Sayt test rejimida ishlamoqda

Рашидов Ойбек Расуловичнинг
фан доктори (DSc) диссертация иши ҳимояси ҳақида эълон


I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбекистон ҳудудида миллий зиёлилар ва большевикларнинг мафкура майдонидаги кураши (1917-1938 йй.)”, 07.00.01- Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2021.1.DSc/Tar189.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Бухоро давлат университети, PhD.03/27.02.2020.Таr.72.07.
Илмий маслаҳатчи: Ражабов Қаҳрамон Кенжаевич, тарих фанлари доктори, профессор.
Расмий оппонентлар: Ҳасанов Бахтиёр Вахапович, тарих фанлари доктори, профессор; Ҳайдаров Муродилла Маҳмудалиевич, тарих фанлари доктори (DSc), профессор; Абдуллаев Музробжон Ғуломович, тарих фанлари доктори (DSc), профессор.
Етакчи ташкилот: Қарши давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади 1917-1938 йилларда Ўзбекистон ҳудудида миллий зиёлилар ва большевиклар ўртасидаги мафкуравий курашнинг назарий асослари ҳамда мазмун-моҳиятини очиб беришдан иборат.
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ўзбек зиёлилари илгари сурган истиқлол мафкураси большевиклар томонидан буржуа, майда буржуа, либерал буржуа, идеалистик, клерикал (диний) каби меҳнаткаш халққа ёт ва душман ғоялар сифатида қораланиб келинганлиги ҳамда улар “ўз-ўзини танқид ниқоби остида яширинганлик”, “қизил партияни алдаганлик”, “ёлғон фактлар келтирганлик”, “аксилинқилобчи унсурлар тегирмонига сув қуйганлик”,  “оғмачилик” ва “гуруҳбозлик” каби сохта айблар билан айбланганликлари аниқланган;
миллий зиёлиларнинг “ўзига хослик ва сингармонизм – темир қонун назарияси” большевикларнинг “шаклан миллий, мазмунан социалистик маданият” тўғрисидаги қарашлари ва коммунистик партиянинг миллий сиёсати ҳамда “байналмилал ғоялари”га қарши мафкуравий курашганлиги исботланган;
большевиклар “синфий кураш” ғоясининг жамият ижтимоий-сиёсий, маънавий ва мафкуравий жараёнлардаги мувозанатнинг бузилишига таъсири ҳамда республика ва хориждаги муҳожир зиёлиларнинг миллий манфаатлар ва муштарак мақсадлар учун олиб борган курашлари “аксилинқилобий” ва “аксилшўровий” ҳаракат сифатида талқин қилинганлиги далилланган;
миллий зиёлилар пролетариат мафкурасига қарши истиқлол мафкурасини, большевизмга қарши туронизм ғоясини илгари сурганликлари ҳамда темурийлар давридаги улуғворликни тиклаш ва “Буюк Турон” давлатини қуриш йўлида барча кучларни бирлаштириш ва кадрлар ўстиришга жиддий эътибор қаратганликлари исботланган;
большевиклар капитализмни ағдариб ташлаш орқали ишчилар синфининг янги типини вужудга келтириш, партия сафларини жипслаштириш ва унинг бирлигини мустаҳкамлаш йўлида “совет зиёлиси”, яъни “қизил зиёли”ни яратиш учун курашганлиги ҳамда эркин фикрловчи миллий зиёлилар қатламини “эски зиёли”, “зиёнли” деб қатағон қилиши билан боғлиқ далиллар аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ўзбекистон ҳудудида миллий зиёлилар ва большевикларнинг мафкура майдонидаги кураши тарихига оид ишлаб чиқилган илмий хулосалар ва таклифлар асосида:
Туркистон ўлкасида пролетариат диктатурасига қарши миллий мухолифатнинг ғоявий кураши, “Туркистон бирлиги” ғояси ҳамда унинг большевиклар томонидан инкор этилиши, “аксилинқилобий” ва “аксилшўровий” деб номланган яширин ташкилотларнинг миллий мафкурани ҳимоя қилишдаги ўрнини аниқлашга оид илмий натижалардан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институтида 2012–2013 йилларда бажарилган ИФА-2012-1-4-сонли “Ўзбекистоннинг совет давридаги тарихи (1917–1991 йиллар). 2-жилд” мавзусидаги инновацион лойиҳа доирасида тайёрланган “Ўзбекистон тарихи” номли академик нашрда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2022 йил 4 февралдаги 3/1255-253-сон далолатномаси). Ушбу илмий натижалар ва хулосаларнинг қўлланилиши ўзбек зиёлиларининг ижодида миллий ва пролетариат мафкураси ўртасида курашнинг бориши ҳамда большевиклар “синфий кураш” ғоясининг совет жамияти ҳаётидаги аҳамиятини ўрганишга хизмат қилган;
миллий зиёлиларнинг “ўзига хослик ва сингармонизм – темир қонун назарияси” большевикларнинг шаклан миллий, мазмунан социалистик маданият тўғрисидаги қарашлари ва ҳамда ишчилар синфининг янги типини яратиш ҳамда партия сафларини жипслаштириш ва унинг бирлигини мустаҳкамлаш йўлида эркин фикрловчи зиёлиларнинг қатағон қилинишига оид илмий натижалардан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Қатағон қурбонлари хотираси” давлат музейи “30-йилларнинг бошларидаги сиёсий қатағонлар” мавзусидаги 6-бўлимнинг музей экспозициясини бойитишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Қатағон қурбонлари хотираси” давлат музейининг 2022 йил 28 апрелдаги 79-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг қўлланилиши музей фондини янги фактик материаллар, тарихий манбалар, даврий матбуот материаллари билан бойитишда хизмат қилган;
совет бошқаруви даврида ўзбек зиёлилари илгари сурган қарашлар буржуа, майда буржуа, либерал буржуа, идеалистик, клерикал (диний) каби меҳнаткаш халққа ёт ва душман ғоялар сифатида қораланиб келинганлиги ҳамда Бухоро Халқ Совет Республикаси даври тарихи бўйича Маданий мерос агентлиги тизимида фаолият юритаётган Бухоро давлат музей-қўриқхонасида “Файзулла Хўжаев ва миллий зиёлилар” мавзусидаги экспозицияларнинг шакллантирилишидаги илмий натижаларидан фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлигининг 2022 йил 21 апрелдаги 01-01/1061-сон маълумотномаси). Тақдим этилган илмий натижалар музей фондини ва соҳани янги маълумотлар билан тўлдиришда хизмат қилган;
давлат ва сиёсат арбоби Файзулла Хўжаевнинг миллий зиёлилар манфаатларини ҳимоя қилганлиги, уларга моддий ва маънавий кўмак берганлиги ҳамда маҳаллий кадрларни тайёрлаш борасидаги фаолияти билан боғлиқ илмий натижалардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “O’zbekiston tarixi” телеканали давлат муассасаси томонидан фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 2021 йил 14 декабрдаги 01-4/4-1867-сон маълумотномаси). Қўлланилган натижалар телетомошабинларга совет бошқаруви даврида миллий манфаатлар йўлида курашган давлат ва сиёсат арбоблари, кадрлар ҳамда зиёлиларнинг машаққатли ҳаёт йўлини илмий асосда ўрганишга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish