Sayt test rejimida ishlamoqda

Сайидова Гулрух Ёқубовнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Алишер Навоий бадиий асарларидаги ўхшатишларнинг структурал-композицион, лингвопоэтик ва лингвокультурологик тадқиқи”, 10.00.01-Ўзбек тили (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2021.4.PhD/Fil2046.
Илмий раҳбар: Чориев Таваккал, филология фанлари номзоди, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса: Бухоро давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Қарши давлат университети, DSc.03/30.12.2021.Fil.70.01.
Расмий оппонентлар: Пардаев Азамат Бахромович, филология фанлари доктори, профессор; Ҳамраева Ҳулкар Ҳамидуллаевна, филология фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Урганч давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Алишер Навоий шеъриятидаги ўхшатишларнинг структурал-композицион тузилиши, лингвопоэтик ва лингвокультурологик хусусиятларини аниқлаш, бадиий-эстетик вазифасини асослаш, шоирнинг улардан фойдаланиш маҳоратини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ўхшатишлар ўзбек халқининг ижтимоий ҳаёти, маданияти, қадриятлари, оғзаки ва ёзма адабиётида муҳим аҳамиятга эгалиги, мумтоз адабиётда асосий тасвирий воситалардан бири бўлганлиги, образлиликни шакллантирувчи асос эканлиги, маънавий санъатлар тизимида энг муҳим бадиий санъат сифатида алоҳида ўрин тутиши ҳамда мазкур бадиий санъат Алишер Навоийнинг буюк хизматлари сабаб юксак даражада тараққий этганлиги унинг поэтик асарларидаги ташбиҳлар асосида далилланган;
Алишер Навоий шеърий асарларидаги ўхшатишларнинг структурал-композицион жиҳатларига кўра шоир назмий асарларида ўхшатишлар узвларининг иштирокига кўра икки турли, яъни тўлиқ ўхшатишлар ҳамда тўлиқсиз ўхшатишлар қўлланилганлиги, воситасиз (ўхшаган ва ўхшатилган узвлари мавжуд) ўхшатишлар, яъни А (ўхшаган) ҳамда Б (ўхшатилган) қурилмали ўхшатишлар бошқа структурали ўхшатишларга нисбатан кўпчиликни ташкил этиши аниқланган;
Алишер Навоий поэтик асарларида ўхшатишлар тизим сифатида шаклланганлиги, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маънавий, диний, адабий соҳалар билан алоқадор от туркумига оид сўзлардан ташкил топганлиги, инсон тана аъзолари ва унинг жисмоний хусусияти, ҳолати, ҳатти-ҳаракати кабилар билан боғлиқ бўлган ўхшатишлар нисбатан кўпчиликдан иборатлиги, шоир ўз даври учун янги ўхшатишлар яратиб, ташбиҳ бадиий санъатини юксак даражада ривожлантирганлиги, бу билан у жаҳон халқларининг бадиий-эстетик тафаккурини тараққий эттирганлиги очиб берилган;
ўхшатишларнинг тилда юзага келиш сабабияти, шаклланиш механизми, таркибий тузилиши, узвлари доирасидаги ўзаро муносабати, троплар тизимида кўчим ҳосил этиш мавқеи, бадиий матндаги ўрни, вазифаси ва аҳамияти аниқланиб, семантик моҳияти очиб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Алишер Навоий бадиий асарларидаги ўхшатишларнинг структурал, лингвопоэтик ва лингвокультурологик тадқиқи бўйича олинган илмий натижалар асосида:
бадиий асарлар тилининг лексик-семантик, лингвопоэтик ва лингвокультурологик таҳлиллари, ўхшатишлар ўзбек халқининг ижтимоий ҳаёти, маданияти, қадриятлари, оғзаки ва ёзма адабиётида муҳим аҳамиятга эгалиги, мумтоз адабиётда асосий тасвирий воситалардан бири бўлганлиги, образлиликни шакллантирувчи асос эканлиги, маънавий санъатлар тизимида энг муҳим бадиий санъат сифатида алоҳида ўрин тутиши ҳамда мазкур бадиий санъат Алишер Навоийнинг буюк хизматлари сабаб юксак даражада тараққий этганлиги унинг поэтик асарларидаги ташбиҳлар асосида далилланганлиги асосидаги хулосалардан «Ўзбек адабий тили тарихи» номли ўқув қўлланманинг «Алишер Навоий асарлари тилида лексик ва грамматик меъёрлар», «Муҳокаматул-луғатайн» асарининг ўзбек адабий тили тараққиётида тутган ўрни» каби мавзуларини ёритишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2021 йил 23 ноябрдаги 02\02\01-2215-сон маълумотномаси). Натижада ўқув қўлланманинг мазмуни ва сифатини мукаммаллаштиришга ҳамда янги мавзулар билан унинг кўламини бойишига эришилган;
Алишер Навоий поэтик асарлари тилидаги ўхшатишларнинг таркибий тузилишини аниқлаш, ташбиҳ бадиий санъатини воқелантиришдаги ўрни, вазифаси ва аҳмиятини кўрсатиш, шоирнинг бадиий матнда улардан фойдаланиш даражасини белгилаш ҳамда индивидуал маҳоратни очиб беришга доир хулоса ва фактик материаллардан «Ўзбек адабий тили тарихи» номли дарсликнинг “Эски ўзбек адабий тили манбалари ва уларнинг тил хусусиятлар”, “Алишер Навоий – ўзбек адабий тилини мумтозлик даражасига кўтарган сиймо” каби мавзуларини ёритишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2021 йил 23 ноябрдаги 02\02\01-2214-сон маълумотномаси). Натижада Алишер Навоийнинг ўзбек маданияти, адабий тили ва бадиий санъатлари тараққиётида тутган ўрнини белгилашга оид илмий фикрларни такомиллаштиришга ҳамда талаба-ёшларнинг бу борадаги назарий билимларини мукаммаллашишига хизмат қилган;
ўхшатишлар муайян жамиятнинг моддий ва маънавий маданияти ҳақидаги маълумотларни акс эттиради ва бутун халқ ҳамда унинг алоҳида шахслари дунёқараши ҳақида бой тасаввур беради. Бадиий матнни антропоцентрик аспектда тадқиқ этишда бадиий асарнинг мазмун-моҳияти, эстетик хусусиятлари унда ифодаланган ғоялар, муайян халқ ёки лисоний шахснинг менталитети билан бирга очиб берилади. Шоирнинг ўхшатишларни танлаши индивидуал бўлиб, уларни танлашда муаллифнинг ижтимоий келиб чиқиши, яшаган даври, маданиятни эгаллаганлик, таълим-тарбия ва билим даражаси, адабий муҳит кабилар муҳим ўрин тутганлиги ҳақидаги илмий хулосалардан Бухоро вилояти телерадиокомпаниясининг “Маданият ва маърифат”, «Муносабат», “Тил зийнати”, «Тилга эътибор – элга эътибор», «Долзарб мавзу» каби кўрсатув ҳамда радиоэшиттиришлар сценарийларини тайёрлашда фойдаланилган (Бухоро вилояти телерадиокомпаниясининг 2021 йил 24 июндаги 1/197-сон маълумотномаси). Натижада мазкур кўрсатув ва радиоэшиттиришларнинг илмий-оммабоплиги таъминлашга, мазмуни мукаммаллашувига, кўрсатувнинг илмий-оммабоплигини таъминлашга, мухлисларнинг Алишер Навоийнинг бадиий маҳорати, ташбиҳ бадиий санъати, унинг А.Навоий ижодида ўрни ҳақида янги маълумотларга эга бўлиш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish