Sayt test rejimida ishlamoqda

Рўзимов Санжарбек Комиловичнинг
фан доктори (DSc) диссертация ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Автомобиль гибрид юритмаси параметрлари ва бошқарув режимларини танлашнинг илмий асослари», 05.08.06 – Ғилдиракли ва гусеницали машиналар ва уларни ишлатиш (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.4.DSc/Т483
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат транспорт университети ҳузуридаги DSc.18/30.12.2019.T.09.01 рақамли Илмий кенгаш.
Илмий маслаҳатчи: Мухитдинов Акмал Анварович, техника фанлари доктори, профессор.
Расмий оппонентлар: Базаров Бахтиёр Имомович, техника фанлари доктори, профессор, Абдазимов Анвар Дониёрович, техника фанлари доктори, профессор, Файзибоев Шерзод Собирович, техника фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Фарғона политехника институти.
Диссертация йўналиши: Техника йўналиши. Назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади динамик талабларни ҳисобга олган ҳолда турли ҳаракат шароитлари учун энг мақбул ёнилғи самарадорликка эришиш имконини берувчи автомобиль гибрид юритмаси параметрлари ва бошқарув режимларини илмий асосланган танлаш услубини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: қуйидаги ишланмаларда ўз аксини топган:
гибрид юритмали автомобиль ва компонентлари парметрларини ҳамда иш режимларини математик моделлаш асосида меъёрий ҳаракат циклларидаги ёнилғи ва энергия сарфини аниқлаш усули ҳисоб модели ва алгоритмларини ишлаб чиқиш орқали такомиллаштирилган;
юқори ёнилғи самарадорликка эришиш учун автомобиль гибрид юритмасини бошқарув режимларини танлашнинг эквивалент ёнилғи сарфини минималлаштиришга асосланган услуби ишлаб чиқилган;
юқори ёнилғи самарадорликка эришиш учун автомобиль гибрид юритмаси компонентлари қувват кўрсаткичларини танлаш орқали юритма параметрларини танлаш услуби ишлаб чиқилган;
автомобиль гибрид юритмаси параметрлари ва бошқарув режимларини баҳолаш усуллари гибрид юритмали автомобиль ҳаракатининг имитацион модели ёрдамида такомиллаштирилган;
гибрид юритмали автомобиль имитацион моделининг ёнилғи ва энергия сарфлари ҳисоби ишончлилигини экспериментал баҳолаш услуби динамометрик стенд натижалари билан қиёслаш орқали асосланган;
гибрид юритмали автомобилларда ёнилғи-тежамкорлик хусусиятларини янада яхшилашни чекловчи асосий омилларни аниқлаш усули ҳаракат циклида энергия заҳирасини ҳисоблаш орқали ишлаб чиқилган.
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши: Автомобиль гибрид юритмаси параметрлари ва бошқарув режимларини танлашнинг илмий асосларини ишлаб чиқишда олинган натижаларга асосида:
«Ўзавтосаноат» АЖ ва унинг қошидаги “Research and Development Center” MCHJ илмий-конструкторлик марказида турли меъёрий циклларда автомобиль ҳаракатланиш жараёнида энергия сарфини ҳисоблаш методи ва дастури; Ёнилғи-тежамкорлик хусусиятини яхшилаш бўйича гибрид юритмали автомобиль параметрлари ва бошқарув режимларини танлаш методи (“Research and Development Center” MCHJ 19 ноябр 2021й. №054-2021 ва «Ўзавтосаноат» АЖ 22 ноябр 2021й. №19/04-25-2129 маълумотномалари) жорий этилди. Натижада, янги ишлаб чиқариладиган автомобиллар моделларини лойиҳалаш ёки танлашда уларнинг конструктив параметрлари ва бошқарув режимларини танлаш, бу автомобиль прототипини ишлаб чиқишдан олдин унинг энергия самарадорлигини баҳолаш ва муайян ҳаракат шароитларида ёнилғи сарфини аниқлаш имконини берган;
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги қошидаги «Ўзавтотранстехника» илмий марказида гибрид юритмали автомобилларнинг эксплутацион хусусиятларини аниқлаш бўйича ўтказиладиган синовларни, турли меъёрий циклларда эквивалент ёнилғи сарфини ҳисоблаш дастури билан алмаштириш жорий этилди («Ўзавтотранстехника» 19 ноябр 2021 й. №314 маълумотнома). Олинган натижаларни тадбиқ этиш орқали меҳнат сарфини 7 марта ва синов ўтказиш харажатларини 5 марта камайтиришга эришишни таъминлаш имконини берган;
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигида гибрид юритмали автомобиль энергия сарфини ҳисоблаш методи жорий этилди (Транспорт вазирлигининг 23 ноябр 2021 й. №2/7365 маълумотномаси). Ушбу дастурдан фойдаланиш маҳаллий ҳаракат шароитларида энг кам ёнилғи сарфига эга автомобиль моделларини танлаш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish