Sayt test rejimida ishlamoqda

Эшмуҳаматов Ахрор Шариповичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон


I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Жиззах воҳаси аҳолисининг чорвачилик билан боғлиқ урф-одат ва маросимлари”, 07.00.07 - Этнография, этнология ва антропология (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.1.PhD/Тar.662.
Илмий раҳбар: Дониёров Алишер Худайбердиевич, тарих фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат шарқшунослик университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Термиз давлат университети, PhD.03/30.12.2019.Тar.78.02.
Расмий оппонентлар: Турсунов Нурулло Нарзуллаевич, тарих фанлари доктори, доцент; Бабабеков Акбар Довурбоевич, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).
Етакчи ташкилот: Қарши давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Жиззax вoҳaси aҳoлиси чoрвaчилик хўжалигининг минтақага хос хусусиятлари, улар билaн бoғлиқ урф-oдaт вa мaрoсимлaрини тарихий-этнографик материаллар асосида очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Жиззах воҳасида анъанавий чорвачилик хўжалигининг қадимдан шаклланган меридионал, вертикал ва стационар тарзда кўчиш турлари шаклланганлиги натижасида яйлов чорвачилиги, ҳайдов ва қўра (оғил) яйлов усуллари ривожланиб, йиллар давомида ўз аҳамиятини йўқотмаганлиги далилланган;
чорвачилик билан боғлиқ бўлган чўпон солиш, ошолон, қўй чиқариш каби урф-одат ва анъаналар, чорва ёши, чорва йил ҳисоби каби халқ билими намуналари тобора йўқ бўлиб кетиш арафасида эканлиги, уни сақлаб қолишнинг ягона йўли минтақада экотуризм соҳасини ривожлантириш зарурлиги аниқланган;
аҳолининг чорва молларини (туйнак, овсил, қўтир, дамлаш касалликлари ва табиий дезинфекция ва қатолоқ) даволашда қўлланиладиган усуллари (гиёҳлар билан даволаш, дам чиқариш, куйдириш, қон олиш) билан боғлиқ кўп асрлик ҳаётий тажрибалари ва анъанавий усулларига асосланган халқ табабати наъмуналари аҳоли орасида бугунги кунгача сақланиб қолинганлиги далилланган;
Жиззах воҳаси чорвадорларининг турли таомларни тайёрлаш, сақлаш ва дастурхонга тортишда фойдаланиладиган мандир, қирмич (қирмоч), чуччи қатиқ (чучук), зардоб, айрон (чакки), қурут, аламли қоринмой, қуртова, кат думба, қозон патир, янчмич (жанчмич, жажмиш), сутли ўпка, сутли човоти, гилагай, қатрон, қағаноқ, қуртоба, ширкади, шунингдек “тол” товоқ, иркит, чаноч (саноч), гўшт халта ва бошқа ўзига хос этнолокал таомномаси ва идишлари йиллар давомида диний, ҳудудий ва касбий жиҳатлар таъсирида шаклланганлиги аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Жиззах воҳаси аҳолисининг чорвачилик билан боғлиқ урф-одат ва маросимлари бўйича ишлаб чиқилган илмий хулоса ва таклифлар асосида:
Жиззах воҳасида анъанавий чорвачилик хўжалигининг қадимдан шаклланганлигини, ҳайдов ва қўра (оғил) яйлов усуллари ривожланиб, йиллар давомида ўз аҳамиятини йўқотмаганлиги билан боғлиқ чорвачиликга оид урф-одат ва маросимлари ҳақидаги хулосалардан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “O‘zbekiston tarixi” телеканалининг бир катор кўрсатувлари, хусусан, “Тақдимот” ва “Этно” кўрсатувларининг бир неча сонлари сценарийсини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “O‘zbekiston tarixi” телерадиоканали давлат унитар корхонасининг 01-10-1807 ва 02-30-64-сон хати). Бу эса чорвачилик анъаналари, урф-одат ва маросимлари аҳолининг ўзига хос этномаданиятининг бир бўлаги эканлиги хусусидаги ғоялар, республикада чорвачилик соҳасини мустаҳкамлаш орқали сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан аҳолини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқишга хизмат қилган;
Жиззах воҳаси чорвачилиги, чорвачилик билан боғлиқ тарихий жой номлари, чорва орасида юқумли касалликлар тарқаганда кўриладиган чора-тадбирлар, чорвадорлар фойдаланган тақвимлар, заҳарли ҳашаротларга қарши қўлланилган даво усуллари, чорвадорларнинг маданиятини ўзбек халқи қадриятлари тўпламида тутган ўрни ҳақидаги хулосалардан, шунингдек асрлар давомида маҳаллий аҳоли қўллаб келган иборалар, мақоллар, достонлар, шерлар ва халқ айтушувлари намуналаридан Халқаро “Олтин мерос” жамғармасини ташкилий фаолиятида фойдаланилган (Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фондининг 01-12-05/04-22-сон маълумотномаси). Натижалар Жиззах воҳаси чорвачилигига оид тарихий-этнографик маълумотлар, келтирилган хулоса ва таклифлардан турли фестиваллар, халқ ижодиётига оид танловлар, номоддий мерос намуналарини ЮНЕСКО репрезентатив рўйхатига киритиш вақтида хизмат қилган;
аҳолининг чорва молларини (туйнак, овсил, қўтир, дамлаш касалликлари ва табиий дезинфекция ва қатолоқ) даволашда қўлланиладиган усуллари (гиёҳлар билан даволаш, дам чиқариш, куйдириш, қон олиш) билан боғлиқ кўп асрлик ҳаётий тажрибалари ва анъанавий усулларига асосланган халқ табабати наъмуналари аҳоли орасида бугунги кунгача сақланиб қолинганлиги далилланган, йилқичиликни ривожлантириш, уларни маҳаллий шароитлардан келиб чиқиб табиий йўллар билан кўпайтириш, отларда учрайдиган баъзи (туйнак, оёғига сув тушиши ва ем тушиши, нахуна, зарарли ҳашоратлардан тозалаш, табиий дезинфекция ҳк.лар) касалликларни халқ табобатига таяниб, даволаш усуллари таҳлил қилинган маълумотлардан Ўзбекистон Улоқ-кўпкари Федерациясининг ҳудудларга хос бўлган чорвачиликка оид назарий билимларни бойитиш ва оммалаштиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Улоқ-кўпкари Федерациясининг 12 май 2022 йилдаги 345-сон маълумотномаси). Бу эса кенг халқ оммасининг “Улоқ-кўпкари” ўйинларига бўлган қизиқишининг янада ошишига, миллий халқ ўйинларимизнинг жадал ривожлантирилишига, шунингдек, эгалланаётган зарурий билимларни ёш авлодга ворисийлик асосида етказилишига хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish