Sayt test rejimida ishlamoqda

Каюмов Абдурахмон Абдумавляновичнинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Гемобластозларда вирусли инфекциялар ривожланишида айрим омиллар аҳамиятининг интегратив баҳолаш», 14.00.29–Гематология ва трансфузиология (тиббиёт фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.DSc/Tib113.

Илмий маслаҳатчи: Каримов Хамид Якубович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент тиббиёт академияси, DSc.27.06.2017.Tib.30.02.

Расмий оппонентлар: Баховадинов Бурхонидин Баховадинович, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Даминов Турғунпўлат Обидович, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Солиев Қодир Каримович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.

Етакчи ташкилот: Россия Гематология ва трансфузиология илмий-текшириш институти (Россия Федерацияси).

Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: онкогематологик касалликларда айрим вируслар ривожланишини ҳар томонлама ташхислаш ва прогноз омилларини такомиллаштиришдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

илк бор минтақа шароитида миелолейкоз ва лимфолейкозларда герпес, цитомегаловирус ва Эпштейн-Барр вирусларининг учраши даражаси аниқланиб, лимфолейкозларда Эпштейн-Барр вируси, миелолейкозларда герпес вируси кўплиги асосланган;

герпес, цитомегаловирус ва Эпштейн-Барр вируслари репликациясида лейкоцитларнинг ДНКга боғланиши оқибатида мутант клонлар пайдо бўлиши орқали лейкогенезда хавф омилларидан бири эканлиги исботланган;

илк бор ўзбек популяциясида ҳужайравий ва гуморал иммун жавобда иштирок этувчи цитокинларнинг бир нуқтали полиморфизм шаклларининг лейкоз ва вирусли инфекциялар ривожланишидаги аҳамияти исботланган;

IFN-γ, TNFα цитокинлари полиморфизмининг мутант шакллари лейкоз касаллигини келтириб чиқариш эҳтимоли юқори эканлиги исботланган;

цитокинларнинг мутацияли шакллари аниқланган беморларда герпевируслар чақирган инфекцион асоратларини янада оғир ўтиши исботланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Гемобластозларда вирусли инфекциялар ривожланишининг айрим омиллари аҳамиятини интегратив баҳолаш бўйича олинган натижалар асосида:

«Сурункали миелолейкоз касаллигини инфекцион асоратларини вирусларга қарши воситалар ёрдамида даво самарадорлигини ошириш» мавзусида услубий қўлланма яратилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2016 йил 6 октябрдаги 8Н-р/139-сон маълумотномаси). Мазкур услубий қўлланма сурункали миелолейкозларни даволашда вирусларга қарши дори воситаларининг аҳамиятини исботлаш ва профилактик чора-тадбирларини ишлаб чиқиш имконини берган;

«Лимфома касаллигида юқори технологик гемопоэтик ўзак ҳужайралари даволаш усулини татбиқ қилиш» услубий қўлланмаси чоп этилган ва Гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институти клиникасида жорий қилинган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2016 йил 6 октябрдаги 8Н-р/141-сон маълумотномаси). Мазкур услубий қўлланма гемопоэтик ўзак ҳужайраларни даволашда юқори технологик усуллар ёрдамида ташхислаш ва  самарали даволаш имконини берган;

«Миелома касаллигини юқори технологик усуллар билан ташхислаш ва гемопоэтик ўзак ҳужайралари билан даволаш» номли услубий қўлланма чоп этилган ҳамда Гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институти клиникасида жорий  қилинган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2016 йил 6 октябрдаги 8Н-р/140-сон маълумотномаси). Мазкур услубий қўлланма сурункали миелолейкозли беморларда вирусларга қарши воситаларни комплекс даво билан биргаликда қўлланилиши, беморларда инфекцион асоратлари камайиб, давони амбулатор шароитларда олиб бориш имконини берган;

гемобластозларда вирусли инфекциялар ривожланишининг айрим омиллари аҳамиятини интегратив баҳолаш бўйича олинган илмий натижалар соғлиқни сақлаш амалиётига, жумладан, Гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институти  лабораторияси  ва клиник амалиётига жорий қилинган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2016 йил 12 декабрдаги 8Н-д/77-сон маълумотномаси). Олинган илмий натижаларнинг амалиётга жорий қилиниши сурункали ва ўткир лейкозли беморларда вирусли инфекцияларнинг йўқолишига, шифохонада даволаниш давомийлигини камайишига, касаллик асоратларини камайтиришга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish