Sayt test rejimida ishlamoqda

Исаев Юсуп Тожимамтовичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Ширинмия (Glychyrrhiza glabra L.) илдизи асосида биологик фаол моддалар олиш ҳамда халқ табобатида қўлланилиши», 02.00.09 – Товарлар кимёси, 14.00.41 – Халқ табобати (кимё фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2022.2.DSc/K129.
Илмий маслаҳатчи: Асқаров Иброҳим Рахмонович, кимё фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Андижон давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Андижон давлат университети, DSc.03/29.10.2021.К.60.05.
Расмий оппонентлар: Гафуров Махмуджон Бакиевич, кимё фанлари доктори, профессор; Каримқулов Қурбонқул Мавлонқулович, техника фанлари доктори, профессор; Шамшидинов Исроилжон Тургунович, техника фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Фарғона давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: глицирризин кислотаси ва унинг моноаммонийли тузининг айрим мочевина ҳосилалари, амигдалин, аминофенол, бир қатор сульфаниламид препаратлар билан янги молекуляр комплексларини олиш, уларнинг таркиби, тузилиши, биологик фаоллигини аниқлаш ҳамда ТИФ ТН бўйича код рақамлари ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор глицирризин кислотаси ва унинг моноаммонийли тузининг мочевина унинг айрим ҳосилалари асосида янги биологик фаол бирикмалар олинган;
илк бор глицирризин кислотаси ва унинг моноаммонийли тузининг норсульфазол, сульфазин, сульфасалазин, сульфапиридазин ва сульфа-метоксазол билан молекуляр комплекслари олинган;
олинган бирикмаларнинг тузилиши ва таркиби УБ-, ИҚ-спектроскопия, масс-спектрометрия ва изомоляр сериялар методлари ёрдамида аниқланган ҳамда мумкин бўлган структура формулалари исботланган;
олинган комплекс бирикмалар компонентлари ўртасидаги молекулалараро таъсирлашув табиати таҳлили амалга оширилган, комплексларнинг барқарорлик константалари ва комплекс ҳосил бўлиш жараёнининг Гиббс энергиясини камайиши қийматлари ҳисоблаб топилган; 
олинган бирикмаларнинг биологик фаоллиги уларни антиоксидант фаоллигини, буғдой ва чигитнинг униб чиқишига ижобий таъсирини, айрим патоген бактериялар ва замбуруғларларнинг кўпайишини тўхтатишини аниқлаш билан исботланган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Ширинмия илдизи ва глицирризин кислотаси асосида янги биологик фаол моддалар олиш ҳамда уларни кимёвий таркиби асосида синфлаш бўйича олинган илмий натижалар асосида: 
глицирризин кислотасининг моноаммонийли тузи ва мочевина асосида олинган ғўза чигитини униб чиқишига таъсир этувчи биостимуляторни қўллаш технологияси Андижон вилоятида жами 242 гектар буғдой майдонларига (2018-2020 йй.) жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2022 йил 14 майдаги 07/35-04/3013-сон; Андижон вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармасининг 2022 йил 26 июлдаги 01/11-922-сон маълумотномалари). Натижада, биостимулятор билан ишлов берилган майдонларнинг ҳар гектаридан 7 ц гача қўшимча ҳосил олиш имконини берган;
таркибида ширинмия илдизи экстракти бўлган FERRAKON BABY озиқ-овқат қўшилмаси кимёвий таркиби асосида синфланиб, ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатураси бўйича 1212 99 950 1 товар коди ишлаб чиқилган ва давлат божхона амалиётига қабул қилинган (Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг 2022 йил 11 майдаги 16/05-22-0234-сон маълумотномаси). Натижада, таркибида ширинмия илдизи экстракти сақловчи биологик фаол озиқ-овқат қўшилмаларини кимёвий таркиби бўйича синфлаш имконини берган;
таркибида ширинмия илдизи бўлган “FERRAKON BABY” озиқ-овқат қўшилмаси учун Ўзбекистон Республикаси Миллий сертификатлаш тизими томонидан мувофиқлик сертификати берилган (UZ.SMT.01.0007.66806862, 27.07.2021 й., Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 360006-сон хулосаси). Натижада, Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги “VITABIOTIK” ХК да FERRAKON BABY биологик фаол озиқ-овқат қўшилмасини ишлаб чиқариш имконини берган. 

Yangiliklarga obuna bo‘lish