Тўраева Дилором Джуракуловнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Қудрат Ҳикматнинг бадиий маҳорати», 10.00.02–Ўзбек адабиёти (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.PhD/Fil38.
Илмий раҳбар: Баракаев Раҳматулла, филология фанлари номзоди.
Диссертация бажарилган муассаса номи: ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, DSc.27.06.2017.Fil.46.01.
Расмий оппонентлар: Куранов Дилмурат Хайдаралиевич, филология фанлари доктори, профессор; Турдиева Кавсар Шералиевна, филология фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади. Қудрат Ҳикмат шеъриятининг таснифини тузиш, поэтик хусусиятлари, халқ оғзаки ижоди билан боғлиқлик даражасини, ўзбек болалар адабиётида тутган ўрнини аниқлаш ва асарларининг бадиий-эстетик ҳамда маърифий-тарбиявий хусусиятларини ёритишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Қудрат Ҳикмат асарларининг мавзу кўлами, ёш китобхон маънавий камолотида лирик шеърларнинг бадиий-эстетик ва эртак-достонларнинг маърифий-тарбиявий аҳамияти асосланган;
шоир ижодида шакл ва мазмун уйғунлиги, сатрлари 4–5 ҳижодан иборат шеърларнинг ўзбек болалар адабиёти тараққиётида янги босқичдаги шеърий шакл сифатида тутган ўрни аниқланган;
Қ.Ҳикмат ижодидаги адабий анъана ва бадиий маҳорат муаммоси халқ оғзаки ижоди ва устоз-шоирлардан ижодий ўзлаштириш, халқ эртак, достон ва масаллари сюжети асосида қайта яратган адабий эртак ва достонларида намоён бўлиши асосланган;
жаҳон болалар адабиёти намуналаридан таржималарнинг шоир бадиий маҳорати шаклланишидаги ўрни исботланган;
пейзаж лирикасида табиат ҳодисалари бадиий образ даражасига олиб чиқилишида фольклорнинг турли жанрлари таъсири очиб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
ХХ аср иккинчи ярми ўзбек болалар адабиётининг йирик намояндаси Қудрат Ҳикмат ижодини ўрганиш, унинг ўзбек болалар адабиёти ривожланишида тутган ўрнини тадқиқ этиш жараёнида эришилган натижалар асосида:
шоир ижодининг ўзига хослиги, бадиий маҳорати, асарларининг маърифий-тарбиявий ва бадиий-эстетик хусусиятларига оид олинган илмий натижалардан 2007–2011 йилларда бажарилган ФА-Ф8 15 жилдли «Ўзбек фольклори ва адабиёти тарихи» фундаментал илмий тадқиқот лойиҳасининг болалар адабиёти қисмида ўзбек болалар фольклори ва адабиёти тарихининг маълум қисмини яратишда фойдаланилган (Фан ва технологиялар агентлигининг 2017 йил 9 октябрдаги ФТА-02-11/827-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг қўлланилиши ХХ асрнинг 50–60-йиллари ўзбек болалар обзорида ва “Қудрат Ҳикмат” персоналиясида ўз исботини топган;
Қудрат Ҳикмат ижодида адабий таъсир ва издошлик масалалари С.Маршак, С.Михалков, Г.Борян ижоди таъсирида яратган асарлари ҳамда унинг табиат лирикасига бағишланган шеърларининг А.С.Пушкин, Ф.И.Тютчев шеърлари билан қиёсий-типологик таҳлилининг илмий-назарий хулосаларидан фойдаланилган. Таҳлил натижаларида ўзбек болалар адабиётининг адабий таъсир контекстида ривожланиш хусусиятларини илмий далиллар билан асослаб бериш имконини яратган;
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси буюртмасига биноан тайёрланган 2 жилдлик «Ўзбек болалар адабиёти антологияси»да ХХ аср иккинчи ярми ўзбек болалар адабиёти тарихининг яхлит манзарасини яратиш ва Қудрат Ҳикмат адабий портретини тасвирлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг 2017 йил 17 ноябрдаги 01-03/1000-сон маълумотномаси). Илмий натижалар 2 жилдлик «Ўзбек болалар адабиёти антологияси» 1-жилди («Назм»)нинг (Тошкент, 2017) «Кириш» қисми ва «Қудрат Ҳикмат» персоналиясини яратишга хизмат қилган.