Sayt test rejimida ishlamoqda

Махмудова Фарангиз Музаффар қизининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон


I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Саид Аҳмад ҳажвий асраларида лисоний имкониятларнинг нутқий воқеланиши”, 10.00.01- Ўзбек тили (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.4.PhD/Fil1412.
Илмий раҳбар: Менглиев Бахтиёр Ражабович, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса: Қарши давлат  университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Қарши давлат университети, DSc.03/30.12.2021.Fil.70.01.
Расмий оппонентлар: Абузалова Меҳринисо Қaдировна, филология фанлари  доктори, профессор; Умурқулов Бекпўлат, филология фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот:  Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ҳажвий асарлар бадиийлигини таъминлаб берувчи лексик-морфологик бирликларни, ижодкорнинг тилдан фойдаланиш маҳорати, сўз танлаш ва қўллашдаги ўзига хосликлари, морфологик воситаларнинг ҳажвий асардаги аҳамияти, мустақил сўз туркумларининг иштирокини, лисоний воситаларнинг нутқий имкониятларини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:    
Саид Аҳмад комедияларида кўп маъноли сўзлар, иборалар, окказионал фраземалар, ўхшатишлар, халқ мақоллари, муболағалар, эркалаш воситалари, қўпол сўзлар, киноялар, чет тили сўзлари миқдоран кўп ва фаол қўлланувчи кулгу ҳосил қилиш воситалари эканлиги аниқланган;
морфологик бирликларнинг нутқда кўчма, образли, услубий маъноларни ифодалаши адресантнинг коммуникатив мақсади ва нутқий вазият билан узвий алоқадорлигида рўй бериши очиб берилган;
Саид Аҳмаднинг ҳажвий асарлари нутқида от сўз туркуми юморни таъминловчи восита сифатида от ўрнида варваризм элементларининг қўлланилиши, отларнинг луғавий шакллари услубий маъно ифодалаши, грамматик категорияларида услубий маънонинг мужассамлиги каби  хусусиятларни намоён этиши аниқланган;
адиб  ҳажвий асарлари матнида вой, оҳ, ия, ие, э, эҳ каби ҳис-ҳаяжон, ҳой, эй каби диққат қаратиш, чақириш маъносини ифодаловчи ундов сўзлар фаол иштирок этиб, нутқ таъсирчанлиги ва қайта ишланган нутқнинг табиийлигини, нутқнинг эмоционал-экспрессивлигини таъминлаши очиб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Саид Аҳмад ҳажвий асарларида лисоний имкониятларнинг нутқий воқеланиши бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Саид Аҳмад комедияларида юмор яратувчи воситаларнинг статистик таҳлилига асосан кўп маъноли сўзлар, иборалар, окказионал фраземалар, ўхшатишлар, халқ мақоллари, муболағалар, эркалаш воситалари, қўпол сўзлар, киноялар, чет тили сўзлари миқдоран кўп ва фаол қўлланувчи кулгу ҳосил қилиш воситалар эканлиги хусусидаги хулосаларидан профессор Бахтиёр Менглиев томонидан 5220100 - Филология ва тилларни ўқитиш (ўзбек тили) таълим йўналиши талабалари учун ёзилган 2018 йилда “Тафаккур бўстони” нашриётида нашр қилинган, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан дарслик сифатида тавсия этилган “Ҳозирги ўзбек тили” дарслигида фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2022 йил 7 майдаги 01/4-884-сон маълумотномаси). Натижада дарсликдаги “Тил, лисон, нутқ муносабати” деб номланган 2-параграфда тил ва нутқ, тил бирликларининг лисоний имкониятлари ва нутқий хусусиятлари, лексема ва сўз, морфема ва қўшимча муносабати, ясама сўзларнинг лексемалашуви хусусидаги таҳлил ва тавсифнинг далиллаш имконини берган;
Саид Аҳмад ҳажвий асарларида лисоний имкониятларнинг нутқий воқеланиши, матндаги ҳажвий маънонинг кўчиш ва ифодаланиш сабаб ҳамда омилларига оид таҳлил ва хулосасидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институти томонидан олиб борилган ФА-А1-Г003 “Ҳозирги Қарақалпоқ тилида функционал сўз ясалиши” мавзусидаги фундаментал лойиҳада белгиланган вазифаларни бажаришда фойдаланилган (ЎзР ФА Қорақалпоғистон бўлимининг 2021 йил 15 ноябрдаги 17.01/276-сон маълумотномаси). Натижада ҳажвий асарлар тилининг лисоний-нутқий хусусиятларини фарқлаш, лисоний бирликларнинг ҳажвий матндаги ўрни ва вазифасини аниқлаш, ҳажвий асарга, матн муаллифи маҳоратига холис муносабатни ифодалаш юзасидан кўникмани шакллантириш, тавсиялар яратиш имкони берган;
жамият тараққиётида тилнинг ўрни ва аҳамияти, ҳажвий асарларда тил бирликларининг ифода имкониятлари, умумхалқ сўзлашув тилининг ўзига хос лексик таркиби, ижодкорнинг уларни танлаш ва қўллаш билан боғлиқ тажрибаси, нутқ шароити ва вазияти билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган лисоний-нутқий маъно ва вазифалар бўйича амалга оширилган хулосаларидан Қашқадарё вилоят телерадиокомпанияси адабий-бадиий, маънавий-маърифий дастурлари сценарийсини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Қашқадарё вилоят телерадиокомпаниясининг 2022 йил 25 мартдаги 17-05/91-сон маълумотномаси). Натижада радиоэшиттиришлар орқали ҳажвий асарлар матни асосида ўзбек тили ва унинг луғат бойлиги, лисоний-нутқий маъно ва хусусиятлари, мулоқот жараёнидаги фикр ифодалаш билан боғлиқ имкониятлари юзасидан бериладиган маълумотларни бойитиш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish