Sayt test rejimida ishlamoqda

Ҳамидова Муҳаббат Самандаровнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбекистон ҳудудидаги Амир Темур ва Темурийлар даври меъморий ёдгорликлари тарихи”, 07.00.01–Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2022.1.DSc/Tar80.
Илмий раҳбар: Юсупова Дилором Юнусовна, тарих фанлари доктори, профессор, академик.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон миллий университети, DSc.03/30.12.2019.Tar.01.04.
Расмий оппонентлар: Мавланов Уктам Махмасобирович, тарих фанлари доктори, профессор; Курбонова Дилафруз Абдирашидовна, тарих фанлари доктори; Уралов Ахтам Синдарович, архитектура доктори, профессор.
Етакчи ташкилот номи: Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Ўзбекистон ҳудудидаги Амир Темур ва Темурийлар даври меъморий ёдгорликлари тарихини, ижтимоий-маданий аҳамиятини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Амир Темур даврида Мовароуннаҳр меъморчилигида илк бор иншоотларни ёнма-ён қуриш орқали “қўш” услубидаги меъморий мажмуалар (Бибихоним, Оқсарой, Амир Темур) тизими яратилганлиги, Темурийлар даврида илм-фанда эришилган ютуқлар асосида ушбу тизим такомиллаштирилиб, “майдонча” услуби (Регистондаги Мирзо Улуғбек мажмуаси) шакллантирилганлиги аниқланган;
Темурийлар даврида текис ҳудудларда тўртбурчак шаклдаги аниқ ўлчамли (асосан 750х750 м) “чорбоғ”лар бунёд этилиб, уларда енгил конструкцияли, сунъий ҳовуз ва фавворалари мавжуд бўлган очиқ айвонли кўшклар қурилганлиги, тоғ ёнбағирлари, довонларда “қўриқхона” шаклидаги ҳудуди чегараланмаган боғлар барпо этилганлиги, уларда юқоридагилардан ташқари ов қилиш, кўнгилочар ўйинлар ўйнаш  имкониятига эга яшил майдонлар яратилганлиги исботланган;
обидаларни безатишда ўрта аср меъморчилигига хос анъанавий ғиштин ва сангин рангсиз фондан сопол кошин ва парчинлар асосидаги рангли фонга (оқ, кўк, заргори, тилла ранглар) ўтилганлигига мамлакатнинг марказий шаҳарлари меъморчилигида тарихий-миллий анъаналар қўшни ҳудудлар меъморчилигига оид ўзига хосликлар билан уйғунлаштирилганлиги, Темурийлар даври илм-фанида эришилган ютуқлардан меъморчиликда кенг фойдаланилганлиги, бунга жадал кечган халқаро маданий алоқалар таъсири сабаб бўлгани далилланган;
иншоотларнинг меъморий безакларида аввалги даврларда қўлланилган инсон ва турли жонзотлар кўринишидаги ҳайкалтарошлик ва тасвирий санъат намуналаридан фарқли тарзда, ислимий, эпиграфик (куфий ва сулс хатларида), астрал (қуёш, ой, юлдузлар, фалак буржи) ҳамда қисман зооморф (қуш қаноти, шер, оҳу) безаклар биргаликда қўлланилганлиги далилланган;  
Амир Темур ва Темурийлар томонидан бунёд этилган иншоотлар ҳукмдорларнинг нафақат сиёсий куч-қудрати, балки ислом динига бўлган эътиборини намойиш этувчи восита сифати қўлланилганлиги, улар мусулмон  маданиятини тарқатиш ва тарғиб этишга хизмат қилувчи таълим муассасалари сифатида хизмат қилганлиги, кейинги даврлар меъморчилиги ривожига ижобий таъсир ўтказганлиги исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ўзбекистоннинг Амир Темур ва Темурийлар даври меъморий ёдгорликлари тарихи мавзуси бўйича ишлаб чиқилган илмий хулоса ва таклифлар асосида:
Амир Темур даврида Мовароуннаҳр меъморчилигида илк бор иншоотларни ёнма-ён қуриш орқали “қўш” услубидаги меъморий мажмуларни яратиш тизими йўлга қўйилганлиги, Темурийлар даврида эса ушбу анъана янада такомиллаштирилиб, қарама-қарши қурилган иншоотлар мажмуаси –  “майдонча” услуби  шакллантирилганлигига оид натижалардан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаментида сақланаётган меъморий мажмуаларидаги тегишли ёдгорликларнинг кадастр ҳужжатлари ҳамда архив паспортлари маълумотларини тўлдиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг 2020 йил 10 ноябрдаги 01-12-10-5008-сон маълумотномаси). Натижада тегишли тарихий-меъморий ёдгорликларнинг илмий-маълумотномалари бойитилган;
Темурийлар даврида текис ҳудудларда тўртбурчак шаклдаги аниқ ўлчамли (асосан 750х750 м) “чорбоғ”лар бунёд этилиб, уларда енгил конструкцияли, очиқ айвонли кўчма сарой ва кўшклар, уларнинг атрофида сунъий ҳовуз ва фавворалари мавжуд супалар барпо этилгани, тоғ ёнбағирлари, довонларда эса майдони чегараланмаган  “қўриқхона” шаклида боғларда кичик ҳажмли саройлардан ташқари, сарой аҳли учун ов қилиш, кўнгилочар ўйинлар ўйнаш  имконияти яратилганлигига оид натижалардан Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасида республикада тарихий-маданий туристик хизматларни ривожлантириш ҳамда туризм фаолиятини такомиллаштиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2020 йил 5 октябрдаги 02-16/4617-сон маълумотномаси). Натижаларнинг қўлланилиши республиканинг Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз, Қарши, Тошкент каби тарихий шаҳарларида ички ва ташқи маданий туризмни янада ривожлантиришга хизмат қилган;
Амир Темур даврида обидаларни безатишда ўрта аср меъморчилигига хос анъанавий ғиштин ва сангин рангсиз фондан сопол кошин ва парчинлар асосидаги рангли фонга (оқ, кўк, заргори, тилла ранглардан кенг миқёсда фойдаланишга) ўтилганлиги бўйича натижалардан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Темурийлар тарихи давлат музейи ва Халқаро Амир Темур хайрия  жамоат фондининг 2017–2018 йилларга мўлжалланган ФА-А-1-010. “Амир Темур энциклопедиясини тузиш ва нашрга тайёрлаш” номли  амалий лойиҳасининг бажарилишида  фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2021 йил 12 январдаги 3/1255-88-сон маълумотномаси). Мазкур материаллар “Амир Темур библиографияси” номли биринчи китобининг “Ўзбек тилидаги нашрлар” қисмини мазмунан бойитишга хизмат қилган;
давр иншоотларининг меъморий безакларида аввалги даврлардан фарқли ўлароқ, инсон ва турли жонзотлар кўринишидаги ҳайкалтарошлик ва ёки тасвирий санъат намуналари эмас, балки ислимий, эпиграфик (куфий ва сулс хатларида), астрал (қуёш, ой, юлдузлар, фалак буржи) ва қисман зооморф (қуш қаноти, шер, оҳу) безаклар биргаликда қўлланилганлиги  оид натижалардан  Ўзбекистон Миллий архиви (ЎзМА) фондлари доирасида сақланаётган республика ҳудудида жойлашган Амир Темур ва Темурийлар даври меъморий ёдгорликлари тарихига оид (И-17, Р-394, Р-1591, Р-2406, Р-2773, Р-2810, Р-2286) архив фондлари илмий маълумотномаларини бойитишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив агентлиги”нинг 2021 йил 24 июлдаги 01-26/992-сон маълумотномаси). Натижаларнинг қўлланиши ЎзМАнинг илмий фондларида сақланаётган Амир Темур ва Темурийлар даврига доир архив ҳужжатларининг тавсифи берилиши асосида архивдан фойдаланувчилар учун қулайликлар яратган;
Амир Темур ва Темурийлар томонидан бунёд этилган иншоотларнинг кўриниши, ҳажми ва безакларида ҳукмдорларнинг сиёсий куч-қудрати, хусусан, Ислом динига бўлган эътибори, мусулмон маданиятини кўргазмали тарзда тарғиб этишга қаратилган сиёсати акс эттирилганлигига доир натижалардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “O’zbekiston tarixi” телеканалининг “Мавзу” кўрсатуви сценарийларини тузиш ва тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон телеканали” давлат унитар корхонасининг 2020 йил 13 мартдаги 02-40-586-сон маълумотномаси). Натижаларнинг қўлланилиши Ўзбекистондаги Амир Темур ва Темурийлар даври меъморий ёдгорликлари ҳақидаги тасаввурларини кенгайтириш ҳамда ёш авлодни ватанпарварлик ва миллий қадриятларга ҳурмат билан ёндашиш руҳида тарбиялашга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish