Sayt test rejimida ishlamoqda

Абдуллаева Дилафруз Суратиллаевнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи: “Замонавий араб ва ўзбек ҳикояларида бадиий психологизм (Ғада ас-Самман ва Зулфия Қуролбой қизи ҳикоялари мисолида)”, 10.00.06 – Қиёсий адабиётшунослик, чоғиштирма тилшунослик ва таржимашунослик (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.2.PhD/Fil297.
Илмий раҳбар: Маннонов Абдураҳим Муталович, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат шарқшунослик университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент давлат шарқшунослик университети, DSc.03/30.2019.Fil/Таr.21.01.
Расмий оппонентлар: Халлиева Гулноз Искандаровна, филология фанлари доктори, профессор; Муталова Гулнора Саттаровна, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент.
Етакчи ташкилот: ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади кичик эпик жанрларда икки муаллиф ижодида бадиий психологизм ҳамда психологик таҳлил, талқин, тасвир воситаларининг ифодаланиши, Шарқ жамияти ва бу муҳитнинг аёл руҳиятига таъсирини тасвирлаш маҳорати, шарқона миллий ва диний мотивларнинг ўрни, услубдаги поэтик муштаракликлар ва ўзига хосликлар каби масалаларни араб адибаси Ғада ас-Самман ва ўзбек адабаси Зулфия Қуролбой қизи ҳикоялари орқали очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
замонавий араб ва ўзбек ҳикоянавислигида бадиий психологизмнинг такомили ва тадрижи масаласи араб адибаси Ғада ас-Самман ва ўзбек адибаси Зулфия Қуролбой қизи психологик ҳикоялари асосида очиб берилган;
образ характерини ифодалаш, инсон руҳияти, унинг ички олами тасвирида Ғада ас-Самман ҳамда Зулфия Қуролбой қизининг ҳикояларида ички нутқ ва унинг турлари, психологик портрет, нутқий характеристика, галлюцинация, матндаги услуб, пауза воситаси, шахс “мен”ининг иккига бўлиниши каби психологик таҳлил воситаларининг услубий принциплари аниқланган;
Ғада ас-Самман ва Зулфия Қуролбой қизи ҳикояларида бадиий психологизм, муаллиф ҳамда Шарқ руҳиятининг ўзаро боғлиқлиги, қаҳрамон характери, ички дунё, ботиний ҳаёт категорияларини психологик талқин қилишда ёлғизлик, инсон қадри, бахтсиз муҳаббат каби мотивлараро ўхшашликлар мавжудлиги асосланган;
икки муаллиф ҳикояларида миллий-оилавий қадриятлар, аёл ва замон, аёл ва жамият каби муаммоларининг психологик воқеланиши ҳамда унинг тасвирланишида муаллифларнинг аёллар образини яратиш, унинг руҳиятини очиб беришдаги маҳорати далилланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Замонавий араб ва ўзбек ҳикояларида бадиий психологизм тадқиқоти бўйича ишлаб чиқилган услубий ва амалий таклифлар асосида: 
замонавий араб адабиёти ривожида Ғада ас-Самманнинг ўрни ва унинг психологик ҳикоялари бўйича олинган илмий-назарий натижалар Ф-1-139 сонли «Шарқ халқлари адабиёти тарихи ва жанрлар типологияси» мавзусидаги фундаментал тадқиқот лойиҳасида фойдаланилган (Тошкент давлат шарқшунослик университетининг 2022 йил 11 март санасидаги 01-04-01/477- сонли маълумотномаси). Илмий натижаларнинг қўлланилиши образ характерини очиб бериш, инсон руҳияти ва ички олами тасвирида Ғада ас-Самман ҳикояларида ички монолог ва унинг турлари, психологик портрет, нутқий характеристика, галлюцинация, матндаги услуб, пауза воситаси, шахс “мен”ининг бўлиниши каби психологик таҳлил воситаларининг услубий принциплари аниқлашга хизмат қилган;
замонавий араб адибаси Ғада ас-Самман ва ўзбек адибаси Зулфия Қуролбой қизи ҳикоянавислигида бадиий психологизм масаласининг қиёсий тадқиқи билан боғлиқ илмий назарий таҳлиллар илмий хулосалар ва таклиф-тавсиялардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “O‘zbekiston” телерадиоканали ДУК “Маданий-маърифий ва бадиий эшиттиришлар” муҳарририятининг “Таълим ва тараққиёт”, “Ўзбекистон ёшлари” номли дастурлари сценарийсида фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “O‘zbekiston” телерадиоканали телеканали” давлат унитар корхонаси 2022 йил 17 мартдаги 04-36-614-сон маълумотномаси);
Ғада ас-Самман ва ўзбек адибаси Зулфия Қуролбой қизи ҳикояларида бадиий психологизм, психологик тасвир воситалари, муаллиф ва Шарқ руҳиятининг ўзаро боғлиқлиги, қаҳрамон характери, ички дунё, ботиний ҳаёт категорияларини психологик талқин қилишда мотивлараро муштаракликлар билан боғлиқ илмий назарий таҳлиллар, илмий хулосалар ва таклиф-тавсиялардан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг илмий-адабий тадбирлари маъруза матнларида фойдаланилган (“Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси”нинг 2022 йил 4 мартдаги 01-03/386-сон маълумотномаси). Ҳозирги араб ва ўзбек ҳикоянавислигида бадиий психологизмни талқин этишда ички монолог ва унинг турлари, психологик портрет, нутқий характеристика, галлюцинация, матндаги услуб, пауза воситаси, шахс “мен”ининг бўлиниши каби психологик таҳлил воситаларининг услубий принциплари аниқланган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish