Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссияси томонидан “Мустақилликнинг 35 йиллиги – Янги Ўзбекистон ёшлари нигоҳида” шиори остида тасдиқланган тадбирлар режа-графиги асосида Тошкент давлат аграр университетида ёш тадқиқотчилар билан очиқ мулоқот ва учрашув ташкил этилди.
 
Тадбирда 2026 йил 26 майда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Янги авлод илмий кадрларини тайёрлаш ва уларни аттестация қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ–98-сонли Фармонининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида Олий аттестация комиссияси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи А.А.Шермухамедов батафсил маълумот берди. 
Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида илм-фан ва инновациялар соҳасининг ўрни тобора ортиб бораётганини алоҳида таъкидланди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш йўлида илм аҳли, олимлар ва тадқиқотчилар олдига улкан вазифалар қўйилгани, мазкур мақсадларга эришишда ёш олимларнинг фаол иштироки ҳал қилувчи аҳамиятга эга экани қайд этилди. Шунга кўра янги қабул қилинган Фармон асосида олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестацияси тизимини такомиллаштириш, илмий фаолиятни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар ва хотин-қизларни рағбатлантиришга қаратилган янги механизмлар амалиётга жорий этилаётгани таъкидланди. Учрашув иштирокчиларининг катта қизиқишига сабаб бўлган масалалардан бири сифатида Фармонда назарда тутилган “Лойиҳа доирасида илмий даража” ҳамда “Амалий докторантура (PhD)” дастурлари ҳақида алоҳида тақдимот ўтказилди. Унда мазкур янги тизимларнинг мақсади, уларнинг амалий аҳамияти, илмий даража бериш тартиб-тамойиллари, талабгорлар учун яратилаётган имкониятлар ҳамда илмий натижаларни ишлаб чиқариш ва амалиёт билан интеграция қилиш механизмлари юзасидан кенг тушунтиришлар берилди.
Тадбирда университетнинг 85 нафар илмий-педагогик жамоа аъзолари ҳамда 68 нафар ёш илмий тадқиқотчилар – докторантлар ва мустақил изланувчилар иштирок этди. Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан ўтказилиши анъанага айланган “Ёшлар куни” доирасидаги бундай мулоқотлар ёш авлоднинг Ватан тараққиёти ва мамлакат келажаги учун масъулият ҳиссини янада мустаҳкамлашга, уларни юрт равнақи йўлидаги эзгу мақсадлар атрофида бирлаштиришга хизмат қилмоқда. Бу каби учрашувлар ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг илм-фан, таълим ва инновациялар соҳасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
    
Очиқ ва самимий руҳда кечган мулоқот давомида ёш тадқиқотчилар ҳамда профессор-ўқитувчилар томонидан олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестацияси тизимига оид 15 та саволга мутахассислар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва янги тартиблар асосида батафсил жавоблар берилди.
   
Мазкур учрашув ёш тадқиқотчиларнинг илм-фан соҳасидаги фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқий ва методик билимларини мустаҳкамлаш, шунингдек, мамлакатимизда олиб борилаётган илмий сиёсатнинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этди.


Ахборот хизмати.

Yangiliklarga obuna bo‘lish