Sayt test rejimida ishlamoqda

Ўзбекистон Республикаси ОАК
Раёсатининг 2018 йил 6 январдаги
248/2-сон қарорири билан тасдиқланган


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси фаолияти бўйича маълумотларни олиш ТАРТИБИ
 
1. “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси (ОАК) фаолияти бўйича маълумотларни олиш тартиби” Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ишлаб чиқилган.
2. ОАК фаолияти бўйича маълумотларни олиш Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти-нинг очиқлиги тўғрисида”, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида тартибга солинади.
3. Мазкур тартиб ўрнатилган тартибда ОАК фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдаланиши ва ахборот олиш ҳуқуқининг кафолатларини таъминлаш; қабул қилинаётган қарорлар учун масъулиятни ошириш ҳамда белгиланган тартибда ахборотни тарқатиш учун хизмат қилади.
4. ОАК фаолияти очиқлиги қуйидаги принциплар асосида амалга оширилади: тақдим этиладиган ахборотдан ҳамманинг фойдаланиши мумкинлиги, унинг ўз вақтида берилиши ва ишончлилиги; фаолиятнинг ошкоралиги ва шаффофлиги; фаолият тўғрисидаги ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш эркинлиги; фаолият тўғрисида ахборот тақдим этишда фуқароларнинг ўз шаъни ва қадр-қимматини тажовузлардан, ўз шахсий ҳаётига аралашувлардан ҳимоя қилишга бўлган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, шунингдек фуқаролар ва юридик шахсларнинг ўз ишчанлик обрўсини ҳимоя қилишга бўлган ҳуқуқларига риоя этиш.
5. ОАК фаолияти тўғрисидаги ахборотлар жумласига қуйидагилар киради:
ОАКнинг таркибий бўлинмаларининг ҳуқуқий мақомини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар;
қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар, шунингдек уларнинг ижро этилишининг бориши тўғрисидаги маълумотлар;
қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ва бошқа ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек ушбу ҳужжатларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги маълумотлар;
ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва бошқа ҳужжатларнинг лойиҳалари тўғрисидаги маълумотлар;
давлат дастурлари ҳамда бошқа дастурларнинг амалга оширилиши тўғрисидаги маълумотлар;
ўтказиладиган оммавий тадбирлар (мажлислар, кенгашлар, учрашувлар, матбуот конференциялари, брифинглар, семинарлар, давра суҳбатлари ва бошқалар) тўғрисидаги маълумотлар;
давлат ҳокимияти ва бошқарувининг бошқа органлари, жисмоний ва юридик шахслар, шунингдек хорижий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлиги тўғрисидаги маълумотлар;
амалга оширилишида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари иштирок этаётган Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисидаги маълумотлар;
олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестацияси ҳолатини ва унинг ривожланиш суръатини тавсифловчи асосий кўрсаткичлар ҳақидаги маълумотлар;
ОАК томонидан ўтказиладиган (ташкил этиладиган) очиқ танловлар (тендерлар) ва кимошди савдолари тўғрисидаги маълумотлар;
бўш иш ўринлари, ишга қабул қилиш шартлари ва бўш иш ўринларини эгаллаш учун номзодларга қўйиладиган талаблар тўғрисидаги маълумотлар;
ОАК томонидан тузилган мувофиқлаштирувчи органлар тўғрисидаги маълумотлар;
ОАК Раёсати очиқ мажлисларини ўтказиш режалари, шу жумладан мажлисларнинг кун тартиби лойиҳалари, улар ўтказиладиган сана, жой ва вақт, мажлисларда ҳозир бўлиш тартиби;
қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа маълумотлар ҳам киритилиши мумкин;
ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотларни ўз вақтида эълон қилиш.
6. ОАК фаолияти бўйича фойдаланилиши чеклаб қўйилган ахборотлар қуйидагилардан иборат:
эксперт кенгашлари фаолияти ва аъзолари фаолияти тўғрисидаги хизмат ҳужжатлари;
апелляция комиссияси фаолияти ва аъзолари фаолияти тўғрисидаги хизмат ҳужжатлари;
ёпиқ аттестация ишлари ҳамда шунга мувофиқ тегишли тузилмалар фаолияти;
Тартиб-қоида комиссияси фаолияти тўғрисидаги хизмат ҳужжатлари;
ОАК аппарати ички хизмат ҳужжатлари;
ОАК Раёсати фаолияти ва аъзолари фаолияти тўғрисидаги хизмат ҳужжатлари;
илмий даражалар талабгори ва тасдиқланганларнинг аттестация ишига оид шахсий маълумотлари;
илмий унвонлар талабгори ва тасдиқланганларнинг аттестация ишига оид шахсий маълумотлари;
давлат сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар.
7. Ахборотдан фойдаланувчи ва унинг ҳуқуқлари ҳамда ОАК раҳбарларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасидаги ваколатлари қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
8. ОАК фаолиятининг очиқлигини таъминлаш усуллари қуйидагилардан иборат: ахборотни эълон қилиш (чоп этиш); ахборотни веб-сайтга жойлаштириш ва янгилаб бориш; ахборотни тегишли жойларга жойлаштириш ҳамда янгилаб бориш; ахборотни ахборот-кутубхона ва архив фондлари орқали тақдим этиш; ОАК Раёсати очиқ мажлисларида ахборотдан фойдаланувчиларнинг ҳозир бўлиши учун шароитлар яратиш; сўров асосида уларга ОАК фаолияти тўғрисида оғзаки ва ёзма шаклда (шу жумладан электрон ҳужжат шаклида) ахборот тақдим этиш.
ОАК фаолиятининг очиқлигини таъминлаш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа усуллар билан ҳам амалга оширилиши мумкин.
9.Оммавий ахборот воситалари вакилларининг ОАК фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдаланишини таъминлашда:
ўз фаолиятининг очиқлигини таъминлаш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакилларининг ОАК ҳузурида аккредитация қилинишини амалга оширади;
оммавий ахборот воситаларининг аккредитация қилинган вакилларини ўтказиладиган тадбирлар тўғрисида олдиндан хабардор қилади, уларга ўз касбига доир вазифаларини бажаришда кўмаклашади.
10. ОАК фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўров оғзаки ёки ёзма шаклда (шу жумладан электрон ҳужжат шаклида) бўлиши мумкин.
Сўров рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан кўпи билан ўн беш кунлик муддатда кўриб чиқилиши керак. Оммавий ахборот воситасининг ОАК фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир, шунингдек мансабдор шахсларнинг интервьюсини ташкил этиш тўғрисидаги сўрови кўпи билан етти кунлик муддатда кўриб чиқилади.
Агар ахборотдан фойдаланувчининг сўровини кўриб чиқиш ОАК ваколатларига кирмаса, сўров сўралаётган ахборотни тақдим этиш ваколатига киритилган органга рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан уч иш куни ичида юборилади, ахборотдан фойдаланувчи эса бу ҳақда хабардор қилинади.
11. ОАК фаолиятининг очиқлиги соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади ҳамда қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади. 

Юклаб олиш: OAK_faoliyat_tartib.pdf 

Yangiliklarga obuna bo‘lish