Sayt test rejimida ishlamoqda

Тўйчиева Раъно Алмаматовнанинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Жанубий Осиё минтақавий хавфсизлигини таъминлашда Ҳиндистоннинг иштироки механизмлари», 23.00.02 – Сиёсий институтлар, жараёнлар ва технологиялар (сиёсий фанлар). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.3.PhD/Ss243.
Илмий раҳбар: Жўраев Нарзулла Қосимович, сиёсий фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат шарқшунослик университети, PhD/03/30.12.2021Ss/Tar.21.02. 
Расмий оппонентлар Касымова Назокат Анваровна, сиёсий фанлар доктори, профессор; Жалилов Актам Ташназарович, сиёсий фанлар доктори, профессор. 
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон миллий университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Жанубий Осиё минтақавий хавфсизлигини таъминлашда Ҳиндистоннинг иштироки механизмларини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Ҳиндистон томонидан илгари сурилаётган минтақавий хавфсизлик кенгашини тузиш ва «Сабка саатҳ-сабка викас-сабка вишвас» («Ҳамма қўллайди-ҳамма ривожланади-ҳамма ишонади») дастурини фаоллаштириш каби сиёсий ташаббуслари зарурият ва пропорционаллик хусусиятларига кўра Жанубий Осиёда давлатлараро ва конфессиялараро зиддиятларнинг олдини олишда интеллектуал, инновацион ва мотивацион индикатор эканлиги исботланган;
Ҳиндистоннинг ўз хавфсизлик тизимини барқарорлаштириш борасидаги стратегик ёндашуви уч босқичда: дастлабки формацион (ички ва ташқи), цивилизацион (миллий, минтақавий ва глобал хавфсизлик даражаларини баҳолаш) ҳамда модернизацион (миллий, минтақавий, кенг минтақавий ва глобал даражада) кўринишларда ривожланаётгани асосланган;
Ҳиндистоннинг хавфсизлик тизимига хос қонунчилик асосларини модернизациялаш, ёшларни мавжуд хавф-хатар омилларидан ҳимоялаш ҳамда жамиятда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ижтимоий шериклик, ижтимоий назорат функцияларини самарали жорий этишида ички ва ташқи таҳдид омилларига қарши «Кооператив хавфсизлик» концепцияси (ҳарбийлашмаган, ҳамкорлик, мулоқот ва ўзаро ишонч) га таяниши далилланган;
Ҳиндистоннинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий барқарорликни таъминлаш ва аҳолининг турмуш даражасини мунтазам ошириб бориш йўлидаги «Хавфсиз макон» превентив сиёсати концептуал асосига кўра минтақа давлатларининг мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги миллий стратегияларини мувофиқлаштиришда конструктив ва деструктив таъсир кўрсатаётган омил эканлиги очиб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Жанубий Осиёда минтақавий хавфсизлик муаммоларини ҳал этишда Ҳиндистон Республикасининг ролини ўрганиш бўйича олинган натижалар, назарий ва амалий хулоса, тавсия ва ишланмалар асосида:
Ҳиндистоннинг минтақавий хавфсизлик кенгашини тузиш, «Сабка саатҳ-сабка викас-сабка вишвас» («Ҳамма қўллайди-ҳамма ривожланади-ҳамма ишонади») дастурини фаоллаштириш ва иқтисодий-сиёсий интеграциялашув борасидаги сиёсий ташаббуслари бўйича илгари сурилган илмий ва амалий таклифлардан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг 2021 йил 21 августдаги 1302–IV сон  Қарори билан тасдиқланган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан баён этилган ғоялар ва ташаббусларни илгари суриш бўйича «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасининг 2021 йил 29 сентябрдаги 10/1-07-48-сон маълумотномаси). Натижада, илмий ишланманинг амалиётга татбиқ этилиши конференция материалларини бойитишда муҳим асос бўлиб хизмат қилган;
Ҳиндистоннинг миллий хавфсизлик тизимини барқарорлаштириш борасидаги стратегик ёндашуви уч босқич – формацион, цивилизацион ҳамда модернизацион шаклланиб ривожланаётгани билан боғлиқ хулоса ва таклифлардан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон либерал демократик партияси Дастурининг V бўлимидаги «Партиянинг хавфсизлик, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш соҳасидаги вазифалари»да белгиланган «Кучли армия – хавфсизлик ва барқарорлик, халқимизнинг фаровон ҳаётининг кафолатидир» ҳамда «Динамик ва конструктив ташқи сиёсат» йўналишларини шакллантиришда қўлланилган (Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон либерал демократик партияси Сиёсий кенгаш ижроия қўмитасининг 2021 йил 29 сентябрдаги 01-27/732-сон маълумотномаси). Натижада, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон либерал демократик партияси Дастурининг соҳага доир йўналишларини шакллантиришда хизмат қилган;
Ҳиндистоннинг бугунги кунда Жанубий Осиё минтақасида олиб бораётган сиёсатини ҳар томонлама ўрганиш ва бундан керакли илмий хулосалар чиқариш лозимлиги нуқтаи назаридан, мазкур диссертация доирасида ишлаб чиқилган хулоса ва таклифлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтининг илмий ва амалий фаолиятида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтининг 2021 йил 23 декабрдаги 05-5/1480-сон маълумотномаси). Натижада, институтнинг ахборот-аналитик материалларини тайёрлашда хизмат қилган;
Ҳиндистоннинг хавфсизлик тизимига хос қонунчилик асосларини модернизациялаш, ёшларни мавжуд хавф-хатар омилларидан ҳимоялаш ҳамда жамиятда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ижтимоий шериклик, ижтимоий назорат функцияларини самарали жорий этишида «Кооператив хавфсизлик» концепцияси (ҳарбийлашмаган, ҳамкорлик, мулоқот ва ўзаро ишонч) га таяниши билан боғлиқ таҳлиллар ва хулосалардан 2021 йилнинг феврал ойидан Ҳиндистон Элчихонаси Лаъл Баҳадур Шастри номидаги Ҳиндистон маданият марказида амалга оширилишни бошлаган «India: Studies in Arts, Sciences and Social Sciences» лойиҳасида фойдаланилган (Ҳиндистон Элчихонаси Лаъл Баҳадур Шастри номидаги Ҳиндистон маданият марказининг 2021 йил 18 ноябрдаги 08-25/12-сон маълумотномаси). Натижада, талабаларнинг билим ва кўникмаларини янада бойитиш учун ташкил этилган маърузалар мазкур лойиҳа ишини яхшилаш ва ривожлантиришга хизмат қилган;
Ҳиндистоннинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий барқарорликни таъминлаш ва аҳолининг турмуш даражасини мунтазам ошириб бориш йўлидаги «Хавфсиз макон» превентив сиёсати хусусидаги хулосалардан Марказий Осиё хавфсизлигига таҳдид ва хавфларни самарали бартараф этиш бўйича ечимларни таклиф қилиш билан боғлиқ таҳлилий ҳужжатларини тайёрлашда фойдаланилган (Марказий Осиё халқаро институтининг 2022 йил 7 февралдаги 02/75-сон маълумотномаси). Натижада, Марказий Осиё халқаро институтининг минтақа давлатлари ўртасида ҳамкорликни кенгайтиришнинг стратегик дастурларини ишлаб чиқишга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish