.00.05-“Атроф Муҳит муҳофазаси ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш” (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2022.1.PhD/Т2729
Илмий раҳбарларининг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони: 
Радкевич Мария Викторовна, техника фанлари доктори, профессор,
Исмаилходжаев Баходирходжа Шарипходжаевич, биология фанлари доктори, профессор. 
Диссертация бажарилган муассаса номи: “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети ҳузуридаги DSc. 03/30.12.2021. Т.10.02 рақамли Илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: - Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети, “Экология ва атроф муҳит муҳофазаси” кафедра мудири, техника фанлари доктори, профессор Рахимова Латофатхон Собиржоновна, Тошкент архитектура ва қурилиш институти, “Инженерлик коммуникацияларини лойҳалаш, қуриш ва ишлатиш” кафедра доценти, техника фанлари номзоди, Бўриев Эшмурод Сатторович. 
Етакчи ташкилот Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети. 
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Оқова сув тозалаш иншоотларида шаклланган оқова сувларни биологик тозалаш технологияларини такомиллаштириш ҳамда тозалаш иншоотлари учун оқимли аэратор кўрсаткичларини асослашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
оқимли аэратор учликларининг такомиллаштирилган (тешикларнинг чўзинчоқ шаклини қўллаш орқали) конструкцияси учун гидродинамик ва масса алмашинув хусусиятларининг оқилона комбинацияси (8 тешикли майдони 356 мм2 бўлган учлик учун 4,69 л/с сув сарфида стандарт кислород ўтказиш коэффициентининг энг катта қиймати 3,33∙10-2 ни ташкил қилади, 1 тешикли майдони бўлган учлик учун 1,11 л/с сув сарфида максимал кислород ўтказиш самарадорлиги 26,13 кг О2/кВт-соат га эришилади) ўрнатилган;
резервуарнинг нисбий чуқурлигини 2,1 баравар камайтириш орқали резервуар ҳажмидан унумли фойдаланиш улушини 29,8% дан 50% гача ошириш имконияти аниқланган ва фаол аэрацияланган зонанинг ўлчамларини аниқлаш учун математик модели ишлаб чиқилган; 
аэраторда чўзинчоқ тешиклари бўлган учликлардан фойдаланишда аэрация самарадорлигини ва стандарт кислород ўтказиш коэффициентини ҳисоблаш усули ишлаб чиқилган;
тозалаш иншоотларига келиб тушадиган оқава сувларнинг ҳажми ва сифати бўйича мавсумий ўзгаришлари ҳамда чидамли сув ўсимлиги ва сув ўтлари турлари аниқланган (Бинокор тозалаш иншоотлари учун Pistia stratiotes L, Салар аэрация станцияси учун Pistia stratiotes L ва Chlorella vulgaris YA-1-6);
тозалаш иншоотларида оқова сувларидан чиқаётган зарарли моддаларни абсорбция хусусиятларидан келиб чиқиб сув ўсимлиги ва сув ўтлари ёрдамида биологик тозалаш технологияси самарадорлиги баҳоланган, оқова сувларни кислород билан бойитиш усули аниқланган (оқимли аэрация ва сув ўсимликлари биргаликда фойдаланиш билан тозалаш самарадорлиги 92-95 % ни ташкил этди).
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Биологик тозалаш технологияларини самарадорлигини баҳолаш бўйича олинган натижалар асосида:
самарали аэрация тизими «Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамияти «Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖ ҳамда «Сирдарё сув таъминоти» МЧЖ Ширин шаҳри томонидан амалиётга жорий қилинган («Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамиятининг 2021 йил 24 - декабрдаги №2/24-3579 маълумотномаси). Натижада, оқова сувни кислород билан максимал даражада таъминлаш имконияти яратилди ҳамда сув ўтлари ва ўсимликларини биологик тозалаш даражаси ошишига ва тозалаш муддатини  қисқаришига эришилган; 
оқимнинг кириш чуқурлигини ва масса ўтказишнинг ҳажмий коэффициентини аниқлашнинг ишлаб чиқилган математик моделлари ва ўрнатилган қонуниятлари Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги «Жиззах шаҳар сув таъминоти МЧЖ» Зарбдор тумани филиали ҳамда «Сирдарё сув таъминоти МЧЖ» Ховос тумани томонидан амалиётга жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги 2021 йил 17 декабрдаги № 02/01-5935 маълумотномаси). Натижада, аэрацион ускуналарни амалий ҳисобини бажариш, ҳисоблар аниқлигини ошириш ва лойиҳачи муҳандисларнинг ишлаш унумдорлигини ошириш, ҳамда маълумотларни олиш имконияти яратилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish