Sayt test rejimida ishlamoqda

Бердимуродов Элёр Тухлиевичнинг 
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Кукурбит[n]урил, гликолурил ва госсипол асосидаги бирикмаларнинг пўлат коррозиясини ингибирлаш механизми», 02.00.04 – Физик кимё, 02.00.11 – Коллоид ва мембрана кимёси (кимё фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2022.3.DSc/K137.
Илмий маслаҳатчилар: Холиқов Абдували Жонизоқович, кимё фанлари доктори, профессор; Акбаров Ҳамдам Икрамович, кимё фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон миллий университети. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон миллий университети ҳузуридаги DSc.03/30.12.2019.К.01.03 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Рўзимурадов Олим Нарбекович, кимё фанлари доктори, профессор; Гуро Виталий Павлович, кимё фанлари доктори, профессор; Кадирова Зухра Чингизовна, кимё фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент кимё-технология институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: гравиметрик, электрокимёвий, сирт морфологияси усуллари ва квант кимёвий ҳисоблашлар ёрдамида кукурбит[n]урил, гликольурил ва госсипол асосидаги бирикмаларнинг пўлат коррозиясини ингибирлаш механизмларини кучли кислотали ҳамда ишқорий-тузли муҳитларда аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор кукурбит[n]урил, гликольурил ва госсипол асосидаги бирикмалар Ст2 маркали пўлат учун самарадор ҳамда янги турдаги ингибитор эканлиги исботланган;
бу бирикмаларнинг пўлат коррозиясини ингибирлаш механизмлари кучли кислотали ва ишқорий-тузли муҳитларда илк бор тадқиқ қилинган;
танланган бирикмаларнинг пўлат коррозиясини ингибирлаш механизми, термодинамик, адсорбцион, электрокимёвий, сирт морфологияси ва квант кимёвий характеристикалари ўрганилган;
илк бор бу бирикмаларнинг анод доминантли аралаш турдаги ингибиторлар эканлиги аниқланган;
1 M HCl, 1 M HCl + 1 M KCl, CO2 ва H2S га тўйинган 1 M NaCl, 1 M NaOH + 1 M NaCl эритмаларда максимал ингибирлаш даражалари 100 мг/л концентрацияда 95-98 % бўлиши далилланган; 
металл юзасидаги катод ва анодда зоналарда бўладиган заряд трансфери жараёнларининг блокланишида бу бирикмаларнинг супрамолекуляр қисми, госсипол ва гетеро ҳалқалари асосий ролни бажариши исботланган;
ингибирлаш хоссалари ўрганилган ингибиторларнинг молекуляр тузилишига боғлиқлиги ва ингибирлаш қобилияти сувли фазада ингибиторларнинг нейтрал шаклларидан кўра уларнинг протонлашган шаклларида кучли эканлиги илк бор аниқланган;
илк бор Fe (юза) ва танланган ингибиторлар ўртасидаги боғ узунлиги 3Å атрофида эканлиги, бу эса адсорбция жараёнида кимёвий адсорбция устун эканлиги исботланган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Гравиметрик, электрокимёвий, сирт морфологияси усуллари ва квант кимёвий ҳисоблашлар орқали кукурбит[n]урил, гликольурил ва госсипол асосидаги бирикмаларнинг пўлат коррозиясини ингибирлаш механизмларини кучли кислотали ва ишқорий-тузли муҳитларда ўрганиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
кукурбит[n]урил, гликольурил ва госсипол асосидаги бирикмаларнинг 50 мг/л ли эритмалари «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ Рух заводи сульфат кислотаси цехига қарашли 1-сонли сув айланма тизимлари, совитиш ва иситиш тизимларида ишлатиладиган металл конструкцияларнинг коррозиясини олдини олувчи восита сифатида синов тариқасида ишлаб чиқаришга жорий қилинган («Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ нинг 2022 йил 04 августдаги 0008829-сон маълумотномаси). Натижада мазкур бирикмалар самарали ингибиторлар сифатида сув айланма тизимлари, совитиш ва иситиш тизимларида металл конструкциялар коррозиясининг олдини олиш учун хориждан валюта ҳисобига импорт қилинадиган воситаларнинг ўрнини босиш имконини берган;
кукурбит[n]урил, гликольурил ва госсипол асосидаги бирикмаларнинг коррозиядан ҳимоялаш хоссалари ҳамда адсорбция механизмлари № ЁФ-7-1 рақамли «Маҳаллий хом ашё асосида металлар коррозияси ингибиторларининг янги авлоди» мавзусидаги лойиҳада ингибирлаш механизмини физик-кимёвий тадқиқ қилиш ва электрокимёвий хусусиятларини аниқлаш мақсадида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2022 йил 21 апрелдаги 89-05-20-сон маълумотномаси). Натижалар танланган ингибиторларни нефть ва газ саноатида металлдан ясалган материалларни коррозиядан ҳимоялашда қўллаш мақсадида такомиллаштириш имконини берган;
гликольурил асосидаги 2-тиоксо-5,5-ди-п-толилимидазолидин-4-он ингибиторининг 1 M HCl + 1 M Na2SO4 эритмада пўлат коррозиясининг ингибирлаш механизмларини ўрганиш бўйича олинган натижалар Қатар фонди томонидан молиялаштирилган № NPRP10-0125-170252 «Нефть ва газ қувурларидаги ёпиқ коррозияни тадқиқ қилиш» (Қатар университети, Доҳа, Қатар) мавзусидаги лойиҳада янги турдаги ингибиторларнинг хоссаларини тадқиқ қилишда фойдаланилган. Натижалар 1 M HCl + 1 M Na2SO4 эритмада металл юзасида туз тўпланишини камайтириш ва металл коррозиясини ингибирлашнинг янги механизмларини яратиш имконини берган;
госсипол асосидаги ингибиторларнинг CO2 ва H2S газларга тўйинтирилган 1 M NaCl эритмада пўлат коррозиясини ингибирлаш механизмларини ўрганишдан олинган натижалар Миллий илмий-техник тадқиқотлар маркази (CNRST) томонидан молиялаштирилган № URAC14. «Материаллар оптоэлектроникаси ва спектроскопияси» (CNRST билан боғланган тадқиқот бўлинмаси, Ибн Тофаил университети, Кенитра, Марокаш) мавзусидаги лойиҳада янги турдаги ингибиторларнинг назарий ва электрокимёвий хоссаларини тадқиқ қилишда фойдаланилган. Натижада CO2 ва H2S газларга тўйинтирилган 1 M NaCl эритмада пўлат сиртида ингибиторларнинг адасорбциясини ўрганиш имконини берган;
кучли кислотали ва ишқорий-тузли муҳитларда кукурбит[n]урил, гликольурил ва госсипол асосидаги бирикмаларнинг пўлат коррозиясини ингибирлаш механизмларининг термодинамик, адсорбцион, электрокимёвий, сирт морфологияси ва квант кимёвий хоссалари ҳақидаги маълумотлар юқори импакт-факторли 100 дан ортиқ хорижий журналлар ҳамда 300 дан ортиқ манба ва илмий мақолаларда фойдаланилган: Green Chemistry (2022). 24 (5). –P. 2114-2128 (IF=15.1); Science of the Total Environment (2022) 836, 155527 (IF=14.5); Science of the Total Environment (2022) 836,155527 (IF=14.1); Journal of Industrial and Engineering Chemistry (2021) 101. – P. 359-371 (IF=11); Chemosphere (2022) 292, 133479 (IF=11); International Journal of Hydrogen Energy (2021) 46(51). – P. 25800-25818 (IF=10); Journal of the Taiwan Institute of Chemical Engineers (2021) 127. – P. 387-398 (IF=9.2); Journal of Molecular Liquids (2022) 354, 118890 (IF=9); Bioelectrochemistry (2022) 143, 107969 (IF=8.7); Journal of Environmental Chemical Engineering (2021) 9 (4), 105457 (If=7.7); Colloids and Surfaces A: Physicochemical and Engineering Aspects (2022) 647, 129085 (IF=7); RSC Advances (2021) 11 (50). – P. 31693-31711 (IF=5.9); Journal of Molecular Structure (2022) 1251, 131988 (IF=5.1); Corrosion Reviews (2022) 40 (3). – P. 221-236 (IF=4.7) ва бошқалар. Натижада кукурбит[n]урил, гликольурил ва госсипол асосидаги бирикмаларнинг катод ҳамда анодларда бўладиган электрокимёвий жараёнларга таъсирини аниқлаш имконини берган. 

Yangiliklarga obuna bo‘lish