Sayt test rejimida ishlamoqda

Джалилова Зарнигор Баходировнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Инглиз ва ўзбек шеъриятида шахс сифатларининг фитонимлар воситасида поэтик ифодаланиш хосликлари», 10.00.06 - Қиёсий адабиётшунослик, чоғиштирма тилшунослик ва таржимашунослик (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.3.PhD/Fil980.
Илмий раҳбар: Ўраева Дармон Саидахмедовна, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Бухоро давлат университети, DSc.03/04.06.2021.Fil.72.03.
Расмий оппонентлар: Қаршибоева Улжан Давировна, филология фанлари доктори, доцент; Ахмедова Меҳринигор Баҳодировна, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.    
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади инглиз ва ўзбек шеъриятида шахс сифатларининг фитонимлар, хусусан, гуллар воситасида поэтик ифодаланишига хос типологик ҳамда специфик хусусиятларни лексик-семантик, функционал-услубий, лингвокультурологик аспектда очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
инглиз ва ўзбек тилидаги фитонимларнинг бионим ҳамда фитопоэтоним сифатидаги моҳияти, лексик-семантик, функционал-услубий, лингвокультурологик хусусиятлари тилда ва бадиий нутқда тарихий-фольклорий, ижтимоий-ҳаётий, этнолингвистик, лингвопоэтик каби лингвистик ҳамда экстралингвистик омиллар асосида вужудга келиши асосланган;
инглиз ва ўзбек тилларидаги шахс сифатларини ифодаловчи фитонимлар, унга дахлдор категорияларнинг лингвомаданий мазмун-моҳияти ҳамда номинацион, мотивацион, коммуникатив, когнитив-прагматик, лингвопоэтик хусусиятлари қиёсланаётган тилларда ядро ва периферияни ташкил қилувчи фреймларнинг рамзий-тимсолий образлари билан семантик уйғунлигини тавсифлашга хизмат қилиши аниқланган;
қиёсланаётган тиллар шеъриятида фитонимларни образлантириш бадиий-эстетик тажрибасининг анъанавийлиги, фитонимик образлар генезисидаги айрим муштаракликлар, турли рамзий-тимсолий маъноларида ассоциативлик касб этиши, гендерлик асосида воқеланиши, ҳар бир халқнинг тарихи ва маданияти билан боғлиқлиги исботланган;
инглиз ва ўзбек шеъриятида шахснинг ёши, ижобий ва салбий характер, гендер хусусиятлари, ижтимоий мавқеи кабиларнинг дарахт, ўсимлик, гуллар воситасида бадиий тасвирланиши, инсон образи, шахс ички ва ташқи гўзаллиги, олам ва одамга муносабати, руҳий кечинмаларининг асосан гуллар воситасида поэтик талқин қилиниши далилланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Инглиз ва ўзбек ижодкорлари асарларида фитонимларнинг поэтик хусусиятлари ҳамда вазифаларини аниқлаш жараёнида эришилган илмий натижалар асосида:
қиёсланаётган тиллар шеъриятида фитонимларни образлантириш бадиий-эстетик тажрибасининг анъанавийлиги, фитонимик образлар генезисидаги айрим муштаракликлар, семантик типлари, турли рамзий-тимсолий маъноларида ассоциативлик касб этиши, гендерлик асосида берилиши билан боғлиқ хулосалардан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтида бажарилган Ф1-ФА-0-43429, ФА-Ф1, ГОО2 рақамли “Қорақалпоқ фольклори ва адабиёти жанрларининг назарий масалаларини тадқиқ этиш” ҳамда ФА-Ф1-ОО5 рақамли “Қорақалпоқ фольклоршунослиги ва адабиётшунослигини тадқиқ этиш” мавзуларидаги фундаментал илмий лойиҳаларда белгиланган вазифаларни бажаришда фойдаланилган (Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтининг 2021 йил 26 октябрдаги 312/1-сон маълумотномаси). Натижада   ўзбек фольклоридаги гул ва ўсимликлар культига ишонч асосида пайдо бўлган анъанавий рамзий образлар генезисини очиш, улар асосида шахс хусусиятларини поэтик тасвирлашда шоирлар маҳоратини далиллаш доирасида эришилган хулосалар қорақалпоқ адабиётшунослигидаги ушбу масалаларни ҳам қиёсий ёритишга хизмат қилган;
инглиз ва ўзбек шеъриятида шахснинг ёши, ижобий ва салбий характер, гендер хусусиятлари, ижтимоий мавқеи кабиларнинг дарахт, ўсимлик, гуллар воситасида бадиий тасвирланиши, инсон образи, шахс ички ва ташқи гўзаллиги, олам ва одамга муносабати, руҳий кечинмалари борасидаги назарий маълумотлардан Бухоро давлат университетида 2018-2019 йилларда бажарилган АҚШнинг SUZ800-18-IN0049 рақамли “Китобхонлар клуби” (“Readers Club at the Department of the English Literature”) мавзуидаги хорижий лойиҳада белгиланган вазифаларни бажаришда фойдаланилган (Бухоро давлат университетининг 2021 йил 30 июндаги 05-01-0330-сон маълумотномаси). Натижада китобхонлар клуби фаолияти давомида диссертацияда келтирилган инглиз ва ўзбек шеърларидаги ўсимликлар, айниқса, гулларнинг шахс ташқи кўриниши, ҳис-туйғуларини тасвирлашда қўлланилишининг ўзига хос хусусиятларини қиёсий ўрганиш орқали уларнинг муштарак ҳамда фарқли жиҳатлари, уларда миллийликнинг ифодасини очиб бериш лойиҳа аъзоларининг китобхонликка қизиқишини ошириш имконини яратган;
инглиз ва ўзбек халқ оғзаки ижодида шаклланган ўсимликлар, хусусан, гуллар ҳақидаги эътиқодий қарашларнинг поэтик талқини, шу билан боғлиқ эстетик тажрибалар, анъанавий образ ва мотивларнинг ёзма адабиётга кўчирилиши, шахс ташқи кўриниши, ҳис-туйғулари тасвирида қўлланилиши, бунда ижодкорларнинг бадиий-услубий маҳорати ҳақидаги илмий хулосалардан Бухоро вилоят телерадиокомпаниясининг “Ассалом, Бухоро”, “Саккизинчи мўъжиза” кўрсатувлари сценарийларини тайёрлашда фойдаланилган (Бухоро вилояти телерадиокомпаниясининг 2021 йил 13 октябрдаги 1/263-сон маълумотномаси). Натижада ушбу телекўрсатувлар учун тайёрланган материалларнинг мазмуни мукамаллашувига, илмий далилларга бой бўлишига, кўрсатувнинг илмий-оммабоплиги таъминланишига, келтирилган таҳлиллар орқали телетомошабинларнинг билимини оширишга эришилган, шунингдек, фитонимларнинг лингвистик нуқтаи назардан тўғри ишлатилиши ҳамда  нутқ маданиятининг шаклланиши борасида тавсиялар шакллантирилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish