Sayt test rejimida ishlamoqda

Рахмонов Икром Абдукаримовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Суғориладиган ерлар ҳолатини яхшилашда биомелиоратив ёндошувлар (Сирдарё вилояти мисолида)», 03.00.10 – Экология, 03.00.13 – Тупроқшунослик (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2021.4.PhD/В672.
Илмий раҳбарлар: Қўшиев Ҳабибжон Ҳожибобоевич, биология фанлари доктори, профессор; Тошбеков Ўктам, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Гулистон давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон миллий университети ҳузуридаги DSc.03/27.02.2020.В.01.15 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Жабборов Зафаржон Абдукаримович, биология фанлари доктори, профессор; Хўжаназаров Ўктам Эштемирович, биология фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Фарғона давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: суғориладиган ерларнинг экологик ва мелиоратив ҳолатини яхшилашнинг биомелиоратив ёндошувларга асосланган агротехнологиясини (Сирдарё вилояти мисолида) яратишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
суғориладиган ерлар мелиоратив ҳолатига суғориш сувлари миқдори ҳамда суғориш муддатларининг таъсири Сирдарё вилояти Боёвут тумани мисолида асосланган;
илк бор суғориладиган ерлар тупроқлари шўрланишини агроэкологик омиллар ва космик маълумотларни индексация усуллари асосида башорат қилиш, алгоритмик ёндашувлар асосида баҳолаш, башоратлаш хариталарини тузиш ва мониторинг қилиш тизими ишлаб чиқилган; 
тупроқлар экологиясига шўрланиш таъсири аэрокосмик ва спектрал маълумотлар, вегетация индекслари, ўсимлик индикаторлари, эмпирик маълумотлар асосида аниқланган ҳамда тажриба олиб борилган ерларнинг электрон хариталари модулли инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқилган; 
суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини ўсимлик ресурслари ёрдамида яхшилаш агротехнологияси ишлаб чиқилган;
сизот сувлари сатҳи ва минерализациясининг ўзгаришига очиқ икки томони берк зовурнинг таъсири очиб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Cуғориладиган ерлар ҳолатини яхшилашда биомелиоратив ёндошувлар бўйича олинган илмий натижалар асосида:
шўрланган суғориладиган ерлар ҳолатини биомелиоратив ёндашувлар асосида экологик яхшилаш бўйича ишлаб чиқилган илмий ишланма Сирдарё вилояти шароитида шўрланиш туфайли фойдаланишдан чиқиб кетган экин майдонларда жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2020 йил 28 декабрдаги 02/022-4658-сон маълумотномаси). Натижада, ўсимлик ресурслари ёрдамида ер ости сизот сувларини 4 метргача пасайтириш ва тупроқнинг устки қатламида шўрланиш даражасини камайтириш асосида иқтисодий самарадорликка эришиш имконини берган;
ўсимлик ресурслари ёрдамида шўрланган ерларни экологик қайта тиклаш бўйича олинган натижалардан №С-А-2018-005 “Шўрга чидамли ўсимликлар генофондини бойитиш, cақлаш, репродукция олиш ва ундан ишлаб чиқаришда фойдаланишни йўлга қўйиш” мавзусида амалий лойиҳасида шўрга чидамли ўсимликларни тавсифлашда фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 20 октябрдаги 89-03-4078-сон маълумотномаси). Натижада, шўрга чидамли ўсимликлар биологик хусусиятларига кўра баҳолаш ва рақамли технологияларга асосланган электрон паспортини яратиш имконини берган;
суғориладиган ерларнинг шўрланиш даражасини пасайтириш ва экологик қайта тиклаш мақсадида ширинмия ўсимлигидан фойдаланиш бўйича яратилган агротехнологиядан Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида шўрланган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2020 йил 28 декабрдаги 02/022-4658-сон маълумотномаси). Натижада, фойдаланишдан чиқиб кетган тупроқлар унумдорлигини ошириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish